ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Дилшод Кенжаев Ўзбекистон президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди. Президент тегишли фармонга имзо чекди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Кенжаев 2018 йилдан бери Халқ таълими вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Дилшод Кенжаев 1977 йил 3 январда Андижон вилоятида туғилган. Тарих фанлари номзоди. 2000 йил Ўзбекистон Миллий университети бакалавр, 2002 йилда магистратура йўналишларини тамомлаган.
2006 йилгача Тошкент шаҳридаги 191-мактаб тарих фани ўқитувчиси бўлган.
2006−2012 йилларда Тошкент шаҳар педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти “Ижтимоий фанлар ва маънавият асослари” кафедрасида катта ўқитувчи, мудир, маънавий маърифий ва илмий ишлар бўйича проректор бўлиб ишлаган.
2015−2017, 2017−2018 йилларда Халқ таълими вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган.
2018 йилда Вазирлар Маҳкамаси Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари АТД Ёшлар сиёсати ва маънавий ривожлантириш масалалари шўъбаси мудири бўлиб ишлаган.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Навоий ва Андижон вилоятлари ИИБ бошлиқлари тайинланди. Бу ҳақда ИИВ Кадрлар бош бошқармаси хабар қилди.
Полковник Азат Тасбаев Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Тасбаев Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Аюбхон Раҳматуллаев Андижон вилояти ИИБга раҳбарлик қилади.
Тайинловга қадар Раҳматуллаев ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиб, вазирлик фаолиятини танқид қилган эди.