ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Халқ депутатлари Бухоро, Жондор ва Пешку туманлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти матбуот хизмати хабар қилди.
Бухоро туманидаги сессияда “Ғиждувон ЭИЗ” раҳбари вазифасида ишлаб келган Хайрулло Жўраев туман ҳокими этиб тасдиқланди.
Туманнинг собиқ ҳокими Қаҳрамон Дўстов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Жондордаги сессияда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Санъатилло Ҳикматов туман ҳокими этиб тасдиқланди.
Туманнинг собиқ ҳокими Камол Камолов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.
Пешку туманидаги сессияда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ваҳоб Қаҳҳоров туман ҳокими этиб тасдиқланди.
Туманнинг собиқ ҳокими Амрулло Назаров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланганлиги сабабли Пешку тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 24 ноябрь куни ўтган видеоселектор йиғилишида иш ўринлари ташкил этиш, тадбиркорлар муаммоларини ҳал қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш борасида ўзибўларчиликка йўл қўйганлиги учун Бухоро, Жондор ва Сирдарё туман ҳокимларини лавозимидан озод этиш масаласи қўйилган эди.
ТОШКЕНТ, 27 фев - Sputnik. Бугун, 27-феврал куни Бишкек шаҳрига амалий ташриф билан келган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда ТИВ матбуот-хизмати хабар бермоқда.
Вазир Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаровга йўллаган мактубини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ривожи ҳақида фикр алмашдилар.
Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бугун денгиз портларига ва янги ташқи бозорларга энг қисқа йўл очадиган транспорт йўлаклари тизимини шакллантириш учун кенг имкониятлар яратилмоқдаки, бу, ўз навбатида, минтақалараро савдо-сотиқнинг жадаллашуви, транзит юк ташувларини орттириш, хом-ашё, асбоб-ускуналар ва тайёр маҳсулотларни ташиш нархининг пасайишига хизмат қилади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов республиканинг ЕОИИдаги вакили Шуҳрат Шукуровни Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) ҳайъат раиси Михаил Мясниковичга таништирди. "Дунё" АА хабарига асосан.
Учрашув жума куни ЕИК биносида бўлиб ўтди.
"ЕИК ҳайъат раисига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Ариповдан комиссия таркибига Ўзбекистон Республикасининг вакилини тайинлаш тўғрисида мактуб тақдим этилди", - дейилган хабарда.
Мясникович Шуҳрат Шукуровга янги масъулиятли лавозимда муваффақиятлар тилади.
Бундан ташқари, Шукуров ЕИКнинг интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепнев билан таништирилди.
2020 йил 11 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи-давлат мақомини олди.
Куни кеча, Шуҳрат Шукуров Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб тайинлангани маълум бўлди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасида 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга.
ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Америка қамоқхонасидан озод қилинган россиялик, жамоатчилик палатаси аъзоси Мария Бутина "НТВ" учун суратга олинган фильмда америка турмасида бошидан кечирганлари ҳақида сўзлади.
"Рўй берган воқеаларни холокостга қиёслаш мумкин, ахир бу миллатингиз туфайли таъқиб эди-да. Ҳозир эса россиялик ватандошларимизни ҳам худди шундай миллати ва фуқаролиги учун таъқиб қилишмоқда", - деди у.
Бутинанинг айтишича, уни карцерга ўтказиб, у ерда тўрт ой давомида ушлаб туришган, гарчи халқаро стандартлар бўйича карцерда 15 кундан ортиқ ушлаш мумкин бўлмаган.
"Тунда ҳар 15 дақиқада светни ёқишиб: "Are you окay?" (Яхшимисан?) деб сўрашади. То уларга жавоб бермагунингга қадар сени уйғотаверишади", - деди Бутина.
Бундан ташқари, Бутинани аллақандай препаратлар қабул қилишга мажбур этмоқчи бўлишган.
"Улар одамни урмайди, шунчаки руҳан қийнашади, психотроп препаратлар ичишга мажбур этишади, чунки улар таъсирида тергов қилиш осонроқ", - дейди Мария.
Бутинанинг айтишича, кунига беш маҳалдан назоратчилар унинг камерасига келиб, контрабанда борлиги гумони остида уни яланғоч қилиб ечинтиришган.
Россияликнинг сўзларига кўра, камерада деярли ҳеч қачон свет ўчирилмаган. Боз устига, назоратчилар ҳамиша баланд чийилдоқ овоз чиқишини таъминлаб берганлар.
"Яъни улар ҳамиша шу чийилдоқ овоз билан ҳам мўртлашиб қолган руҳиятингизга таъсир ўтказишади. Иродангизни тамомила синдиришади", - деб хотима қилди Бутина.
Бутина 2018 йилнинг июлида қўлга олинган ва "ноқонуний чет эл агенти бўлиш мақсадида тил бириктирув" айблови билан 18 ойга қамалган. 2019 йилнинг октябрида Бутина озодликка чиқарилган ва Россияга депорт қилинган эди.