Кекса киши, архив сурат

Пенсия таъминотида янги йилдан жорий этилган асосий ўзгаришлар ҳақида

17686
(Янгиланган 18:16 26.01.2017)
Пенсия белгиланишига доир саволлар билан "Зарафшон" мухбири вилоят бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бошқармаси маблағларни бошқариш, пенсия ва нафақалар тўлови мониторинги бўлими бошлиғига мурожаат қилди

ТОШКЕНТ, 26 янв — Sputnik. Январ ойининг бошида пенсия ёшини белгилашда янги тартиб эълон қилингани — пенсияни тезроқ олиш имкони пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

"Зарафшон" нашри мухбири Тоғаймурод Шомуродов пенсия борасидаги бир нечта саволлар билан Самарқанд вилоят бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бошқармаси маблағларни бошқариш, пенсия ва нафақалар тўлови мониторинги бўлими бошлиғи Абдурашид Раҳимовга мурожаат қилди.

Нашрда чоп этилган интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

- Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига кимлар эга бўладилар?

– Ўзбекистон Республикаси фуқаролари "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунда назарда тутилган тартибда давлат томонидан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар. Қонуннинг 7-моддасига кўра,
эркаклар – 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда;

аёллар – 55 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда иш стажининг охирги 10 йили асос қилиб олинади.

– Иш стажи етарли бўлмаган ҳолда пенсия қандай тайинланади?

– Иш стажи етарли бўлмаганда тўлиқсиз пенсия тайинланади. Бунинг учун иш стажи камида 7 йил бўлиши керак. Иш стажига эга бўлмаган фуқаролар давлат пенсияларини олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

– Якка тартибдаги тадбиркор, чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс, деҳқон хўжалиги аъзоси келажакда давлат пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун иш стажини қандай расмийлаштириши зарур?

– Дарҳақиқат, айни пайтда айрим шахслар ёлланиб, кунлик тушум ёки йил охирида ваъда қилинган қишлоқ хўжалик масулотлари – ғалла ёки мева-сабзавотлар олиш учун ишлаб, эртага пенсияга чиқишда зарур иш стажига эга бўлмай қоладилар. Келажакда давлат пенсияси олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолмаслик учун якка тартибдаги тадбиркор рўйхатдан ўтиб фаолиятини бошлагач, давлат солиқ идораларига ўзи учун энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида ҳар ойнинг 25-санасига қадар суғурта бадали тўлаб боради.

Якка тадбиркор 3 кишини ёллаб ишлатиш ҳуқуқига ҳам эга. Ана шундай тақдирда у ёлланган ходим учун ҳам энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида суғурта бадали тўлаб боради. Солиқ идораси суғурта бадаллари тўлангани ҳақида бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига рўйхат тақдим этади ва унга асосан жамғармада якка тартибдаги тадбиркорга ва унинг ёлланган ходимига меҳнат дафтарчаси очилади. Шу вақтдан бошлаб иш стажи ҳисобланади.

Қонуний равишда чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс эса ваколатли орган томонидан берилган чет давлат ва у ерда бўлган вақт тўғрисида маълумотномани доимий яшаш жойи бўйича пенсия жамғармасига тақдим этса ва энг кам иш ҳақининг камида бир баробари миқдорида солиқ идорасига суғурта бадали тўлаган бўлса (тўлов даври ҳар ойда, чоракда ёки келганидан кейин уч ой ичида), пенсия тайинлашда иш стажига қўшиб ҳисобланади.

Деҳқон хўжалиги бошлиғи, қорамол етиштирувчи ҳар йили 1 октябрга қадар энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари миқдорида суғурта бадали тўлайди ва бу ҳақда солиқ идораси тақдим этган маълумотга кўра пенсия жамғармасида меҳнат дафтарчаси очилиб, иш стажи юритиб борилади.

Шуни таъкидлаш керакки, ёлланма ишчининг пенсия жамғармасида иш стажи ҳисобланиши учун у тўлайдиган суғурта бадали миқдори энг кам иш ҳақининг 0,5 баробаридан кам бўлмаслиги керак.

– Пенсия таъминотида янги йилдан жорий этилган ўзгаришларнинг асосийларига ҳам тўхталиб ўтсангиз?

– 2016 йил 27 декабрда "Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонуни имзоланди. Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуннинг 47 ва 65-моддаларига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, 47-модда биринчи қисмининг "а" ва "б" бандларидаги "уч ой" деган сўзлар "олтмиш кун" деган сўзлар билан алмаштирилди.

"а" бандига батафсил изоҳ берадиган бўлсак, умумий қоидага кўра, пенсия унга мурожаат қилинган кундан бошлаб тайинланади. Бироқ қонун пенсияни бирмунча олдинроқ муддатдан тайинлашни ҳам назарда тутади.

47-модданинг "а" банди, фуқаро пенсия ёшига тўлгандан кейин уч ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этса, унга пенсия, пенсия ёшига етган кундан эътиборан тайинлаш кўзда тутилган эди.

Мисол учун, 1956 йил 5 январда туғилган М.Мансуров 2016 йил 2 мартда ёшга доир пенсия тайинлашини сўраб мурожаат қилади. Пенсия ёшига етган кун билан пенсияга ҳақиқий мурожаат қилган кун ўртасида 3 ой ўтмаганлиги сабабли унга 2016 йил 5 январдан пенсия тайинланган бўларди.

Қонунга ўзгартириш киритилганлиги сабабли худди шундай ҳолатда фуқаро 2017 йил 1 январдан кейин пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этганда, пенсия ариза берган кундан эътиборан тайинланади. Мисол учун, 1957 йил 12 январда туғилган М.Мўминов 2017 йил 25 мартда ёшга доир пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган. Унга пенсия ариза берган кундан бошлаб тайинланади. Чунки пенсия ёшига етган кун билан пенсияга ҳақиқий мурожаат қилган кун ўртасида "60 кун" муддат ўтиб кетган.

17686