ТОШКЕНТ, 11 фев - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 февраль куни коррупцияга қарши курашиш ҳамда жамоатчилик назорати тизимларини такомиллаштириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.
Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида коррупция оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди. Йиғилишда ушбу янги тузилмани ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди, дейилади хабарда.
Коррупция иқтисодиёт ривожи, чинакам қулай тадбиркорлик ва инвестиция муҳити учун энг асосий тўсиқлардан биридир. Таҳлилларга кўра, бу иллат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 2,6 триллион доллар зарар келтиради.
Transparency International халқаро нодавлат ташкилоти томонидан юритиладиган "Коррупцияни тасаввур қилиш 2019" индексида Ўзбекистон 25 балл билан 5 поғонага юқорилаган ва 153 ўринни эгаллаган эди.
Ўзбекистонликлар фикрича, коррупция энг кўп тарқалган соҳалар бу: соғлиқни сақлаш, таълим, банк, божхона, суд, прокуратура, ички ишлар, коммунал хизмат соҳаларида, шунингдек, фуқароларни ишга қабул қилиш ҳисобланади.
Таъкидланишича, коррупцияга қарши курашишнинг энг асосий йўли давлат органлари фаолияти ва иш жараёнларини шаффоф қилишдир. Бунда энг асосий эътиборни ишга олиш, давлат харидлари, рухсатнома ва лицензиялар бериш каби жараёнларда очиқ-ошкораликни таъминлашга қаратиш лозим.
Адлия вазирлиги ва Бош прокуратурага Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда вазирлик, компания ва ҳокимликларда ички коррупцияга қарши чораларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи "комплаенс назорат" тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.
Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, давлат хизматчилари мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизиминининг барча ташкилий-ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, амалиётга киритиш шартлиги таъкидланган.
Мутасаддиларга хорижий тажриба асосида коррупцияга қарши курашиш бўйича тузилмани ташкил этишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилган. Мазкур тузилма нафақат бу борада давлат сиёсатини амалга ошириши ва мувофиқлаштириши, балки коррупцияга қарши курашишда барча куч ва воситаларга эга бўлиши кераклиги кўрсатиб ўтилган.
ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Аброрхўжа Турдалиев Марказий банки раисининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Турдалиев зиммасига кредит ташкилотлари пруденциал назорати, кредит ташкилотларида молиявий мониторингни мувофиқлаштириш ва валюта назорати, кредит ташкилотларини инспекция қилиш йўналишларини мувофиқлаштириб бориш вазифаси юклатилди.
У 1979 йил Тошкент вилоятида туғилган. 2000 йили Тошкент молия институтини, 2013 йили Банк-молия академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2000 йилда мамлакат Марказий банкида етакчи иқтисодчиликдан бошлаб, бош иқтисодчи, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи, департамент директори ўринбосари каби лавозимларда фаолият юритган.
Лавозимга тайинлангунга қадар эса, у Марказий банкнинг Кредит ташкилотлари пруденциал назорати департаменти директори бўлиб ишлаб келаётганди.
ТОШКЕНТ, 25 янв — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2021 йил 5 февралда Олмаотада бўлиб ўтади, деб хабар қилди Sputnik Қозоғистон мамлакат ташқи ишлар вазирлигига асосан.
Йиғилишда Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ҳукумат раҳбарлари ва Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси иштирок этади.
Бундан ташқари, тадбирда ЕОИИда кузатувчи-давлатлар - Молдова, Ўзбекистон ва Куба иштирок этиши кутилмоқда.
Йиғилишлар тор ва кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтади. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, ички бозор фаолиятидаги тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек иқтисодиётнинг айрим тармоқларида интеграцион салоҳиятни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб йиғилишда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномадан келиб чиқиб, 2021 йилда ЕОИИ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш, Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи мақомида ушбу миинтақавий тузилманинг кенг имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш йўлларини қидириш Қонунчилик палатасида тузилган мазкур ишчи гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди.
Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олганлиги ҳамда ушбу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиши учун ҳамкорликнинг ҳуқуқий тартибга солиш механизмларини чуқур ўрганиш, миллий техник тартибга солиш меъёрларини ЕОИИ талабларига мослаштириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлашди. ЕОИИ билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ишларини самарали ташкил этиш мақсадида 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, тасдиқланди.
ТОШКЕНТ, 26 янв - Sputnik. Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган "Тахтақорача" довонида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўқув машқлари бўлиб ўтди.
"ФВДТ ҳудудий ва функционал қуйи бўғинлари хизматларининг табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ҳамкорликдаги ҳаракатлари" мавзусида махсус-тактик ўқув машқи бўлиб ўтди.
Ўқув машқи 4 босқичда ўтказилди:
Маълумот учун ўтган дам олиш кунлари арафасида Тахтақорача довонида қалин қор (20-30 см) ёққан эди. Шу сабабли юқорида қайд этилган ўқув машғулотлари аслига яқин мураккаб шароитларда бўлиб ўтди.