ТОШКЕНТ, 25 апр - Sputnik. Владимир Путин Иккинчи жаҳон уруши тугаган санани 3 сентябрга кўчириш ҳақидаги қонунни имзолади, деб хабар беради РИА Новости.
Бунга қадар Ҳарбий шон-шараф куни 2 сентябрда нишонланган.
Ҳужжат муаллифлари Давлат думаси депутатлари Владимир Шаманов, Георгий Карлов ва сенаторлар Григорий Карасин ҳамда Михаил Козлов эканлиги айтилмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, қонун Иккинчи жаҳон уруши ғолибларига нисбатан тарихий адолатни сақлаб қолган. Бундан ташқари, ушбу ҳужжат ҳалок бўлганлар хотирасини муносиб тарзда абадийлаштиришга қаратилган.
1945 йилда СССР Олий Кенгаши 3 сентябрни Япония устидан қозонилган ғалаба куни сифатида эълон қилган. Худди шу сана жанг иштирокчилари тақдирланган "Япония устидан қозонилган ғалаба учун" медалининг орқа томонида кўрсатилган. Аммо, икки йил ўтиб ушбу кун иш куни сифатида эълон қилинган, вақт ўтиб эса, ушбу байрам хотиралардан кўтарилган.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда республика ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Учрашув чоғида Камилов мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия томонини жорий йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилган мактубини топширган.
Таъкидланишича, ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа томонларни қизиқтирган соҳалардаги Ўзбекистон – Россия муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилинган.
Илгари эришилган келишувларнинг ижро жараёни ҳамда бўлажак олий ва юқори даражалардаги тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
“Томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан фикр алмашдилар”, - дейилган хабарда.
Вазирлар БМТ, МДҲ, ШҲТ ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг турли жиҳатлари борасида ҳам сўз юритди.
Афғонистондаги бугунги вазият, инклюзив афғонлараро музокараларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва Афғонистон иштирокида транспорт-коммуникасия лойиҳаларини амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳукумат Россия махсус комиссиясига мунтазам парвозларни қайта тиклашни таклиф қилиб, мурожаат йўллаганини маълум қилган эди. У жорий йил март-апрель ойида бирор бир ижобий жавоб бўлишига умид билдирилаётганини таъкидлаган эди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Сума Чакрабартини қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Учрашувда маслаҳатчи Чакрабартининг Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларнинг узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиясини тайёрлаш, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, мамлакатнинг хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли муносабатларини кенгайтириш борасидаги таклиф ва тавсиялари кўриб чиқилди.
Мирзиёев “йўл харитаси” ва устувор йўналишлар бўйича бошқа муҳим концептуал ҳужжатларни биргаликда пухта тайёрлашни давом эттириш ва кейинчалик уларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.
Инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, давлат улуши мавжуд корхоналарни трансформация қилиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) собиқ раҳбари Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий тараққиёт, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган эди.
ТОШКЕНТ, 2 мар — Sputnik. “Ҳарбий хизмат ўтаган, ички ишлар ва божхона идораларида хизмат ўтаган шахслар ҳамда уларнинг оила аъзоларини давлат пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси тайёрланди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишдан кўзланган мақсадлар:
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва собиқ Совет Социалистик Республикалар Иттифоқининг қонун ҳужжатларига мувофиқ яратилган бошқа ҳарбий тузилмаларда ҳарбий хизмат ўтаган бўлиб, собиқ Иттифоқ таркибига кирган, бироқ Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлмаган давлатлар ҳудудида истиқомат қилаётган шахслар ҳамда ушбу шахслар оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш (агар зикр этилган шахсларнинг пенсия таъминоти, мулоҳаза юритилаётган давлатларнинг ҳарбий хизмат (хизмат) ўтаган шахслар ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлашга оид қонун ҳужжатларида кўзда тутилмаган бўлса);
ҳарбий хизматчиларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш масалаларини нафақат уларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларига тааллуқли кўплаб меъёрларни бир бутун қилиб, ўз ичига мужассам этадиган кодекс хусусиятига эга ҳужжат асосида, балки соҳага оид устувор масалаларни белгилаш бўйича давлат ҳокимияти идораларининг мажбуриятларини аниқ ифодалайдиган, мулоҳаза юритилаётган масалаларни рўёбга чиқариш йўлларини белгилаб берадиган ҳужжат асосида йўлга қўйиш киради.
"Қонун лойиҳаси пенсияларнинг қуйидаги миқдорларини кўзда тутади:
а) ҳақиқий ҳарбий хизмат ўталган муддат 20 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, хизмат ўташнинг чекланган ёшига етгани ёки соғлиги ёмонлашгани муносабати билан ҳақиқий ҳарбий хизматдан (хизматдан) истеъфога бўшатилган шахсга эса 45 фоизи тайинланади. 20 йилдан ортиқ ўталган ҳар бир тўлиқ хизмат йили учун пул таъминотига оид тегишли сумманинг 3 фоизи қўшилади. Бироқ пенсия миқдори, ушбу сумманинг жами 75 фоизидан ошмайди;
б) умумий меҳнат стажи 25 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, 25 йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ стаж йили учун зикр этилган сумманинг 1 фоизи қўшилади;
в) меҳнат стажи ҳисобга олинган тарзда хизмат ўтаган йиллари учун пенсия тайинланаётганида: умумий меҳнат стажи 20 йилни ташкил этса, пул таъминотига оид тегишли сумманинг 40 фоизи, 20 йилдан ортиқ ҳар бир тўлиқ стаж йили учун зикр этилган сумманинг 3 фоизи қўшилади. Бироқ пенсия миқдори, пул таъминотига оид тегишли сумманинг жами 75 фоизидан ошмайди.
Хизмат ўтаган йиллари учун тайинланадиган пенсия миқдори Ўзбекистон Республикасида жорий этилган ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.
Ҳарбий хизматчилар тоифасига мансуб, ногиронлик ҳолати ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган (ҳарбий жароҳат олган) ногиронларга қуйидаги миқдорларда пенсия тайинланиши кўзда тутилган:
I гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 90 фоизи;
II гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 80 фоизи;
III гуруҳ ногиронларига – пул таъминотига оид тегишли сумманинг 55 фоизи", - деб ёзилган ҳужжатда.