Лукашенконинг собиқ рақиби дунёнинг 32 етакчисига мактуб ёзди

334
Президентлик пойгасида Александр Лукашенконинг рақиби бўлган Валерий Цепкало 30дан ортиқ давлат етакчиларига мактуб ёзди ва унда айни вақтда Беларусь ҳукумати мамлакатда сайлов жараёнининг эркин ва адолатли ўтказилишига фаол тўсқинлик қилаётгани ҳақида баён этди

ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Беларус президенти лавозимига даъвогарлик қилган собиқ номзод, Юқори технологиялар парки собиқ раҳбари Валерий Цепкало дунёнинг 32 давлат етакчиларига республикада эркин сайловларни ташкил этишда ёрдам сўраб мактуб йўллади, деб хабар бермоқда РИА Новости.

Айни вақтда Беларусда сайлов кампанияси бўлиб ўтмоқда, асосий овоз бериш куни 9 августга белгиланган. Муддатдан олдин овоз бериш 4 август куни бошланади. Президент лавозимига беш киши даъвогарлик қилмоқда, улар орасида олтинчи марта ўз номзодини президентликка илгари сурган амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко ҳам бор.

"Бутун Беларус халқи номидан овоз бериш ва овозларни санашда халқаро кузатувни ташкил этишда қўллаб-қувватлашингизни, давлатингиз ҳудудида истиқомат қилувчи Беларус фуқаролари учун ҳам ушбу овоз бериш жараёнининг ўтказилишини қўллаб-қувватлашингизни сўрайман", - деб ёзган Цепкало.

У шунингдек, Беларусь оппозицияси мақсади - Светлана Тихановская ғалабаси эканлигини айтган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, Тихановская давлат раҳбари этиб сайланган тақдирда, олти ойгача бўлган муддатда янги президент сайловлари ўтказилади ва унда барча номзодлар, жумладан, қамоқда бўлганлари ҳам иштирок этади.

Икки ҳафта бурун Цепкалонинг шошилинч тарзда Москвага йўл олгани хабар қилинган эди. Сиёсатчининг рафиқаси Беларусда қолган. РИА Новости билан суҳбатда, Цепкало, айни вақтда ҳибсга олиниши хавфи борлиги учун ватанга қайтиш нияти йўқлигини маълум қилган. Ўтган ҳафтада сиёсатчи Украинага етиб келган.

334
Председатель Комитета Сената Олий Мажлиса Республики Узбекистан по делам молодежи, культуры и спорта Бахтиёр Сайфуллаев в составе парламентской делегации находится в Таджикистане.

Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳокама қилди

22
Душанбе шаҳрида Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилигидаги парламент делегациясининг Тожикистонга ташрифи доирасида куни икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, унда ҳар икки мамлакат ҳам ўз тараққиётининг янги босқичида эканлиги, дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар мавжудлиги қайд этилди.  

Йиғилишда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёни хавфсиз, барқарор яхши қўшничилик минтақасига айлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон парламенти аъзоларининг Тожикистонга ташрифи давом этмоқда.

22
Флаги Узбекистана и Туркменистана

Ўзбекистон ва Туркманистон транспорт-коммуникация йўлагини шакллантиришни муҳокама қилди

31
Икки мамлакат “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсий идоралари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар навбатдаги раунди видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.

ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра,  музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, сув хўжалиги, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва алоқаларни ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Ташқи ишлар вазирлари илгари эришилган олий даражадаги келишувларнинг бажарилишини таҳлил қилдилар ва қўшма тадбирларни ўтказиш муддатлари, шу жумладан, Савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги раунди, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказиш муддатлари тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқдилар.

“Транспорт, транспорт-коммуникациялари ва транзит соҳасидаги алоқаларни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди. Вазирлар “Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон” халқаро транспорт-коммуникация йўлагини шакллантириш бўйича Ашхобод келишувини тезроқ амалга ошириш тарафдори эканликларини маълум қилдилар”, - дейилган хабарда.

Музокараларда кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Афғонистон муаммосига алоҳида эътибор бериб, халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари кўриб чиқилди.

31
Теглар:
ҳамкорлик, Туркманистон, Ўзбекистон

"Оёғимни ўпасан": Тошкент шаҳрида келинларга қулдек муносабат оммалашган

82
Тошкентда оиладаги зўравонликдан азият чеккан аёллар учун реабилитация маркази мавжуд. Аслида, бу аёллар ва уларнинг фарзандлари учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажаради. Аёллар бу ерда психологик реабилитациядан ўтадилар, "оёққа туриб", янги ҳаётни бошлайдилар.

Sputnik Ўзбекистон мухбири маиший зўравонликдан жабр чеккан аёлларга ким ва қай тарзда ёрдам кўрсатиши, психологик коррекция қандай кечиши, руҳий тазъйиққа учраган аёл қай тарзда бахтли бўлиб кета олишини билиш учун пойтахтдаги Реалибитация ва мослаштириш маркази директори Гулчеҳра Маткаримова билан суҳбатлашди.

Жестоко избитая супругом жительница Булунгура Зухра Умарова в больничной палате
Фото представлено родственниками пострадавшей

—   Тошкент реалибитация ва мослаштириш марказининг вазифалари, унинг ташкил топиши тарихи ҳақида тўхталсангиз.

—   Тошкент шаҳар аёллар реалибитация ва мослаштириш маркази руҳий ёки жисмоний зўрликка учраган, суицидга мойил бўлган ёки суицидга қўл урган аёлларни руҳан жонлантириш, уларни ҳаётга қайтариш мақсадида очилган. Марказимиз 2018 йил июн ойида мамлакат раҳбари имзоланган фармонга асосан ташкил этилган эди. Бунга ўхшаш марказлар Республиканинг бошқа вилоятларида ҳам фаолият юритмоқда, аммо пойтахтдаги каби шарт-шароитларга эга эмас. Дейлик, ётоқхонаси, озиқ-овқат билан таъминланиши мумкин, лекин кўп ўринли ва хизмат кўрсатувчи кўп штатли ходимлари йўқ.

Бизнинг реалибитация марказимизда ўттиздан ортиқ аёллар ҳамда уларнинг фарзандлари яшаши учун мўлжалланган ўринлар бор. Дунёнинг айрим мамлакатларидаги каби биз бу марказга "Инқироз клиникаси" деб ном қўйганмиз. Ташкил этилиши тарихига келсак, 2000 йилда Европа мамлакатларига бориб, у ерда очилган шу каби шелтерлар фаолияти билан танишиб, бизда ҳам шундай шелтерлар очилиши керак, деган таклифлар билан докторлик ишимни ёзганман. Сабаби, минг афсуски, бизда охирги пайтларда эри уриб, кўчага қувиб солинган ёки ака-укаси томонидан калтакланган, мол-мулк талашиб сарсон бўлган, қайнона-қайнсингиллар томонидан сиғиштирилмаган аёллар кўпайиб кетди.

Sputnik
Центр реабилитации для женщин, город Ташкент

Қолаверса, хотин калтак еса ҳам уйда жим ўтириши керак деган паст тушунча айрим эркакларимизнинг онгига ўрнашиб олгани сир эмас. Умуман, ўзбек менталитетида охирги пайтларда кескин салбий ўзгаришлар юз беряпти. Келинга қулга қарагандек муносабат бизни жамиятимизда илгари бўлмаган. Бугун айниқса, негадир Тошкент шаҳрида келинларга қулга қарагандек қараш хусусияти оммалашган.

Мисол учун, реалибитация марказига келган айрим келинлардан эшитганим: "Оёғимни ўпмасанг уйга кирмайсан” ёки "Эрингни оёғини ювиб, ўша сувни ичсанг сўнг мен сени унга қай даражада содиқлигингга ишонаман", дейдиган қайноналар бор экан. Шу каби ҳар хил ачинарли тақдирлар ҳикоясини эшитасиз ва юрагингиз қандай дош бераётганига баъзан қойил ҳам қоласиз. Кўп ҳолларда эшитган ҳикояларим таъсирига тушиб, ўша муаммоларни тушларимга ҳам кирадиган бўлиб қолди.

Яна шундай аёлларимиз бор-ки, эри фақат бошига, қулоғига ураркан. Сабаби, бош, қулоқ қисмига урса, жойи билинмас, экспертиза қилинганда ҳам аниқлаш қийин кечиб, оқибатда кун келиб одам бош миясида салбий ўзгаришлар юз бериб, жуда тез ўлим топаркан.

Яъни баъзи олифта эркакларимиз борки, "Тушунмадим, нима мен "собственный хотинимни" уролмайманми?", дейди. Ёки "Нега хотинимга ордер бердингиз, оиламга аралашиб мени конституциявий ҳуқуқимни бузяпсиз", деб келади. Эй инсон, нима сенда бор конституциявий ҳуқуқ аёлда йўқми? Афсуски, эркаклар орасида мана шундай - хотинига шахсий мулкка қарагандек муносабат одатга айланиб қоляпти.

—   Эркакларнинг бундай фикрлашларига нима сабаб бўляпти деб ўйлайсиз?

—   Бирламчи сабаб одамларда ҳуқуқий савияси йўқлигида. Масалан, 2019 йил 19 сентябр куни аёллар ва эркаклар гендер тенглиги тўғрисида фармон имзоланган, аммо қонун тарғиботи деярли амалга оширилмаяпти. Гендер комиссиясининг раҳбари бўлганлиги учун Сенат раисининг ўз тарғиб қилиб, комиссия ишини кўрсатишга ҳаракат қиляпти холос, бошқа ташкилотлар эса ухлаб қолганга ўхшайди. Бундан ташқари аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонуннинг тарғиботи ҳам деярли амалга оширилмаяпти. Тўғри, тушунаман, ҳозирги пандемия шароитида тарғибот ишларини олиб бориш қийиндир, лекин ҳеч бўлмаганда ОАВ орқали бу ҳақда ҳар куни гапирмасак, бора-бора жамиятимиз парокандаликка юз тутиши ҳеч гап эмас.

Биламиз, оила - жамиятнинг асосий бўғини. Аммо биз ҳақ-ҳуқуқини танимайдиган ёки конститутциясини билмайдиган давлат эмасмиз, дунёвий давлатмиз. Дунёвий мамлакат бўламиз деб дунёга жар солганмиз. Биз БМТга аъзо бўлганмиз, байроғимиз хилпираб турибди Нью-Йоркда...

Аёллар ва болалар бизнинг генофондимиз. Аёллар генофондни дунёга келтириб берувчи, болалар эса бизнинг келажагимиз ҳисобланади. Бугун биз қўрқоқ, нокас ва номард болаларни тарбия қиладиган бўлсак, келажак эртага ана шуларнинг қўлида қоладими?

Яна бир мени ўйлантирадиган ҳолат, бугуннинг реал ҳаёти ва одамлари илгаригидек эмаслигидир. Масалан, бугун келинларга сабр қил десангиз, бориб ўз жонига қасд қиляпти. Уларни дардини эшитадиган ҳеч кими йўқ. Туққан онаси ҳам "ўлигинг борган эшигингдан чиқсин, лекин индама, жим чидаб яша", дея қулоғига қуяди. Бир кун сабри тугаган қиз эса ўз жонига қасд қиляпти, "мана, она, айтганингиздек келин бўлдим, ўлигим шу эшикдан чиқди", деб.  Ўша она вақтида ўз қизининг дардига шерик бўлиб, унга тўғри йўл кўрсатганида, психологга кўрсатиб, уни руҳан ҳаётга қайтарганида, ўша қиз яшаб кетармиди... Бизда нима бўлса ҳамки оилани сақлаб қолиш керак, деган фикр мустаҳкам ўрнашиб қолган.

Тўғри, лекин вазият оғир бўлса-чи? Оилани аёлнинг касалманд ёки калтак еявериб ногирон бўлиб қолиши эвазига сақлаб қолиш керакми? Мана шундай оилаларда болалар қўрқоқ бўлиб катта бўляпти, ҳатто отаси йўталиб қўйса, бечора иштонига сийиб қўядиган даражада қўрқади. Бундай болаларнинг тақдири эртага нима бўлади? Эри уриб, ўлдириб қўйса ҳам чурқ этмай ўтирадими? Ҳатто буюк саркарда Амир Темур "Қул табиатли аёлдан қул фарзандлар туғилади" деб, ўз фарзандлари ва набираларига эркин фикрлайдиган қизларни келин қилган эканлар. Аммо биз-чи, нечанчи асрда яшаяпмиз?

Биз эркин фикрлайдиган аёлни кўрсак, уни бир уриб майиб қилиб қўйяпмиз. Биз маърифатга яъни олдинга интилишимиз керак бўлган бир пайтда нега жаҳолат домига қараб кетяпмиз? Ахир болаларимиз эркин фикрлайдиган шахс сифатида камол топиши керак эмасми? Шундагина ҳар ким ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олади, зўрлик бўлмайди. Ўзини ҳақини талаб қиладиган одам бировнинг ҳуқуқини поймол қилмайди. Биладики, унда бор ҳуқуқ бошқаларда ҳам бор.

Sputnik
Центр реабилитации и адаптации для женщин в Ташкенте

Одамлар космосни забт этяпти, японлар сув остида уйлар, шаҳарлар қуряпти. Биз эса болаларимизга калтак еб, боши ёрилса ҳам жим ўтир деб ўргатяпмиз. Ана шу ожиза аёлларнинг ҳам ҳуқуқи бўлиши керакми?  

—  Пандемия шароитида қандай ишлаяпсизлар? Зўравонликка учраган аёлларнинг қўнғироқлари ҳозир ҳам қабул қилиняптими?

—   Албатта. Аёллар биладики, марказимизнинг суткада 24 соат ишлайдиган 1169 қисқа рақами ишлаб турибди. Ҳозирги кунда молиявий муаммоларимиз бўлганлиги боис, ушбу телефон рақами билан ходимимизни уйда ўтириб ишлаши учун банд қилганмиз. Шунингдек, бошқа ходимлар ҳам ўз ҳисобидан таътилга чиқишга мажбур бўлиб туришибди. Оқсаб турган томонимиз шу — ҳомийларга муҳтожмиз.

—   Бу бинонинг аввал қандай ҳароб аҳволда бўлганлигини кўрганмиз. Бугун эса бу ердаги шарт-шароитларни кўриб ҳайрон қолдик...  

—   Бунинг учун, Тошкент шаҳар ҳокимидан миннатдормиз. Бинони бутунлай таъмирдан чиқариб, моддий техник базасини яратиб беришда ўз ёрдамини аямади. Бундан ташқари бир қанча ҳомийларни топиб беришди, улар ёрдамида марказимиз кўплаб тазйиққа учраган, уй-жойсиз қолган аёлларга ёрдам берди. Кўплаб оилаларнинг муаммосига қулоқ тутдик, улар яраштирилди,  уйсиз юрганларга туман ҳокимликлари билан келишиб уй-жой қилиб берилди. Масалан, Чилонзор туман ҳокимиятининг ёрдами билан уч-тўрт аёл бошпанали бўлди. Унгача бўлган вақтда аёллар бизнинг реалибитация марказимизда икки ярим ой давомида яшаб туришди. Олмазор туманидан келган аёл ҳам уй масаласи ҳал бўлгач чиқиб кетди. Марказимизда яшаёган пайтда улар билан тиббиёт ходимлари, психологлар ишлади. Чилонзор туманида жойлашган хусусий клиникалар ҳам пул тўлашга имкониятимиз бўлмаган пайтда аёлларни текинга даволаб, биздан ўз ёрдамини аяшмади. Қолаверса, ойлик маошсиз бўлсада фидойиларча ишлаётган марказимиз ходимларига ҳам бошим ерга теккунча таъзим қиламан.

— Реалибитация маркази қандай тоифадаги аёлларни ўз ҳимоясига олади? Масалан, кўчадан тўсатдан кириб келган аёлларни ҳам қабул қилаверасизларми?

— Ҳар қандай зўравонликка дучор бўлган, тазйиқ кўрган аёл мана шу марказга келиб яшашга ҳақли. Кўчадан тўсатдан кириб келиб қолса ҳам қабул қилаверамиз. Биласизми, агар аёл кишининг руҳий ҳолати соғлом бўлса, ҳеч қачон бунақа жойга бош эгиб келмайди. Баъзилари телевидение орқали эшитиб, кўриб топиб келдим дейди, баъзилар телеграм канали орқали...  Айримларнинг эри, ота-онаси ёки яқин қариндоши бошлаб келади. Биз уларни кўриб, муаммосини эшитиб олиб қолаверамиз.

—  Ушбу марказга ўз хоҳиши билан нажот истаб келувчи аёлларнинг орқасидан яқин қариндошлари, дейлик оила аъзолари жанжал кўтариб келган ҳолатлар ҳам бўлганми?

—   Бўлган, ҳатто қайноналардан бири келиним мана шу ерда ётганлиги тўғрисида маълумотнома ҳам ёзиб беринг, дея тўполон қилиб келган. Бу ерни баъзилар жиннихона деб ўйлашар экан. Баъзилар эса келини ёки хотинини шу ерга сўраб келиб, улар ҳақида маълумот сўраб келган. Аммо бу марказда тартиб шунақаки, аёллар илк келган кунида ўзини бизга ким деб таништирган бўлса биз уни шу ном билан қабул қиламиз, у ҳақдаги барча маълумотлар сир сақланади, ҳеч кимга ошкор қилинмайди. Бу бўйича ходимларнинг ҳар бири огоҳлантирилган ва ҳар биридан тилхат ёзиб олинган.

— Реалибитация маркази бугунги кунда нечта аёлларга ёрдам бера олди?

—  2020 йилнинг январидан 1-сентябр ойигача зўрлик ишлатишда жами жабр кўрган аёллар 4615 тани ташкил этган. Бир йил ичида олти мингдан ортиқ аёллар биздан психологик ва ҳуқуқий ёрдам олишди. Бундан ташқари 2019 йилнинг сентябр ойидан  жорий йилнинг феврал ойи охиригача бўлган давр ичида Тошкент шаҳрида суицид ҳолатларининг йигирма  фоизга камайганлигини кўришимиз мумкин. Чунки бугунгача 212 та суицидал одам шу ерга келиб ётиб, суицид ҳолатидан чиқиб, ўзига қайтган ҳолатлар бўлди.  

—  Реалибитация марказида одатда аёллар қанча муддатда олиб қолинади?

—  Қонун жиҳатидан олиб қарасак, беш кундан бир ойгача бўлган муддатда аёллар ушбу марказда олиб қолинади. Айрим аёллар бор, уларнинг муаммоси тез ҳал бўлиб, руҳан тикланиб ўз ўрнини топиб кетади. Айримлар бор, уларни ҳаётга қайтариш, муаммоларини ҳал қилиш учун ойлар керак бўлади. Биринчи галда бу ерда қанча муддат қолишлари уларнинг ўзларига ҳам боғлиқ. Яна баъзи ҳолларда руҳий ҳолати яхши, аммо яшашга жойи йўқ аёллар ҳам бизга келиб туради. Биз уларни марказимизда олиб қолиб, улар билан ишлаймиз, ҳокимликларга хат билан чиқиб уларга арзонроқ уй-жой сотиб олишларига ёки бошқа ҳуқуқий масалаларда муаммоларини ҳал этишларига амалий ёрдам берамиз.

—  Ҳомий бўлмаган пайтда бу ерда яшовчиларнинг яшаши, озиқ-овқатини қандай эплайсизлар?  

—   Баъзи аёлларни инспекторлар ёки маҳалла идоралари ходимлари олиб келади. Улардан ўша вақтдаёқ аёлни боқиш учун озиқ-овқатини олиб келиб беришларини илтимос қиламиз. Бундан ташқари депутатлар, ички ишлар ходимлари бир ҳафта ўн кунлик муддатга етадиган бозор-ўчар қилиб, ташлаб кетишади. Ошпаз йўқлиги боис, бу ерда аёлларнинг ўзлари орасида овқатни мазали тайёрлайдиганини ошпаз қилиб сайлаб олишади, қолганлари бошқа ишларни ўзаро бўлиб олиб, навбатма-навбат бажаришади. Қолаверса, марказда ишлаётган ходимларнинг бари егуликлар, ўйинчоқлар, болалар бўтқаси, памперс ёки кийим-кечакларни ўз уйидан ташиб келишади. Шунингдек, яқин атрофдаги маҳаллада яшовчи қўшнилар ўз ёрдамини аяшмайди. Ҳозирги кунда ҳомийсиз, танг бир аҳволда қолган бўлсак-да, фидойи инсонларнинг борлиги менга куч-қувват бағишлаб турибди.

82