Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги халқ қабулхонасига ташриф буюриши

Мирзиёев: "Халқ қабулхоналари - адолат замини бўлсин"

1051
(Янгиланган 10:49 04.02.2017)
Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Ўзбекистон Президентнинг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди

ТОШКЕНТ, 4 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда Президент матбуот-хизмати.

Қабулхонага кираверишда Шавкат Мирзиёевнинг "Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш — одамийликнинг энг олий мезонидир", деган сўзлари битилган.

Шавкат Мирзиёев Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишар экан, унинг ташкилий жиҳатларига юқори баҳо берди. Энди уни мазмунан бойитиш, ички маданиятини мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

"Тошкент шаҳрининг салоҳияти ҳам, аҳоли сони, одамларнинг талаби ҳам бошқа жойлардагидан юқори. Ишни шунга мувофиқ ташкил этиш керак. Бу маскан халқ манфаатларини таъминлайдиган, ишончини қозонадиган даргоҳ, адолат замини бўлсин", деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда Ўзбекистон Президентининг Халқ қабулхоналари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасида ҳам фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишига оид конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш учун барча қулайлик яратилган.

Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ва сақлаш учун замонавий шарт-шароитлар яратилган. Ходимлар, ёш болали оналар, ногиронлар ва фуқаролар учун барча жиҳатлар эътиборга олинган.

1051
Теглар:
халқ қабулхоналари, Шавкат Мирзиёев