Туркия президенти Ўзбекистонга ташриф буюрди

Эрдўғон Мирзиёевга сайловларда омад тилади

379
(Янгиланган 18:24 18.11.2016)
Эрдўғон Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олганлигини эслатиб ўтди ва сайловлардан сўнг президент ташриф учун танлайдиган биринчи мамлакат Туркия бўлишига умид билдирди

ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўғон Самарқандда Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкатом Мирзиёев билан учрашди.

Туркия президенти 17 ноябр куни Ўзбекистонга ташриф билан келди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Адҳам Икромов кутиб олди

Меҳмон дастлаб Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди, деб хабар берди Туркия президенти матбуот хизмати.

"Мен узоқ вақтдан буён ташриф буюра олмаган Ўзбекистонда эканлигимдан жуда мамнунман. Афсуски, мен Хитойда иш бошлаган G20 саммитида бўлганлигим сабабли марҳум Ислом Каримовнинг дафн маросимига кела олмадим. Дафн маросимида мамлакатимиз номидан бош вазир ўринбосари Туғрул Туркеш иштирок этди. Бугун жаноб Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш ва халқимиз номидан у кишининг хотирасига ҳурмат бажо келтириш имкониятига эга бўлдим. Бутун ўзбек халқига ўз таъзиямни билдираман", — деди Эрдўғон.

Туркия раҳбари Ўзбекистон мустаҳкам давлатчилик анъаналари, бой тарихий мероси ва стратегик жойлашувига кўра минтақадаги барқарорлик гарови эканлигини қайд этди. У 4 декабр куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Шавкат Мирзиёевга омад тилади. 

Эрдўғон Ўзбекистондаги сайловлардан сўнг президент ташриф учун танлайдиган биринчи мамлакат Туркия бўлишига ёки давлат раҳбарлари даражасидаги ташриф учун Туркия делегацияси республикага таклиф этилишига умид билдирди.

"Биз сизнинг ташрифингиздан мамнун бўлар эдик. Бу биз учун муҳим аҳамиятга эга бўлади", — деди Эрдўғон. Президент шунингдек, барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини билдирди. У Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб Туркия тан олганлигини эслатиб ўтди.

"Ўзбек ва турк халқлари, динимиз, тилимиз, тарихимиз ва мданиятимиз бир-бирига жуда яқин ва ўзаро боғлиқ, давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни муносиб дўстлик даражасига олиб чиқишни, ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишни истаймиз", — деди у.

Туркия етакчисининг айтишича, октябрь ойида Туркия ТИВ раҳбарининг Тошкентга ташрифи вақтида икки томон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган «йўл харитаси» ишлаб чиқилиши юзасидан музокаралар ўтказилган.

"Мазкур ҳужжатни такомиллаштиришда Ўзбекистон томонининг ҳисса қўшиши ҳамда тегишли таклиф ва мулоҳазаларни кутиб қоламиз. Умид қиламизки, қисқа вақт ичида томонлар келишувга эришади ва ҳужжатда акс этган фикрлар ҳаётга татбиқ этилади", — деди Туркия президенти.

Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Туркия президентининг Ўзбекистонга ташрифидан мамнунлигини билдирди.

"Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиш учун шахсан ташриф буюриб, марҳумнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирганингиздан миннатдорман. Ислом Каримов мустақил Ўзбекистоннинг меъмори эди", — деди Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон ва Туркия ТИВ раҳбарлари Абдулазиз Камилов ҳамда Мавлуд Човушўғли иштирокида икки давлат раҳбарининг музокаралари бўлиб ўтди.

379