Наримон Умаров

Наримон Умаров: Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо иттифоқчиси бўлиб қолади

171
"Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Наримон Умаров Sputnik Ўзбекистонга берган интервьюсида мамлакат иқтисодиётида янги технологияларнинг тутган ўрни, Орол денгизини қутқариш, Москва ва Тошкент муносабатлари ҳамда терроризмга қарши кураш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди

— Сизнинг фан оламидан катта сиёсатга кириб келишингизга нима туртки бўлган?

— Социал-демократия ғоялари мен учун жозибали бўлиб, менга маъқул келади. Илмий ходим сифатида фаолият олиб борган пайтимдаёқ адолат ва қонун устуворлиги мен учун ҳаётдаги асосий тамойил ҳисобланарди. Бежизга буюк давлат арбоби Амир Темур давлатни бошқаришда "Куч адолатдадир" тамойилига суянмаган. Бизнинг халқимиз азалдан адолат ва ҳақиқатга, одил жамият қуришга интилиб келган. Зеро, адолат устувор бўлган мамлакат гуллаб-яшнайди, фуқаролар эса хушфеъл ва бағрикенг инсонларга айланадилар. Ишончим комилки, фақатгина адолат мавжуд жойда ривожланиш, юқори марраларга эришиш мумкин.

1995 йилда "Адолат"  СДП тузилаётганда партия дастурида айнан мана шу тамойиллар асос қилиб олинган. Ўша даврда мен партиянинг турли тадбирларида иштирок этардим. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва "Экосан" жамғармасида фаолият кўрсатишим мобайнида эса ўзаро алоқамиз мунтазам тусга кирди. Экология ва атроф-муҳит масалалари партиянинг сайловолди дастуридан муносиб ўрин эгаллади.

Партиянинг иккита Дастурини тайёрлаш жараёнида бошқа экспертлар билан биргаликда мен ҳам иштирок этдим ва ўшанда атроф-муҳитни назорат қилишнинг иқтисодий механизмини амалга ошириш масаласи устувор вазифалардан бири этиб белгиланди ҳамда унда "Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп тўлаши лозим " деган ғоя ўз аксини топди. Шунингдек, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва энергияни тежаш, энергиянинг муқобил манбалари борасида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти бўйича партиянинг бошқа экспертлари билан ҳамкорликда таҳлилий ишлар олиб борилди. Мазкур муносабатлар кейинчалик доимий асосга айланди.

— Сиз давлат раҳбарлигига асосий даъвогар сифатида Ислом Каримов қатнашган ўтган йилги Президентлик сайловларида ҳам иштирок этгандингиз. Бу сафарги сайловларда ўз имкониятингизни қандай баҳолайсиз ва асосан нимага таянмоқчисиз?

— Ўтган сафарги сайловлардаги иштирок партиямиз жамоаси учун муҳим тажриба тўплаш имкониятини берди, биз бой берилган имкониятлар ва камчиликларни таҳлил қилиб чиқдик. Бу биз учун улкан мактаб вазифасини ўтади. Ўтган давр мобайнида партия муносиб кадрлар билан мустаҳкамланди, ҳозирда уларга суяниш мумкин. Экспертлар аҳоли учун қизиқарли деб ҳисоблаётган янги дастуримиз билан бу йилги сайловларда иштирок этар эканмиз, сайловчиларнинг аксарият қисми ижобий баҳолашига умид қиламан.

Миллий қонунчилигимизга мувофиқ сайловолди кампаниясини ўтказишда барча номзодларга тенг шароитлар яратилган. Шунинг учун сайловчиларни бизга овоз беришларини таъминлаш фақат бизнинг ўзимизгагина боғлиқ. Албатта, биз манфаатларини ҳимоя қилаётган сайловчиларга таянамиз.

— Сиз ихтисослигингиз бўйича гидрогеолог ва инженер-геологсиз. Турли йилларда мелиорация муаммолари, Орол денгизи қуришининг экологик оқибатлари ҳамда қишлоқ хўжалик ерларини суғориш тизимининг самарадорлигини ошириш масалалари билан шуғуллангансиз. Сизнингча Орол денгизи муаммосини бугунги кунда қандай ҳал этиш мумкин?

— Фаолиятим давомида Орол денгизи муаммоси билан тез-тез шуғулланишимга тўғри келган, чунки бу экологик ҳалокат аҳолиси 60 миллион нафардан ортиқ бутун бир минтақанинг манфаатлари билан боғлиқ. Гидрогеолог сифатида мен аҳолини, биринчи навбатда Оролбўйи ҳудудини ичимлик суви билан таъминлайдиган манба сифатида ерости сувларини излаб топиш ва эколог сифатида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари билан шуғулланганман. Халқаро лойиҳалар ва БМТ шафеълиги остидаги дастурларни амалга оширишда иштирок этганман.

Маълумки, бу муаммони биргина давлат томонидан ҳал қилишнинг имкони йўқ ва шунинг учун Марказий Осиё мамлакатлари сиёсий раҳбарлари томонидан биргаликда ҳамкорлик қилиш зарурияти эътироф этилган ҳолда Оролни қутқариш халқаро фонди (ОҚХФ) ташкил этилган. ОҚХФ доирасида иккита беш йиллик дастур амалга оширилди, айни пайтда эса ишлаб чиқиш жараёнида мен Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари сифатида иштирок этган учинчи дастур амалга оширилмоқда. Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ОҚХФ раиси ҳисобланади. Дастурда асосий муаммолар ва уларни биринчи навбатда минтақа аҳолиси учун қулай экологик-санитар шароитлар яратиш ва атроф-муҳит учун экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш орқали ҳал қилиш йўллари белгиланган. 

Минтақанинг барча мамлакатлари саъй-ҳаракати билангина натижага эришиш мумкин деб ҳисоблайман, қабул қилинган дастурдаги чораларни амалга ошириш эса шубҳасиз ўзининг ижобий натижасини беради. Белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш учун эса кўпроқ халқаро молия институтлари маблағлари ва мутахассис-экспертларни жалб этиш лозим.

— Сув ресурслари муаммоси Орол билан бирга қўшни давлатлар билан сув ресурсларини тақсимлаш ва улардан фойдаланиш борасидаги кескин муносабатларда ҳам ифодаланади. Ўзбекистон турли халқаро минбарларда, жумладан БМТда минтақада сув манбаларидан тенг ҳуқуқли ва адолатли асосларда фойдаланиш борасида кўп бор чиқиш қилган. Тожикистон томонидан Роғун ГЭСи ва Қирғизистон томонидан Қамбарота ГЭСи қурилиши асносида мазкур гидрологик муаммони сизнингча қандай ҳал этиш мумкин?

— Сув ресурслари бўйича мутахассис сифатида мен Ўзбекистоннинг мазкур муаммога нисбатан расмий позициясини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Фаолиятим тақозоси билан бу муаммога бағишланган халқаро ва минтақавий тадбирларда чиқишлар қилишимга тўғри келган. Минтақада сув ресурслари чекланган ва бу аксиомани исботлашга ҳожат йўқ. Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича иккита Халқаро  Конвенция аъзоси ҳисобланади ва бу борада Ўзбекистоннинг позицияси қатъийдир. Бу мавжуд сув ресурсларидан минтақадаги бошқа мамлакатларга зарар етказмаган ҳолда фойдаланишдир.

Сиз юқорида айтиб ўтган йирик лойиҳалар албатта бугунги вазиятга таъсир кўрсатади. Бу ерда мажмуавий ва оқилона ёндашув ҳамда мазкур лойиҳаларнинг мувофиқ экспертизаси лозим. Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича кенг миқёсдаги чоралар амалга оширилмоқда, қишлоқ хўжалик майдонларини суғоришда сувни тежовчи технологиялар фаол жорий этилмоқда, сувни кам талаб қиладиган экинларни етиштиришга эътибор қаратилмоқда.

Умуман олганда, Марказий Осиё минтақаси учун сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш муаммоси мамлакатларимизнинг иқтисодий ривожланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бу масалалар ҳам "Адолат" СДПнинг дастурида устувор вазифа сифатида белгиланган ва биз уларни ҳал қилиш борасида фаол ҳаракат олиб борамиз. 

— Сизнинг партиянгиз энергиянинг муқобил манбаларини ривожлантириш, мазкур соҳада инновацион технологияларни жорий этиш дастурини олға сурмоқда. Хусусан, сўнгги пайтда республикада қуёш батареяларидан фойдаланиш ошди, шунингдек, атроф-муҳитнинг ифлосланиш даражасини камайтириш ва самарадорликни оширишга қаратилган анъанавий ёқилғи турларини ишлаб чиқарувчи технологиялар такомиллашмоқда. Бундай юқори технологик лойиҳаларнинг таннархи баландлиги ҳамда харажатларни қоплаш узоқ вақт талаб қилишини ҳисобга оладиган бўлсак, мазкур соҳани қандай тарзда ривожлантиришни режалаштиргансиз?

— Сиёсий рақибларимиздан фарқли равишда биз Ўзбекистоннинг келажаги инновацион иқтисодиётда деб ҳисоблаймиз. Янги иқтисодиёт ва модернизацияга асосланган янги технологиялар инсон ва ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини олға суради.

Халқаро тажрибаларни умумлаштирган ҳолда таҳлил қилиб чиққан мутахассисларнинг таъкидлашларича, инновациялар ва инновацион фаолият жадал иқтисодий ривожланишнинг мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Зеро фақат инновацион фаолиятгина ишлаб чиқаришнинг мунтазам равишда техник ва технологик янгиланиши, замонавий технологияларга асосланган корхоналар ташкил этиш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, рақобатбардош маҳсулотлар  ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳсулот ва хизматларни жаҳон бозорига олиб чиқишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Биз иқтисодиётга энергияни тежовчи янги технологияларни кенг жорий этиш тарафдори сифатида мазкур йўналишдаги фаолиятимизни янада кучайтиришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Ўтган давр давомида тўпланган тажрибамиздан фойдаланган ҳолда энергия сарфини камайтиришга хизмат қилувчи механизмларни яратиш, аҳоли ўртасида энергетика ресурсларидан тежаб фойдаланиш борасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришда давом этамиз.

Шу билан бирга уй-рўзғор ва коммунал йўналишларида соҳаларида қуёш энергияси ва бошқа муқобил манбалардан кенг фойдаланиш бизнинг диққат марказимизда бўлади. Биз шу мақсадда муқобил манбалар, жумладан қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, зарур ўлчов ва меъёрларни тасдиқлаш, муқобил энергетикани жорий этиш ва ривожлантириш бўйича махсус дастур қабул қилишни таклиф этамиз.

Ҳа, сиз ҳақсиз, қайта тикланадиган энергия технологияларнинг нархи арзон эмас. Бироқ биз келажак муқобил энергетикада деб ҳисоблаймиз. Йилдан-йилга бундай технологияларнинг нархи арзонлашиши кузатилмоқда, бу эса бизга келажакда мазкур соҳанинг кенг ривожланишига умид беради. Иккинчидан, кейинги 15-20 йил ичида жаҳоннинг барча ривожланган давлатларида энергетика ва экологиянинг глобал муаммоларини ҳал қилишда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишга муҳим ўрин ажратилмоқда. Қулай табиий шароитга эга бўлган республикамиз учун муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш анъанавий ресурсларни тежаш ва аҳолининг ижтимоий-маиший шароитини яхшилаш нуқтаи назаридан ҳам долзарбдир. 

Келгусида биз қишлоқ жойларида қурилаётган намунали уй-жойлар ва ижтимоий объектларда (болалар боғчалари, коллежлар, лицейлар, қишлоқ врачлик пунктлари, поликлиникалар, туғруқхоналар) муқобил энергия манбалари ўрнатилиши ва мазкур йўналишда ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш масаласини кўтариб чиқамиз. 

—"Адолат" партияси дастурида кўрсатилган устувор вазифалар орасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари самарадорлигини ошириш, куч ва суд тизимлари фаолиятини назорат қилиш ҳамда коррупцияга қарши кураш ҳам ўрин олган. Яқиндагина "Ички ишлар органлари ҳақида"ги қонун қабул қилинди, шунингдек, парламент назорати ва коррупцияга қарши кураш ҳақидаги конунлар муҳокама қилинмоқда, судлар фаолияти ҳақидаги қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Мазкур чора-тадбирлар етарлича самара беради деб ҳисоблайсизми ёки фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қўшимча қонунлар қабул қилиниши керакми?

— Маълумотингиз учун, "Коррупцияга қарши кураш ҳақида"ги қонун ҳозирча қабул қилинмади ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинмоқда.
Биз кучли суд-ҳуқуқ тизимисиз олий қадрият ҳисобланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб бўлмайди деб ҳисоблаймиз. Ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, судларнинг ҳокимиятнинг мустақил бўғини сифатидаги мустақиллигини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш борасида самарали ишлар олиб борилди.

Мазкур соҳада амалга оширилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда биз ишончли ва одил судлов тизимини шакллантириш учун бу чоралар етарли эмас деб ҳисоблаймиз. Шу сабабли биз судларнинг мустақиллиги ва нуфузини мустаҳкамлаш, суд жараёни ва судлов қонунчилигида адолат ва ўзаро рақобатга йўналтирилган, суд-ҳуқуқ тизимини бундан буён ҳам ислоҳ қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш ва қўллаб қувватлашда давом этамиз.

Биз "Хабеас корпус" институти қабул қилинишини янада кенгайтириш, айбига иқрор бўлиш ва дастлабки тергов жараёнида суд назоратини кучайтириш тарафдоримиз. Биз суднинг ҳар қандай фуқаро учун холислиги, одиллигини таъминлаш, судлов ҳимояси соҳасини кенгайтириш суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштиришнинг муҳим йўналишлари деб ҳисоблаймиз. Биз суд тизимининг бундан буён ҳам институционал ривожланишига, унинг ташкилий-кадрлар ва процессуал мустаҳкамланиши, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган чораларни амалга оширишни таклиф этамиз.

Шунингдек, суд фаолиятининг очиқлиги ва холислиги, суд жараёнида томонларнинг тенглигини таъминлаш, судьяларнинг масъулиятини ошириш, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, судлар фаолияти билан боғлиқ маълумотларни олишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз.

— Партия дастурида кўрсатиб ўтилган ижтимоий вазифалар орасида уй-жойлар қурилиши, жумладан бюджет соҳаси ходимлари учун уй-жойлар қурилиши масаласи ҳам бор. Мазкур дастурни қандай манбалар эвазига амалга ошириш режалаштирилган ва уни татбиқ этишнинг механизми ишлаб чиқилганми?

— Ҳа, партия дастурида ижтимоий вазифалар орасида уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилган. Бунда бюджетдан ташқари манбалар ҳисобига бюджет соҳаси ходимлари учун уй-жойлар қуришни кенгайтириш ва бюджет соҳаси ходимларига уй-жойларга эга бўлишда манзилли субсидиялар ажратишга урғу берилган. 2005 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан шаҳар ва қишлоқ жойларда уй-жойлар қурилишини ривожлантириш учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити бериш тизими жорий этилган. Мазкур дастурни амалга ошириш ҳисобига кейинги 5 йил давомида Ўзбекистонда 50 мингдан ортиқ замонавий ва намунавий уй-жойлар қурилди.

Биз мазкур қурилишларнинг келгусида ҳам ривожланишини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда уй сотиб олиш ва қуриш учун ипотека кредити бериш жараёнини такомиллаштириш, фоиз ставкаларини нафақат ёш оилалар, ҳарбий хизматчилар учун, балки бюджет соҳаси ходимлари учун ҳам мақбуллаштиришни таклиф этамиз.

— Сизнингча, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорликни қайси соҳаларда кучайтириш даркор?

— Аввало, ташқи сиёсат соҳасида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида янада интеграциялашуви, мамлакатимизнинг 2012 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият Концепцияси асосида икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бизнинг асосий вазифамиз эканлигини таъкидлаш жоиз. 

Биз бундан буён ҳам мамлакатимиз нуфузини жаҳон майдонида оширишда давом этамиз, турли ҳарбий блок ва коалицияларга киришга йўл қўймаймиз, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар, жумладан Россия Федерацияси билан ҳам сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлаб борамиз. 

Биз МДҲ давлатлари билан бир қаторда Россия билан ҳамкорлик Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб ҳисоблаймиз. Биз бундан буён ҳам икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-интеллектуал алоқалар изчил ривожланиши тарафдоримиз. Бугунги кунда Россия мамлакатимизнинг энг йирик савдо ҳамкоридир ва биз у бундан кейин ҳам асосий савдо-иқтисодий иттифоқчимиз бўлиб қолиши тарафдоримиз.
— Сизнингча, хозирда хорижда ишлаётган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш масаласини ниманинг ҳисобига ҳал этиш мумкин? Миграция муаммосини ҳал қилиш учун алоҳида дастурга эгамисиз?

— Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан ҳар йили Ҳукумат томонидан киритиладиган аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича Давлат дастури кўриб чиқилади ва қабул қилинади. Ва йил давомида дастур ижроси юзасидан парламент назорати амалга оширилади. Айни шу кунларда барча фракциялар ва палата қўмиталарида 2017 йил учун Давлат дастури лойиҳаси кўриб чиқилмоқда, унга кўра келаси йили ҳозирда хорижда ишлаётган шахслар учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит ажратиш, алоҳида ихтисослик талаб этмайдиган ишларга жалб этиш, шунингдек, ер участкалари ажратиш орқали 150 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Лекин бизнингча, бу иш ўринлари етарли эмас. Умуман олганда, муаммони босқичма-босқич, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрлашни бошлаш билан ҳал этиш лозим.

Партиямизнинг сайловолди дастурида фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни касбга ўқитиш ва қайта йўналтиришга оид қонунларни ишлаб чиқиш борасидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган. 

Яъни биз норматив ҳужжатлар қабул қилиниши билан бир қаторда ишга жойлашиш муаммосини меҳнат бозори билан касб-ҳунар таълими ўртасидаги алоқани мустҳакамлаш орқали ҳал этиш тарафдоримиз. Шунинг учун биз ўрта-махсус касб ҳунар таълимидаги ихтисослик йўналишларини кадрларга бўлган истиқболдаги талабларга мувофиқ ҳолда босқичма-босқич кўриб чиқиш орқали сифатли таълимни жорий этиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

Хусусан, гуманитар таълим йўналишларини собитлик билан қисқартириш ва хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, уй-жой-коммунал хўжалиги соҳаларида мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш зарур. 
— "Ислом давлати", халқаро терроризм ҳамда Афғонистондаги кескин вазият сабабли жиддий ташқи таҳдидларни ҳисобга олган ҳолда минтақада хавфсизликни таъминлаш масаласи сизнингча қандай ҳал этилиши лозим?

— Ўзбекистон Республикаси мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш масаласида ўз қатъий позициясини эгаллаб келмоқда, тинчлик ва барқарорликни таъминлашда ўз мавқеини мустаҳкамламоқда. Ўзбекистон терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда ҳамкорликни жаҳон миқёсида кучайтириш зарурлигини кўп бора таъкидлаган. Мамлакатимиз БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан терроризм ва диний экстремизмга қарши кураш доирасида қабул қилинган барча 14 халқаро конвенция ва протоколни ратификация қилган. Бунда, Ўзбекистон нафақат уларнинг асосий моддаларини миллий қонунчиликка жорий этган ҳолда мазкур ҳужжатларга қўшилди, балки уларни амалга ошириш бўйича давлат ва жамоат тузилмаларини ҳам ташкил этди.

Миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик кодекси, "Терроризмга қарши кураш", "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш тўғрисида"ги ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан ташкил топган терроризмга қарши кураш бўйича ишончли қонунчилик базаси шаклланган.  2000 йилда қабул қилинган ва кейинчалик такомиллаштирилган "Терроризмга қарши кураш ҳақида"ги қонун террорчиликка қарши чоралар кўрувчи давлат органлари доирасини ҳамда уларнинг мамлакатда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ваколатларини белгилаб берди.

Келгусида, биринчидан, ўсиб келаётган авлодни тинчликсеварлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаг орқали терроризмга қарши профилактика бўйича чораларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Албатта, бу борада фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш институти бўлган маҳалла муҳим аҳамиятга эга ва биз уларнинг ёшлар онгидан экстремизм ғояларини таг-томири билан қўпориб ташлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантириб борамиз.

Иккинчидан, экстремизм ва терроризмга қарши кураш стратегиясини амалга оширишдаги ҳамкорлик тамойилларига содиқ қолган ҳолда биз барча манфаатдор давлатлар билан узоқ муддатли муносабатлар ўрнатишга интиламиз, зеро терроризм ва экстремизмнинг ҳар қандай кўринишлари борган сари кўплаб мамлакатлар хавфсизлигига таҳдид солмоқда, улкан сиёсий, иқтисодий ва маънавий йўқотишларга олиб келмоқда.

— Сайловолди тарғиботини қандай амалга оширмоқчисиз: сайловчилар билан учрашувларни қандай шаклда ўтказасиз, уларга ўз ғоя ва таклифларингизни қай усулда етказасиз, рақибларингиз билан суҳбат ва мунозараларни қандай тарзда олиб борасиз?

— Сайловолди кампаниясида партиянинг ижроия аппарати, барча даражалардаги депутатлар ва тарафдорларимиз фаол иш олиб боришади. Айтиб ўтганимдек, миллий қонунчилик ва МСК қарорига асосан сайловолди кампаниясида барча номзодларга  тенг шароитлар яратилган.

Биз ҳозирда аҳоли ўртасида барча турдаги, жумладан замонавий кўринишдаги тарғибот усуллари акс этган фаолият дастурини тайёрлаганмиз. Ишончли вакилларимиз тасдиқланган, уларнинг саъй-ҳаракатлари асосида сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш жадвали ишлаб чиқилган. Бунда, биринчи навбатда биз жойлардаги маҳаллий партия ташкилотларимизга таянамиз. Номзод ва унинг ишончли вакили билан сайловчилар ўртасидаги учрашувда имкон борича аҳолининг аксарият қатлами қамраб олинади. Партия ғояларини тарғиб қилиш учун марказий, маҳаллий ва тижорат телевидениелари, шунингдек, радио ва интернет тармоғи, бошқа оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланилади.

Сўзим охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига бўлган эътиборингиз учун ташаккур билдираман.

171
Мавзу:
Ўзбекистонда президент сайлови (124)