ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Таниқли шоир Муҳаммад Исмоил Насиба Мақсудова ҳақида гапирар экан, бу аёлга ўзбек телевидениеси афсонаси дея таъриф бердилар.
"Бу йил элимизнинг севимли, ардоқли аёллари бизни бирин кетин тарк этишмоқда. Сал илгарироқ Турсуной опамдан (Турсуной Содиқова демоқчи, муаллиф) айрилиб қолган эдик. Мана энди Насиба опам…", — деди суҳбат давомида шоир.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Насиба Мақсудова жуда дилбар аёл эди. "Биз узоқ йиллар "Ўзбекистон" телевидениесида у киши билан бирга ишлаганмиз. Жуда дилбар аёл эдилар. Маҳоратли, бағрикенг устоз эдилар. Ҳамиша бошқаларга ёрдам қўлини чўзар, қандайдир сабаб билан телевидениега чиқишдан маҳрум бўлган таниқли санъаткор, қўшиқчи ва шоирларни халқ билан учраштиришга ҳаракат қилар эдилар.Насиба опага эҳтиромим баланд — жуда меҳридарё инсон эдилар. Фақат яхшилик кўрганман, бирорта одамга қаттиқ гапириш нари турсин, ҳаттоки, ёмон гапирганларини эшитмаганман. Насиба Мақсудованинг вафоти — ўзбек телевидениеси учун жуда катта, кутилмаган йўқотиш бўлди", — деб ўз хотиралари билан бўлишди Муҳаммад Исмоил.
14 ёшидан телевидение соҳасига кириб келган Насиба Мақсудова бутун ҳаётини ўз касбига бахшида этган, телевидение учун ёниб яшаган инсон эди. Қарийб 50 йил давомида сухандонлик қилган Насиба Мақсудова республиканинг чекка-чекка қишлоқларида ўз мухлисларига эга эди…
Спутник Ўзбекистон таҳририяти номидан марҳуманинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб қоламиз.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқидаги вакили этиб Шуҳрат Шукуров тайинланди. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосаси лавозимида ишлаб келган, ЕИК матбуот хизмати хабарига асосан.
2020 йилнинг декабр ойида Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчим мақомини олган эди. Ушбу қарор ЕОИИ Олий совети мажлисида қабул қилинган ва унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган эди.
ЕИК хабарига кўра, 26 феврал куни Ўзбекистоннинг Россиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадовнинг ЕИК коллегия раиси Михаил Мясникович, интеграция ва макроиқтисодиёт вазири Сергей Глазьев ва савдо вазири Андрей Слепневлар билан учрашуви кутилмоқда. Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукуматининг Шуҳрат Шукуровни вакил этиб тайинлаш ҳақидаги хати кўриб чиқилади.
Шухрат Шукуров Москва иқтисодий-статистика институтини ва Ўзбекистон давлат ва жамият қурилиши академиясидаги Олий бизнес мактабини тугатган. Ўзбекистон иқтисодий мажмуасда 30 йиллик меҳнат тажрибасига эга. Шу кунга қадар у Макроиқтисодий изланишлар ва прогноз институти директори ўринбосаси лавозимида ишлаб келган.
ЕОИИ иқтисодий комиссиясида Шукуров узоқ муддатли миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекитоннинг ЕОИИ ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлаш билан шуғулланади.
ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин совиши сабабли газ қуйиш шохобчаларининг иш вақти чекланганини маълум қилди.
Идора матбуот хизмати хабарига кўра, 24—27 февраль кунлари Ўзбекистонга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши натижасида республиканинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кечаси 20-25 даражагача совуқ бўлиши сабабли табиий газ истеъмоли ҳажмининг кескин ортиши кутилмоқда.
Шу боис табиий газ биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз равишда таъминлашга қаратилишини инобатга олиб, газ етказиб беришда айрим чекловлар киритилади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ барча автотранспорт ҳайдовчилардан, ўз автоуловларига газ тўлдириш ишларини эрталабки 05:00 дан – кечки 15:00 вақт оралиғида техника хавфсизлиги қоидалари асосида амалга оширишларини сўрайди”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида ҳам Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин совиши сабабли барча газ қуйиш шохобчалари иш вақтига чеклов ўрнатилган эди.