ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, икки томонлама муносабатлар ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Президент Ашраф Ғани Мирзиёевга Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ушбу мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалаларида кўрсатилаётган ҳар томонлама кўмак учун биродар Афғонистон халқи номидан самимий миннатдорлик билдирди.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳамда етакчи халқаро молиявий институтларнинг юқори даражадаги вакиллари иштирокида ўтган Трансафғон транспорт йўлагини қуриш лойиҳасини илгари суриш бўйича уч томонлама ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши муваффақиятли бўлганини катта мамнуният билан қайд этдилар.
Ушбу лойиҳани амалга оширишни, шу жумладан техник ҳужжатларни тайёрлашни ва қурилиш ишларини бошлаш муҳим экани таъкидланди.
“Президентлар саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, янги “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар”, - дейилган хабарда.
Шу мақсадда режалаштирилган ишларнинг бажаралишини мувофиқлаштиришнинг икки томонлама механизми яратилади, унинг доирасида ҳар ой видеоанжуманлар ўтказиб борилади.
Шунингдек, кўп қиррали Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларини, шу жумладан нефть-газ тармоғида, таълим соҳасида, техник ихтисосликлар бўйича малакали афғонистонлик кадрларни тайёрлаш борасида кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580-йиллигига бағишлаб жорий йил март ойида Ҳирот шаҳрида ўтказиладиган байрам тадбирларида Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирлар ва мулоқотлар режаси юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Президентлар “Йўл харитаси” ва устувор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини доимий мониторинг қилиш ва самарали илгари суриш мақсадида қўшма ҳукумат гуруҳини шакллантириш топшириғини берди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон-БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, Амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Навоий ва Андижон вилоятлари ИИБ бошлиқлари тайинланди. Бу ҳақда ИИВ Кадрлар бош бошқармаси хабар қилди.
Полковник Азат Тасбаев Навоий вилояти ИИБ бошлиғи лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Тасбаев Андижон вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Аюбхон Раҳматуллаев Андижон вилояти ИИБга раҳбарлик қилади.
Тайинловга қадар Раҳматуллаев ИИВ Молия ва моддий-техника таъминоти департаменти бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлиги ҳайъатининг кенгайтирилган йиғилишида иштирок этиб, вазирлик фаолиятини танқид қилган эди.