ТОШКЕНТ, 14 май - Sputnik. "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида ўзгаришлар бўлди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг янгиланган ижро этувчи тузилмаси тасдиқланди.
Қуйидаги лавозимлар киритилди:
* Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари;
* Бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи;
* Бош вазир маслаҳатчиси – Саноат ва унинг базавий тармоқларини ҳамда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи.
Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасида қуйидагилар тугатилди:
* Бош вазирнинг таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
* Бош вазирнинг саноатни ва кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими;
* Маҳалла, оила ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, маданият, маънавият ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти;
* Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти.
Шунингдек, қарор билан Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, ёшлар, маънавият ва жамоат ташкилотлари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари котибияти ташкил этилди.
Қарор билан Бош вазирга бир қатор янги вазифалар юкланди.
Бош вазир, жумладан, IT-технологиялар, "электрон ҳукумат"ни жорий этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, телекоммуникациялар, илм-фан, илмий тадқиқотлар ва инновацияларни ривожлантиришни таъминлаш фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади.