Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев на первом после выборов заседании Законодательной палаты Олий Мажлиса

"Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда": Мирзиёев ёшларга табрик йўллади

86
(Янгиланган 08:38 30.06.2020)
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

ТОШКЕНТ, 30 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ёшлар куни муносабати билан мамлакат ёшларига байрам табригини йўллади. Табрик матни президент матбуот-хизмати расмий сайтида эълон қилинган.

Президент бугунги кунда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этган.

"Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда", - дея таъкидлаган президент.

Коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юрт қатори ёшлар иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар. 

"Хусусан, мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг асосий иштирокчилари ҳам ёшларимиз экани, Ҳаракат доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4 минг 500 нафар аъзоси кўнгилли сифатида фаол иш олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир", - деди давлат раҳбари.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

Шу боис улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, мамлакат олий таълим тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 

Жумладан, кейинги уч йилда республикамиздаги олий ўқув юртлари сони 60 фоизга ошиб, 116 тага етди. Улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони изчил ошириб борилмоқда. Агар 2016-2017 ўқув йилида бу рақам 58 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилда 150 мингтага етади. Яъни, бу йил мактаб битирувчиларининг 25 %и олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, 2017 йилда бу рақам 9 %га тенг эди.

Миллат генофондини сақлаш ва давом эттиришнинг муҳим омили бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.

"Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда. Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда. Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан  давом эттирамиз", - деди президент. 

Айни шу мақсадда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида, шаҳар ва қишлоқларимизда янги-янги таълим даргоҳлари, маданият ва санъат масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилмоқда. 

Шулар қаторида пойтахтда бунёд этилган муҳташам "Ғалаба боғи", "Шон-шараф" музейи, Тошкент шаҳрининг тарих музейи, бетакрор Адиблар хиёбони Ўзбекистон фарзандларини миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

"Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда. Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда. Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин! Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман", - дея табрикни якунлаган Мирзиёев.

86
Президент Турецкой Республики Реджеп Тайип Эрдоган

Мутлақо қизиқмас. Эрдоған Айя София тақдири учун қайғураётганларга жавоб қайтарди

907
Бир оз олдин, Туркия Давлат кенгаши 1934 йилда Авлиё София соборини музейга айлантириш бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилган эди

ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik. Бошқа давлатлар фикрлари Истанбулдаги Авлиё София (Айя София) собори диний мақомини ўзгартириш ҳақидаги қарорга таъсир қила олмайди, дея баёнот берди Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоған.

"Туркия ўз халқи хоҳишидан келиб чиқиб, Авлиё София собори мақомини музейдан масжидга ўзгартириш бўйича қарор қабул қилди. Бошқа давлатлар фикри бизнинг қароримизга таъсир ўтказа олмайди", - дея иқтибос келтирган Эрдоған сўзларидан Anadolu агентлиги.

Туркия етакчиси шунингдек, Анқара ҳаракатларини танқид қилаётганлар ўз ҳудудида исломофобияга қарши курашишга қодир эмасликларини қўшимча қилган.

Бир оз аввал Туркия Давлат кенгаши 1934 йилда Авлиё София соборини музейга айлантириш бўйича қабул қилинган қарорни бекор қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу воқеадан кўп ўтмай Ражаб Эрдоған Айя-Софияни масжига айлантириш ва у ерда мусулмонча ибодатлар бошлаш тўғрисида қарорни имзолаган.

ЮНЕСКО расмийлари собор мақоми ўзгартирилиши ҳақидаги қарорни "чуқур таассуф" билан қабул қилганликларини билдирдилар. Грецияда, ўз навбатида, Туркияга қарши санкциялар зудлик билан қўлланилиши лозимлиги ҳақида даъватлар янграй бошлади. Москва РПЦ вакиллари, Эрдоған қарорига, "чуқур ўйланмаган", дея баҳо бердилар.

907

Грециялик сиёсатчи Туркияга қарши санкциялар киритишни таклиф қилмоқда

345
(Янгиланган 12:37 11.07.2020)
Авлиё София собори - Эрдоғаннинг ўлжаси эмас, у бутун инсониятга тегишли. У насронийлик рамзи. Уни масжидга айлантириб, Эрдоған нафақат насронийларни, балки бутун инсониятни таҳқирламоқда", - деди сиёсатчи.

ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik. Греция Туркиянинг Истанбулдаги Авлиё София черковини масжидга айлантириш ҳақидаги қароридан сўнг Анқарага қарши зудлик билан санкциялар киритиши, Комотинидаги турк консуллигини, Салоникидаги Камол Отатурк музейини, Туркия билан чегараларни ёпмоғи ҳамда Вотаникосдаги масжидни очмаслиги ва юзлаб ноқонуний масжидларни беркитиши лозим, деди РИА Новостига Европарламентнинг собиқ депутати, "Греция – бошқа йўл" партияси президенти Нотис Мариас.

Мариас Крит университети профессори бўлиб, таълим масканида Европа иттифоқининг институционал тузилишидан дарс беради.

Туркия давлат кенгаши - мамлакатнинг олий маъмурий суди - жума куни 1934 йилда имзоланган Авлиё София соборини музейга айлантириш тўғрисидаги қарорни бекор қилди. Воқеадан кўп ўтмай Туркия президенти Тойиб Эрдоған соборнинг масжидга айлантирилиши ва у ерда мусулмонча ибодатлар бошланиши ҳақида қарорни имзолади.

"Эрдоған кўп йиллар давомида Авлиё София соборини масжидга айлантиришга тайёрлади. Шу боисдан, 2014-2019 йилларда Европарламент депутати бўла туриб, кўп бора уни Европа парламентидаги чиқишларимда қоралаганман", - дейди Мариас.

У Эрдоғаннинг собор бўйича қарорини фитнага йўғрилган, тарихга зид, мутлақо ноқонуний, деб атади.

"У ЮНЕСКОнинг Авлиё София соборини Бутунжаҳон мероси объекти деб эълон қилиш ҳақидаги қарорини бузмоқда. Авлиё София собори - Эрдоғаннинг ўлжаси эмас, у бутун инсониятга тегишли. У насронийлик рамзи. Уни масжидга айлантириб, Эрдоған нафақат насронийларни, балки бутун инсониятни таҳқирламоқда", - дейди сиёсатчи.

"Дунё маданий ҳамжамияти Туркиянинг чақириғига қарши туриши ҳамда "маданият ва варварлик" сингари иккиланишга варварликка йўқ, муросасизликка йўқ, ислом фундаментализмига йўқ, деб жавоб бериши керак", - дейди Мариас.

Унинг сўзларига кўра, Эрдоғаннинг Авлиё София соборини масжидга айлантириш бўйича ноқонуний қарори аллақачон Греция, Россия, ЕИ ва АҚШ, ҳамда барча насроний дин пешволари томонидан қораланган.

"Ушбу контекстда Москва Патриархиясининг мурожаатномаси айниқса баланд янгради", деб ҳисоблайди сиёсатчи.

Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият, ЮНEСКО, Европа Иттифоқи ва бутун маданиятли дунё Авлиё Софиянинг музей ва Бутунжаҳон мероси сифатида сақланиб қолиши учун доимий курашни эълон қилишлари лозим, православ халқлари, греклар ва руслар эса "Авлиё Софиянинг замонавий қулаши, православларга қарашли энг катта черковнинг масхараланиши, бизнинг насроний динимизга бўлган ҳақоратга қарши" курашнинг олд қаторида туришлари керак.

Сиёсатчи кескин жавоб чораларини таклиф қилди.

"Греция зудлик билан Туркияга қарши санкциялар киритмоғи лозим. (Мусулмон озчилик истиқомат қиладиган) Комотинидаги турк консуллигини ёпиши, Салоникидаги Камол музейини маҳкамлаши, Туркия билан чегараларни ёпиши ҳамда одамлар ва товарларнинг ҳар қандай ҳаракатини таъқиқлаши, Вотаникосдаги масжидни очмаслиги, иммигрантлар томонидан бошқариладиган юзлаб ноқонуний масжидларни ёпиши керак", - дейди сиёсатчи.

"Шу билан бирга, Греция ЕИни Туркияга иқтисодий санкциялар киритишни, хусусан, Туркияни ЕИ ва Европа инвестиция банки орқали молиялаштиришни таъқиқлашга, турк амалдорларининг активларини музлатишга, турк амалдорларининг ЕИга киришини таъқиқлашга ва турк маҳсулотларини Европа Иттифоқига импорт қилинишига эмбарго жорий этилишини қатъий талаб қилиши керак. Фақат шу йўл билан биз Эрдоғанга Авлиё София собори православликнинг энг буюк черкови эканлиги ва шундай бўлиб қолиши, у ўз ҳаракатлари билан бу ҳолатни булғай олмаслиги ҳақида хабар юборамиз", - дейди Мариас.

 

Купол мечети
© Sputnik / Александр Паниотов

Замонавий Туркия давлатининг асосчиси Камол Отатуркнинг Салоникидаги музейига ҳар йили Туркиядан ўн минглаб сайёҳлар ташриф буюради.

Грециядаги масжидларга келадиган бўлсак, бир неча ойдан сўнг Афина шаҳрининг Вотаникос туманида масжид очилиши кутилаётган эди. Афина - масжидлар мавжуд бўлмаган энг сўнгги Европа пойтахти бўлиб қолмоқда. 1832 йилда Усмонийлар салтанатидан мустақилликни эълон қилгач, Грециянинг бирорта ҳукумати шу пайтгача Афинада масжид қуришга рухсат бермаган. Греция пойтахтида Яқин Шарқ, Африка ва Ҳинд субконтинентидан ўн минглаб мусулмонлар истиқомат қилишади.

Айя-Софияга насроний император Юстиниан томонидан асос солинган ва у 537 йилнинг 27 декабрида очилган. Икки минг йилдан зиёд тарихга эга собор насронийлар дунёсидаги энг йирик ибодатхона саналган. Константинопол Усмонийлар томонидан босиб олиниб, Византия салтанати қулагач собор 1453 йилда масжидга айлантирилган, аммо 1934 йилда замонавий турк давлати асосчиси Камол Отатуркнинг декретига мувофиқ бино музейга айлантирилган ва ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Айя Софияни масжидга айлантириш қарорига дунёнинг кўплаб давлатларида кескин муносабат билдирилди.

345
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев прибыл в Турцию с визитом

Ўзбекистон ва Туркия ўртасида яна бир ҳужжат кучга кирди

2
Ҳужжатга биноан, икки давлат ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашишнинг янгиланган тартиби назарда тутилмоқда. Битим солиқларни ундиришда кўмаклашишга оид янги норма билан тўлдирилмоқда

ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия ўртасида 1996 йил 8 майдаги Даромадларга икки томонлама солиқ солишга йўл қўймаслик тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги баённома 9 июлдан эътиборан кучга кирди.

Ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-октябрда Туркияга ташрифи давомида имзоланган.

Ҳужжатга биноан, икки давлат ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашишнинг янгиланган тартиби назарда тутилмоқда, шунингдек, Битим солиқларни ундиришда кўмаклашишга оид янги норма билан тўлдирилмоқда.

Тузатишлар “солиқ шаффофлиги”ни таъминлашга қаратилган бўлиб, бу икки мамлакатнинг жисмоний ва юридик шахслари томонидан солиқларни тўлашдан бўйин товлашга қарши курашиш самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва битим қоидаларини икки мамлакатнинг амалдаги солиқ қонунчилигига мувофиқлаштириш зарурияти билан белгиланади.

2
Теглар:
Ўзбекистон, Туркия