ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бир ой олдин ёшлар орасида гиёҳванд воситалар тарқатилишига қарши курашиш ойлиги бугун якунланди.
Бугун республикада гиёҳвандлик ҳолати қай даражада, ота-оналар нималардан сергак тортишлари керак ва бошқа саволлар билан Республика наркология маркази раҳбар ўринбосари, нарколог-врач Ёқубжон Сариковга мурожаат қилдик.
- Ёқубжон Ҳамроқулович, айтингчи, Ўзбекистондаги ўқув масканларида тушунтиришлар қай тарзда олиб борилди? Наркотик модда истеъмол қилинишини ҳолатини аниқлаш учун ўқув даргоҳларида тестдан ўтказиш чоралари қўлланиладими?
— Йўқ, асло, биз тестдан ўтказмаймиз. Чунки тест ўтказиш ҳар бир шахс хоҳиши билан амалга оширилади. Мажбурий тарзда кимнидир тестдан ўтказишга ҳаққимиз йўқ. Тушунтириш ишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улар олий даргоҳлар, коллеж ва лицейларда олиб борилди. Шу иш билан шуғулланадиган ходимларимиз бориб маъруза ўқишди, тушунтириш ишлари олиб боришди. Олдиндан ишланган видеолавҳаларимиз бор, ёшларга шуларни қўйиб берамиз. Жараён давомида қанақадир саволлар туғилса, саволларга жавоб берамиз.
- Ёшларда наркотик моддалар қабул қилиниши белгиларини қай тарзда аниқлаш мумкин? Ота-оналар биринчи галда нимадан сергак тортишлари лозим?
— Биринчи белги бу — "гиёҳванд шахс" пайдо бўлиши — яъни ёлғончилик, кейин авторитетларнинг йўқолиши. Яъни ҳар бир бола учун авторитет бу ота-она, устози, қариндош-уруғ авторитет(ҳурматга сазовор инсон) ҳисобланади. Наркотик истеъмол қиладиган ёшларда бу нарса йўқолади. Шунингдек, ота-онага бўлган ҳурмат ҳам йўқолади. Гиёҳванд шахс учун унинг ўз атрофидаги гиёҳванд моддани истеъмол қиладиган ўртоқлари, шериклари у учун "авторитет шахс"га айланади. Айтиш жоизки, гиёҳванд истеъмол қиладиган ўсмирларда агрессивлик белгилари юқори кечаяпти ва жуда қисқа муддат ичида яққол намоён бўляпти. Сабаби улар — ўсмир, ёшлар.
Ёшларимизни ҳимоя қилиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда бола мактабда ўқиётган бўлса бесабаб дарс қолдиришлари, бесабаб дарс вақтида йўқ бўлиб қолиши — дейлик эрталаб дарсга келиб дарслар оралиғида бир-икки соатга "йўқолиб" қолиши ва яна дарс охирида пайдо бўлиши — боланинг ўзини тутиши, кийиниши, муомаласига жуда эътиборли бўлишимиз керак.Ўқишдан кейин фарзандни ота-оналар назоратга олишлари керак. Дейлик, мактабдан чиққан бўлса, нега уйга вақтида келмагани, мана шундай ҳолатларни кузатиш керак. Кейин ҳар бир ота-она ўз боласи билан савол-жавоб, яъни мулоқот қилиши лозим.
Бола ўзгариб қолган, масалан характерида ўзгариш юз берган бўлса, бунинг сабабини(нега бунақа бўляпти) суриштириши керак. Бизлар кўпинча мана шундай оддий нарсаларга амал қилмаяпмиз. "Балоғат ёшида", "ўтиш даври-да" деймизда, бунга эътибор бермаймиз. Ўтиш даври билан наркотик модда истеъмол қилишдаги ўзгариш катта фарққа эга.
Ҳаракатда қўполликлар пайдо бўлиши, ўқишга қизиқиши йўқолиши, ўсмир тобора одамови бўлиб қолгани, атрофда юз бераётган ҳодисаларга бефарқлиги — мана шуларга ўта эътиборли бўлиш керак.
- Бугунги кунда Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг энг кенг тарқалган тури қайси?
— Ҳозир гиёҳвандликнинг янги тури — таблетка гиёҳвандлиги пайдо бўлган.
Таркибида наркотик сақловчи таблеткалар кучли қарамликка олиб келади. Кейин спайс моддаси пайдо бўлган — бу чекиш орқали истеъмол қилинади. Бундан ташқари, булочкаларни устига безак беришда, яъни озиқ-овқатда ишлатиладиган маданийлаштирилган кўкнор(мак) уруғи дейилади, шундан кимёвий йўл билан наркотик тайёрлаб истеъмол қиладиганлар ҳам учраб турибди.
- Ўзбекистонда гиёҳвандлик ҳолати ўтган йилларга нисбатан қай даражада?
Асосан коллеж ва лицейларда ўқийдиган ёшлар орасида кўп учраяпти.
- Ўз фарзандида гиёҳвандлик асоратларини пайқаган ота-оналар қаерга мурожаат қилишлари лозим?
— Бундай ҳолатларда ота-оналар нарколог врачларга мурожаат қилишлари керак. Ҳар бир туман поликлиникасида нарколог кабинети бор. Даволанишга келадиган бўлсак — бунинг учун наркология диспансери бор. Келиб бемалол мурожаат қилиб, ётиб даволанишлари мумкин.
Ота-оналар ҳавотир олмаслиги керак, чунки барча мурожаатларда махфийлик сақланади.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўтган кун Ўзбекистонда яна 45 кишида коронавирус аниқланди. Жами касалланганлар сони 80006 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Янги касалланганларнинг 1 нафари Андижон вилоятида, 6 нафари Сурхондарё вилоятида, 1 нафари Хоразм вилоятида, 2 нафари Тошкент вилоятида, 35 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Мамлакатдан ушбу касалликдан соғайганлар жами сони 78549 нафарга етган ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.
Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 835 нафар бемордан 146 нафари оғир, 27 нафари эса ўта оғир аҳволда.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ўлик ҳолда топилган 5 нафар талабанинг яқинларига моддий, маънавий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.
“Тергов-суриштирув жараёнлари ҳали якунига етмади, сабаблари тўлиқ аниқланмади. Лекин барча ректорлар жаноза тадбирларида қатнашиб, марҳумларнинг ота-оналарига моддий, маънавий ёрдам, қолаверса, психологик хизмат кўрсатиб, бутун жамоаси билан бирга бўлди. Бу нохуш ҳолатга ректорлар бефарқ эмас, қатъий назоратга олинган”, — деди вазир Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтказилган “Ҳукумат соати”да. Унинг сўзларидан “Дарё” нашри иқтибос келтирган.
Аввалроқ Тошкентнинг Юнусобод туманида беш нафар талаба ўлик ҳолда топилгани ҳақида хабар берилган эди. Суд тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, жабрланувчиларнинг ўлими номаълум моддадан ўткир заҳарланиш натижасида юз берган. Ҳозир жиноий иш очилган ва у Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.
Ушбу фожиадан сўнг Ўзбекистонда махсус ишчи гуруҳлар тузилиши ва улар талабалар яшаш шароити ҳамда ҳаракатланишини ўрганиши маълум бўлган эди.
ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Россия ТИВ АҚШнинг Москвага қарши янги санкцияларини “душманларча Россияга қарши ҳужум” деб атади ва Вашингтонни “олов билан ўйнамасликка” чақирди.
Аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Алексей Навалний билан боғлиқ ҳодиса баҳонаси билан Россияга қарши янги санкциялар жорий этганди.
Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг баёнотида қайд этилишича, Алексей Навальнийнинг гўёки заҳарланиши асосида санкция киритиш Россия ички ишларига ошкора аралашишда давом этиш учун баҳона, холос.
“Бунга чидаб турмоқчи эмасмиз. Ўзаро муносбат тамойилидан келиб чиқиб, симметрик бўлмаса ҳам бунга муносабат билдирамиз”, - деди дипломат.
Захарованинг сўзларига кўра, “Россияга санкция ёки бошқа босим йўли билан бирор бир нарсани зўрлаб ўтказиш умидлари аввал ҳам чиппакка чиққан, ҳозир ҳам чиппакка чиқади”.
“Агар АҚШ оқилона тенг ҳуқуқли мулоқотга тайёр бўлмаса, бу уларнинг танлови. Американинг санкция ишқобозлигидан қатъи назар, ҳар қандай тажовузкорликка қарши зарба бериб, изчил ва қатъий миллий манфаатларимизни ҳимоя қилишда давом этамиз. Ҳамкасбларимизни олов билан ўйнамасликка чақирамиз”, - дейилади Захарова баёнотида.