Ўзбекистонда йўлкирани пластик карточка орқали тўлаш жорий этилади

© Flickr / Post TruckЖамоат транспорти
Жамоат транспорти - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ҳужжатда яна бир оғриқли муаммо - йўл ҳақини нақд пулсиз тўлаш муаммосини ҳам ҳал этиш кўзда тутилган

ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Дастурни тасдиқлади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.

Ҳужжат доирасида беш йил давомида 303та янги йўловчи ташиш йўналиши, улардан 240тасини шаҳар атрофида ва қишлоқ жойлардан ўтадиган шаҳарлараро қатновларда очиш назарда тутилган. Янги йўналишлар очиш билан биргаликда автобуслар етишмовчилиги сабабли қатнов тўхтатилган йўналишлар тикланади.

Тошкент автобус бекатларидаги ахборот экранлари - Sputnik Ўзбекистон
Тошкент автобус бекатларида ахборот экранлари пайдо бўлди

Шунингдек, келгуси беш йил мобайнида 8,6 минг дона йўловчи ташиш автомобили, жумладан, 5,7 минг дона қулай микроавтобуслар сотиб олинади.

Автостанциялар, тўхташ бекатлари енгил конструкциялардан ва асосан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган арзон материаллардан (металл конструкциялар, сэндвич панеллар ва шу кабилардан) фойдаланган ҳолда намунавий лойиҳалар бўйича қурилади.

Йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш мақсадида автобус ва микроавтобусларнинг ишини GPS-трекерлар орқали масофадан онлайн режимида кузатиш жорий этилади.

Ҳужжатда яна бир оғриқли муаммо — йўл ҳақини нақд пулсиз тўлаш муаммосини ҳам ҳал этиш кўзда тутилган. Давлат раҳбарининг қарорига кўра, 2018 йилнинг 1 июл санасига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида шаҳар йўловчилар транспортида йўл ҳақини пластик карточкасида нақд пулсиз тўлаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилган.

Sam Autoнинг SAZ LE60 автобуси - Sputnik Ўзбекистон
Самарқандда йўловчи автобусларига тўлов терминали ўрнатилди

Дастурни молиялаштиришга келгуси беш йил давомида 840 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Бу асосан "Ўзавтосаноат-лизинг" ва бошқа лизинг компанияларининг маблағлари, тижорат банклари кредитлари, хусусий инвесторларнинг ўз маблағлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.

Дастурнинг самарали амалга оширилиши мақсадида давлат раҳбари бир қатор имтиёз ва чегирмаларни жорий этди. Хусусан, лизинг компаниялари ва ташувчиларнинг ўзлари янги сотиб оладиган микроавтобуслар учун Республика йўл жамғармасига тўланадиган йиғим тўловидан озод қилинадилар.

Шунингдек, четдан келтириладиган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, автобуслар ва микроавтобусларнинг ишини онлайн режимида мунтазам тарзда масофадан кузатиб боришни, йўлкирани нақд пулсиз тўлаш тизимини жорий этиш учун мўлжалланган барча материаллар, асбоб-ускуналар, деталлар божхона тўловларидан озод қилиниши ҳам назарда тутилган.

Такси байрам кунлари ногиронлар ва ҳомиладор аёлларни бепул ташимоқда - Sputnik Ўзбекистон
Урганч шаҳрида такси ҳомиладор аёлларга бепул хизмат кўрсатмоқда

Бундан ташқари, юридик шахслар шаҳар атрофидаги ва вилоятлар ичидаги шаҳарлараро йўналишларда (қишлоқ жойларда) автобусларда йўловчилар ташиш ҳажми бўйича ягона солиқ тўловидан озод қилинади.

Дастур бажарилишини назорат қилиш учун махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ачилбой Раматов зиммасига юкланди.

Янгиликлар лентаси
0