Янги йил кайфиятидаги Тошкент

Тошкент майдон ва хиёбонларида янги йил томошалари бошланди

691
(Янгиланган 14:00 27.12.2016)
Ўзбекистоннинг Бош арчаси "Lokomotiv-Anhor" майдони маркази ўрнатилди. Баландлиги 26 метр, айланаси 7 метрдан ортиқ гўзал арчага минглаб шар ва ўйинчоқлар, камалакранг чироқлар зеб бериб турибди

ТОШКЕНТ, 27 дек — Sputnik. Ўзбекистондаги маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонларида Янги йил байрами тадбирлари бошланди, деб хабар қилмоқда "Жаҳон" АА.

Хабарда таъкидланишича, мустақиллик майдони, кўчалар, кўплаб боғлар кўзни қамаштиргучи ўйинчоқли зумрад арчалар билан безатилган.

Янги йил байрамига бағишланган театрлаштирилган-мусиқий тадбирлар ​Хадра майдони, Юнусобод тумани Сайилгоҳ майдони, Чилонзор тумани "Алгоритм" даҳасидаги "Roison Electronics" корхонаси олди майдони, Яшнобод тумани "Авиасозлар" шаҳарчаси майдони, Мирзо Улуғбек тумани "Локомотив" боғи, Сергели тумани "Бахт диёри" гузари олдидаги майдон ҳамда Бектемир тумани "Қуёшча нури" маданият ва истироҳат боғларида ўтказилмоқда. Бу ерда "Зумрад шаҳарча сеҳргари", "Бахт калити", "Ғаройиб қуш", "Қор маликаси" ва бошқа кўплаб спектакллар билан бирга ранг-баранг мусиқий дастурлар, ўйин ва викториналар, қизиқарли саҳна кўринишлари, цирк усталарининг дастури томошабинларга тақдим этилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистоннинг Бош арчаси "Lokomotiv-Anhor" майдони маркази ўрнатилди. Баландлиги 26 метр, айланаси 7 метрдан ортиқ гўзал арчага минглаб шар ва ўйинчоқлар, камалакранг чироқлар зеб бериб турибди

Майдондаги саҳнада Ўзбек Миллий академик драма театрининг "Семурғ" томошаси болажонлар эътиборига ҳавола этилмоқда. Ранг-баранг концертлар, турли интеллектуал ўйинлар, қизиқарли томошалар байрамга янада шукуҳ бағишлайди. Улкан Қорбола, айиғу тулкичалар, эртак ва мултфилмлардаги қувноқ қаҳрамонларни ҳам айнан шу ернинг ўзида учратиш мумкин. Турли прожекторлар, ёритиш мосламалари, лазерли технологиялар, замонавий махсус бадиий эффектлар майдоннинг оқшомги кўринишига ўзгача мафтункорлик, сеҳр ва жозиба бағишлайди. Эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис этасиз ўзингизни.

691
Теглар:
қор бобо, арча, байрам, янги йил, Тошкент