Ўзбек милициясининг кечаси ва бугуни

Oбуна бўлиш
Яқинда Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуни қабул қилинди - шу билан ўзбек милицияси ўзининг янги босқичига қадам қўйди

ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Дарвоқе, "ўзбек милицияси" дейишнинг ўзи ғалати. Бугун "милиция" сўзи ишлатилмайди, расмий муомаладан чиқарилган. Қайд этиб ўтилган қонунда ҳам у ҳақда ҳеч қандай сўз айтилмаган. Унинг ўрнига "ички ишлар органи" ибораси қўлланилади. Бу бироз кенгроқ ва ҳажмлироқ бўлган ибора "милиция" сўзининг тўлиқ функциясини беролмайди, лекин шундай қабул қилингандан кейин, нима ҳам дердик.

Дарвоқе, "милиция" сўзи ҳақида: қадимги Римда қуролланган кўнгилли, халқ дружиначилари "милиция", деб аталганмиш. Полиция эса ўз навбатида шаҳарда тартиб-қоидаларни ҳимоялайдиган бўлинмалар бўлган.

Собиқ Иттифоқда милиция хизмати пайдо бўлиши тарихи

Октябрь тўнтаришидан кейин, янги совет ҳукумати ўзини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш (ким-ким, лекин тўполончи большевиклар тартиб ҳақида маълум тушунчага эга бўлган) мақсадида ҳуқуқ-тартибот ҳимояси органини тузиш муаммоси билан дуч келади. Ва давлат асосчиси Лениннинг таълимотига кўра, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш учун ўқимишли, профессионаллардан ташкил топган орган бўлиши лозим ҳам эмасди.

Шундай қилиб, 1917 йилнинг 10 ноябрида (янги тавқим бўйича) кўнгилли, қуролланган шахслардан иборат милиция тузилади. Номи ҳам шунга яраша бўлади. Шу тарзда ҳаваскорлардан иборат ички ишлар органи ташкил топган ва биз кўриб чиқаётган номга асос солинган эди. Дастлабки йилларда ушбу ташкилотда буюк юмористлар М.Зошченко ва Е.Петровлар ҳам бир муддат фаолият кўрсатганида қандайдир рамзийлик борга ўхшайди.

Ўзбек милиционери - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев милиционерлар тўғрисидаги қонунни имзолади
Айтиш лозим, совет ҳукумати, гарчи милиция органлари учун ходимлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари ташкил этган, минглаб мутахассислар тайёрлаган бўлса-да, охиригача ўз тамойилига содиқ қолди – милиция органларига фуқаролик ўқув юртларини битирган олий маълумотли мутахассислар хизматга олинаверди, партия ва комсомолдан йўлланма билан келган раҳбарлар уларга раҳбарлик қилди. Қайсидир маънода милиция охиригача кўнгилли қуролланган ташкилотлигича қолди.

Ўзбек милицияси ҳам айнан шу йилларда шаклланган бўлса-да, мустақиллик даврида ўзига хос йўлни босиб ўтиб, маълум тажрибага эга бўлди.

Мустақилликдан олдин жамиятдаги вазият ҳақида икки оғиз сўз

Ўтган асрнинг 80-йиллари ўртасида бошланган эврилишлар секин-асталик билан, лекин қатъий равишда мамлакатда амалдаги қонунчиликни ерпарчин қилиб борди. Давлатдан путур кетиши билан бир вақтда жамиятда у томонидан жорий этилган тартиб-қоидалари ҳам обрўсизланиб борди. Натижада жамиятда секин-аста қамоқхоналарда маҳкумлар томонидан ўйлаб топилган тартиб-қоидалар асосий ўринга чиқа бошлади. 90-йилларнинг бошига келиб, қамоқда ўтириб чиққанлар жамиятда обрўли кишилар сафига кириб, ўқимишли, зиёли, қонунларни ҳурмат қиладиган фуқаролар масхара объектига айланди. Жамиятда жиноятчилик авж олди.

Ички ишлар автомобили - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда ички ишлар органлари тўғрисидаги қонун қабул қилинди
Худди шундай шароитда Ўзбекистонинг биринчи Президенти Ислом Каримов жамиятда ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга астойдил киришди. 1990 йилда Жиноят Кодексига ўзгартиришлар киритилиб, милиция ходимини ўлдирганлик, унга жароҳат етказганлик учун жавобгарлик оширилди. 1991 йилнинг 25 октябрида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан шу пайтга қадар бевосита собиқ СССР ИИВ тасарруфида бўлган Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига ўтказилди.

1992 йили ички ишлар органлари ходимларининг ижтимоий ҳимоясини ошириш борасида тегишли қарор қабул қилинди.

1993 йилдан бошлаб эса жамиятга уюшган жиноятчиликка қарши кураш ишлари жонлантирилди. Шу мақсадда ички ишлар органлари тизимлари босқичма босқич ўзгартирилиб, қайта ташкил этиб борилди.

Ички ишлар органлари тизимлари босқичма босқич профессионал тизимга ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ходими - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон ИИВда қатор лавозим ўзгаришлари амалга оширилди
Хусусан, муқаддам, совет тузуми даврида ҳар қандай милиционер секин-асталик билан унвони ошиб борган, "старшина" унвонигача етиб, қандайдир лавозимни эгаллаган бўлса, 2000 йиллардан бошлаб, ўзбек милициясида  ҳатто "кичик сержант" унвонини олиш учун ҳам маълум муддат Ички ишлар вазирлиги Академиясига танлов асосида, кириш имтиҳонларини топшириб, ўқиши белгилаб қўйилди. Яна бир қизиқ жиҳати, Академияда сержантликка ўқиш учун ҳужжат топшириш учун ҳам камида касб-ҳунар коллежининг ёки лицейнинг дипломига эга бўлиш лозим. Асосан эса фуқаролик олий ўқув юртларини тугатиб келган олий маълумотлилар қабул қилинади.

Милицияни профессионал ўзакка ўтказиш мақсадида мустақилликнинг дастлабки йиллари Тошкент Олий милиция мактаби ИИВ Академияси сифатида қайта ташкил этилди. Академия ва Ёнғин хавфсизлиги Олий техника мактаби сафига янги олий ўқув юрти – Тошкент олий-ҳарбий техника билим юрти қўшилди.

Шундай қилиб, ИИВ тизимлари учун Академия – ҳуқуқшунослар, турли йўналишлар учун сержантлар, Тошкент олий-ҳарбий техника билим юрти командирлар, техник ходимлар, иқтисодчилар тайёрлаб берадиган бўлди.

2000-йилларнинг бошига келиб, ИИВ тизимларининг бир қатор хизматларида туб ислоҳотлар амалга оширилди. Бунда асосий эътибор жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, жамоат тартиби ва хавфсизлиги йўналишлари бош масала қилиб қўйилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида ўзбек милицияси шаклланиб профессионал даражага етди. Буларнинг ҳосиласи сифатида яқинда дунёнинг 142 та мамлакатида ўтказилган сўровларга кўра Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида энг тинч ва хотиржам давлатлар қаторида иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистонда милиция ходимларининг мавқеи қандай?

Айтиш керак, Ўзбекистонда милиция фаолиятининг кучли тарғиботи мавжуд эмас. Унинг ишлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар кам, фильмлар деярли ишланмайди, бадиий асарларни эса онда-сонда учратиш мумкин.

Россия ИИВда бўлгани каби, оммавий ахборот воситалари орасида танловлар ўтказилмайди. Шунга қарамай,  халқ милицияни ҳурмат қилади. Албатта, бу ҳурматни чексиз-чегарасиз деб бўлмайди. Бироз шубҳаланишга ўхшаш туйғулар ҳам бор. Албатта-да, ички ишлар органлари хайрия ташкилоти эмас. Мамлакат ичида тартиб-қоидани таъминлайди, уни бузганларни тартибга чақиради. Шундай экан, милицияни ҳамманинг бирдай севиши ва ҳурмат қилиши мумкин ва, умуман, шарт ҳам эмас. Ишончнинг ўзи бас!

Ўрни келганда, айтиш лозим, ички ишлар органларида ишлашнинг оғир жиҳатлари кўп. Мунтазам жамиятнинг энг бетартиб, қайсар ва уришқоқ қисми билан муомалада бўлишга, уларга чоралар кўришга мажбур. Бунинг учун бировдан раҳмат эшитишни хаёлга ҳам келтириш оғир.

Жиноятда гумон қилиб, ҳибсга олинганлар. - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбек милиционери оиласи қотилларига 15 йилдан 25 йилгача қамоқ жазоси берилди
Шунинг учун бўлса керак, қадимги Римда фуқаролар полицияда ишлашни ор билишган. Улар полицияда ишламаслик учун ўзларини қуллар ҳибсга олишга ҳам рози бўлганлар.

Албатта, ҳозир бу даражада эмас. Юқорида қайд этиб ўтилган қонунда ички ишлар органи ходимлари зиммасидаги вазифанинг қанчалар мураккаблиги, бу вазифани бажариш оқибати нафақат унинг ўзига, балки оила аъзоларига ҳам маълум муаммоларни кетириб чиқариши мумкинлиги эътиборга олинган.

Хусусан, ходимнинг оила аъзоларига боқувчисини йўқотганликда пенсия таъминоти, ходим, унинг яқин қариндошларининг мол-мулкига хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳолатда етказилган зарарнинг ўрнини давлат бюджетидан қоплаш, хизмат вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг фарзандларини олий ҳарбий таълим муассасаларига қабул қилишда имтиёзлар берилиши мумкинлиги шулар жумласидан.

Милиционерлар томонидан қурол қўлланилиши хусусида икки оғиз сўз

Яна бир ҳолат тўғрисида тўхталиб ўтиш лозим. Бу бизнинг жамиятимиз учун ўта нозик бўлган қурол қўллаш масаласи.
Албатта, АҚШ билан солиштириш бироз ўнғайсиз, лекин оммавий ахборот воситаларига кўра АҚШда шу йилнинг дастлабки 6 ойида фуқароларга нисбатан 500 марта қурол қўлланилган. Ўзбекистонда эса шу даврда милиция томонидан фуқароларга нисбатан умуман қурол қўлланмаган.

Фуқаролар қўлида миллионлаб қуроллар сақланаётган, ўқотар қурол олиш муаммо бўлмаган АҚШда шунчалар қаттиққўллик қилинмаса ҳам бўлмас балки. Лекин кишини қувонтирадигани, ўзбек милицияси, ҳатто қонун қурол қўллашга рухсат бериб, шундай ҳуқуқ билан таъминлаган ҳолларда ҳам ундан фойдаланмасликка ҳаракат қилади.

Бунинг сабабини нафақат ҳуқуқ ва қонунлардан, балки, миллий менталитетдан ҳам қидиришга тўғри келади.

Яна бир жиҳати, ўзбек милицияси ўз фаолиятини таҳлиллар асосида ташкиллаштиришда анча илгарилаб кетган. Бунда нафақат ўз хатолари, балки ўзгаларнинг камчиликларидан ҳам тегишли хулосалар қилишга жиддий эътибор беради.

Шуниси билан ўзбек милицияси дунёнинг илғор ҳуқуқ-тартибот идоралари қаторига кирса керак.

Дейлик, Франция ва Белгияда содир этилган террорчилик ва қўпорувчиликлардан кейин, Ниццада, мустақиллик байрами вақтида сайрга чиққан фуқароларни террористнинг ихтиёрига топшириб қўйилишини қандай тушунса бўлади?

Албатта, Франция полициясини айблаш фикридан йироқмиз, лекин унинг вазифаси нима ўзи? Ҳеч бўлмаса байрам куни ҳушёр бўлиш керак эмасми? Халқ солиқ тўлаяпти, "шу давлат, шу полиция мени ҳимоя қилади", деб ишониб, бола-чақаси билан сайрга чиққан… Уни эса…

Франция полиция хизмати ходимлари - Sputnik Ўзбекистон
Француз полициячиси мамлакат президенти ва Бош вазир билан қўл бериб кўришишдан бош тортди
Алақандай тадбир вақтида Франция президенти қўл узатганда бир полиция ходими номайишкорона тарзда у билан кўришишдан бош тортди. Бу полициянинг ночор аҳволидан норозилиги эмиш.

Полиция ходими норозилик билдириши?! У ё бурчни бажариши ёки аризасини ёзиб, бўшаб кетиши керак, тамом! Ахир, ҳатто "Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт"да ҳам полиция ходимларига касаба уюшмаларига бирлашиш, иш ташлаш тақиқланиши мумкинлиги белгилаб қўйилган. Шундай экан, халқнинг шунчалар жабр чекишига сабаб бўлиб турган бир пайтда, полиция ходимининг норозилик билдиришга маънавий ҳаққи борми?

Полиция ўзини шунчалар камситилган ҳисоблаётгани сабабли ҳам, балки террорчилик ўзини эмин-эркин ҳис этаётгандир? Майли, бу Франциянинг муаммоси ва ўзлари ҳал қилиб олади.

Айтмоқчи бўлганим, ўзбек милицияси норозилик билдиргани, шикоят қилганини шахсан мен эшитмаганман. Бу уларда ҳаммаси силлиқ, текис дегани эмас, албатта. Муаммо ҳар ерда ҳам бўлади, уларни халқнингг тинчлиги ва хавфсизлигига дахл қилмаган, халақит бермаган ҳолда ҳал қилишга ҳаракат қилинади. Бу ўзбек милициясининг бурчга садоқати анчайин мустаҳкамлигини кўрсатади.

Янги қабул қилинган қонунда ҳам миллий менталитетдан, шароит-шароитлардан келиб чиққан ҳолда, қурол қўллаш тартиблари белгилаб қўйилган. Хусусан, ички ишлар органлари ходимларига фақат ҳужум, аниқ жиноятлар жараёнида қурол қўллаш рухсат берилган. Шунда ҳам тасодифий шахслар жабрланиши эҳтимоли мавжуд бўлса ҳар қандай ҳолатда, шунингдек, аёлларга, ногиронларга ва болаларга нисбатан қурол қўллаш мумкин эмас.

Демак, ўзбек милицияси ўз анъаналарига содиқ қолади. Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлат сиёсатига айланган тамойил – инсон ҳаёти энг муқаддас омил.

Шу ўринда яна бир гап. Янги қонунда "Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси"га (27-модда) хилоф равишда ички ишлар органлари ходимларига бадиий ижод билан шуғулланиш, аниқроғи, ушбу фаолият учун моддий манфаатдор бўлиш тақиқлаб қўйилган. Буям коррупцияга қарши курашнинг бир йўли бўлса керак-да(!).

Мамлакатнинг биринчи Президенти И.Каримов вафот этганда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига бир ёш аёл келиб, "Мен болаларимни шу инсонга ишониб, Ўзбекистонга ташлаб келган эдим, энди нима қиламан?" деб уввос солиб йиғлаган эди.

Ишонаманки, ўзбек милицияси бундан кейин ҳам фарзандларимизни ҳеч кимга хор-зор қилиб қўймайди!

Ўзбекистон ички ишлар органлари ходимларини, сал эртароқ бўлса-да, кириб келаётган байрамлари билан самимий қутлайман!

Янгиликлар лентаси
0