Андижон, Бобур майдони. Архив сурат

Андижон "А"дан бошланади

1089
(Янгиланган 19:06 22.08.2016)
"...Кимки бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни кўрмоқчи, улардан тўлиқ хабардор бўлмоқчи бўлса, биринчи галда Андижонга келсин, ўзини андижонлик деб атайдиган одамларнинг меҳнати, ҳаёти, бугунги ютуқлари билан яқиндан танишсин". Ислом КАРИМОВ.

ТОШКЕНТ, 22 авг — Sputnik, Дилшодбек Асқаров. Бугун қуёшли Ўзбекистоннинг қай бир гўшасига борманг, кенг миқёсдаги бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Кенг ва равон йўллар, бир-бирини такрорламайдиган кўркам бино ва иншоотларни кўриб ҳайратланасиз. Ўтган 25 йил давомида мисли кўрилмаган даражадаги бундай ўзгаришлар албатта Андижонни ҳам четлаб ўтмаган.

Маълумот: Андижон вилояти республиканинг майдони энг кичик ҳудуди бўлиб, вилоят бор-йўғи 4200 кв.км майдонни эгаллайди. Бу Ўзбекистон майдонининг 1 фоизга яқинини ташкил этади, холос. Аҳоли сони бўйича эса Андижон вилояти тўртинчи ўринни эгаллайди. Вилоятда 2,9 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилади, бу эса бутун мамлакат аҳолисининг 10 фоизи демакдир. Аҳоли зичлиги бўйича Андижон вилояти мамлакатда энг юқори ўринда туради. Ушбу ҳудуднинг ҳар бир кв. км майдонига 520 нафардан ортиқ киши тўғри келади.

Асака тулпорлари

Андижоннинг Асакаси бир пайтлар ўзининг “Чўнтак” палови билан танилган бўлса, бугун Асакада ишлаб чиқарилаётган автомобиллар шаҳарни бутун дунёга танитди. 1996 йилнинг мартида Асакадаги автомобиль заводи конвейеридан илк “Damas” автомобили чиққан бўлса, 2014 йилда “ЖиЭМ Ўзбекистон” қўшма корхонаси ўзининг икки миллионинчи автомобилини ишлаб чиқарди. Дастлаб атиги учта: “Damas”, “Tico” ва “Nexia” автомобиллари ишлаб чиқарилган бўлса, бугунги кунга келиб заводда тайёрланган “Matiz”, “Lacetti”, “Epica”, “Captiva”, “Spark”, “ Malibu”, “Cobalt”, “Gentra”, “Orlando” автомобиллари яқин ва узоқ хориж мамлакатларида ўз харидорини топмоқда.
Яқиндан бошлаб заводда "Ravon" бренди остидаги "Nexia-R3" автомобилларини харидорларга етказиб беришга киришилди. Метан гази асосида ҳаракатланишга мослаштирилган "Lacetti" автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича дастлабки қадам қўйилди.

Ravon Nexia R3
Ravon Nexia R3

Бунёдкорлик: тарих ва замонавийлик уйғунлиги

Мустақиллик йиллари давомида Андижон қиёфаси тубдан ўзгарди: тор йўллар, пастак уйлар ўрнини кенг ва равон йўллар, муҳташам ва кўркам иншоотлар эгаллади. Бир неча йил илгари бу ерда бўлган киши бугун Андижонни танимайди. Барча соҳаларда бўлгани каби андижонликлар бунёдкорликда ҳам илғорлар. Бугунги Андижон вилоятида шаҳар билан қишлоқ ўртасида тафовут топиш қийин. Вилоят марказида ҳам, чекка туманларда ҳам бир-биридан кўркам, замонавий биноларни кўриб кўзингиз қувнайди. Намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар эса ҳар кимнинг ҳавасини келтиради.

Статистик маълумотларга кўра, айни кунгача 5050 дан зиёд ана шундай уй-жойлар андижонликларга топширилган бўлса, 2017- 2019 йиллар давомида 4220 та намунавий лойиҳалардаги тураржой ўз эгаларига топширилади.

Вилоятда 2016 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ, 118 та ижтимоий соҳа объектини қуриш, капитал реконструкция қилиш, 1139 та тураржой, 4 та кўп қаватли "Камолот" уйини бунёд этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳар бир туманда 25 тадан жами 475 та намунавий кўча ташкил этилиб, мустақиллик айёми арафасида фойдаланишга топширилади.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида ёш авлодга туҳфа этилган Андижон шаҳридаги 300 ўринли муҳташам қўғирчоқ театрида  маънавият ва маърифат хоналари, музей, кутубхона, шунингдек, компьютер ҳамда информатика, драма тўгараклари, хореография заллари жойлашган. Бинода қўғирчоқларни ясаш, таъмирлаш, сақлаш ва актёрларнинг ҳордиқ чиқаришига қулай шароитлар яратилган. Театр атрофидаги қарийб 1 гектарлик майдон ҳам кичкинтойлар билан гавжум. Бу ердан мўъжазгина амфитеатр, турли аттракционлар жой олган.

Андижоннинг Боғишамол даҳасида ҳайвонот боғи қурилиши қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги байрами арафасида ишга тушадиган мазкур ҳайвонот боғида турли ноёб ҳайвонлар ҳамда қушларни сақлашга мўлжалланган махсус жойлар ҳамда улкан аквариум ўрин олади.

 

Спортда ҳам биринчи

Президент Ислом Каримовнинг “Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди…” деган фикри нақадар тўғри эканлигини андижонлик спортчилар ўзларининг қитъа, жаҳон миқёсидаги ютуқлари билан исботлаб беришди.

Андижонлик спортчилар деганда, спорт оламининг ёрқин юлдузлари кўз олдимизга келади десак муболаға бўлмайди.

1999 йили Нью-Йоркда ўтказилган “Яхши ният” ўйинлари ғолиби Темур Тўлаков, 1999 йилги Жаҳон чемпионатининг кумуш медал совриндори Тўлқин Турғунов, Қувончбек Тайганбоев, Қаҳрамон Орзиқулов, жаҳон ва Осиёнинг бир неча карра чемпиони, профессионал бокснинг WВО йўналиши бўйича энг оғир вазнда жаҳон чемпионлигига эришган ҳамда кубалик афсонавий боксчи Феликс Савонни, енгилмас Николай Валуевни мағлуб эта олган жаҳондаги илк ва ягона боксчи Руслан Чагаев, Сиднейда ўтказилган Олимпия ўйинлари ғолиби Муҳаммадқодир Абдуллаев, ушбу ўйинларда бронза медали совриндори бўлган Сергей Михайлов, Афинада бўлиб ўтган Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндорлари Ўткир Ҳайдаров, Баҳодир Султонов, эркин кураш бўйича Осиё чемпиони Умиджон Исмонов, таэквондо бўйича Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори Ирина Кайдашовалар ана шундай спортчилар сирасига киради.

Андижонлик спортчилар нафақат чемпионлик, балки жаҳон рекордларини ўрнатишда ҳам биринчидирлар. Жумладан, тош кўтариш бўйича жаҳон чемпиони Муҳтарама Алиева 2012 йил Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 16 килограммли тошни «узоқ вақт» йўналишида кўтариш бўйича биринчи ўринни олган ва жаҳон рекордини ўрнатганди. 2013 йили Тошкентда худди шу йўналишда тошни 75 маротаба кўтариб иккинчи марта жаҳон рекордини ўрнатди. Грециянинг Афина  шаҳрида "rebok" йўналишида 16 килограммли тошни бир дақиқа ичида 50 маротаба кўтариб биринчи ўринни олган.

У 2013 йили Россиянинг Архангельск шаҳрида иккита 6 килограммли тошни бир дақиқа ичида 118 маротаба кўтариб жаҳон рекордини ўрнатган.

Францияда ўтказилган тош кўтариш мусобақаларида 60 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Муҳтарама Алиева энг юқори натижага эришди ва еттинчи бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
Андижоннинг яна бир фарзанди Ҳасанбой Дўстматов Рио Олимпиадасида олтин медални қўлга киритиб, андижонлик спортчилар анъанасини давом эттирди.

Руслан Нуриддинов эса оғир атлетика бўйича мусобақада нафақат Олимпиада олтин медалини қўлга киритди, балки силтаб кўтаришда 237 килограммли штангани кўтариб Олимпия рекордини ўрнатди.

Руслан Нурудинов
Yuri CORTEZ / AFP
Руслан Нурудинов

Сўнгсўз ўрнида

Биз юқорида тилга олган ютуқлар денгиздан бир томчи холос. Ўзбекистоннинг истиқлол даврида эришган ютуқларига ўз кўзи билан гувоҳ бўлишни, Президент Ислом Каримов раҳбарлигидаги оқилона сиёсат, ислоҳотлар самарасини кўришни истаганлар Андижонга бир келиб кетишсин, дея сўзимизни якунлар эканмиз, барчангизни мустақилликнинг 25 йиллик айёми билан қутлаймиз.

1089