Ислом Каримов хотираси абадий

Музей, фонд, ёдгорликлар ва аэропорт: Ислом Каримов хотираси абадийлаштирилади

1498
(Янгиланган 09:34 26.01.2017)
Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади

ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Ўзбекистоннинг биринчи президенти кўп йиллар давомида фаолият олиб борган Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ташкил этилади, деб хабар бермоқда Sputnik мухбири.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

Қарорда келтирилишича, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ҳам Оқсарой қароргоҳида жойлаштирилади, Самарқанд шаҳрида эса Ислом Каримов музейи ташкил этилади ва Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо этилади.

Тошкент шаҳрида, Ислом Каримов туғилиб ўсган Самарқанд шаҳрида ва у киши биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида Ислом Абдуғаниевич Каримов сиймосини яратиш бўйича халқаро ижодий танловда ғолиб деб топилган ҳайкаллар ўрнатилади.

Қарорда шунингдек, ҳар йили Ислом Каримов таваллуд топган сана — 30 январь куни кенг нишонланиши, 2 сентябрь куни Хотира куни сифатида ёд этилиши кўрсатилган.

Шунингдек, Тошкент давлат техника университети, Асака шаҳридаги автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, Тошкент халқаро аэропорти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.

Қарорга мувофиқ олий ўқув юртлари талабалари учун Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси жорий этилади. Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида илмий ва бадиий асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратилади ҳамда Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган махсус почта маркалари чиқарилади.

Ўзбекистонни чорак аср давомида бошқарган биринчи президент Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрда 78 ёшида инсульт оқибатида вафот этди. Президентнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан қуйидаги инфографикамизда танишишингиз мумкин.

Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли
Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли

 

1498
Мавзу:
Ислом Каримов таваллуд топган кун муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар (25)