2021 йилгача Ўзбекистон олийгоҳларига талабалар қабул қилиш 18%га оширилади

© SputnikУзбекские студенты в посольстве РУз в Москве
Узбекские студенты в посольстве РУз в Москве - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 1,7 триллион сўм йўналтирилади

ТОШКЕНТ, 21 апр — Sputnik. Ўзбекистон президентининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, ўқув юртларига қабул қилишнинг умумий кўрсаткичлари 2021 йилгача 18 фоизгача оширилади.

Ҳужжатда таъкидланишича, 2011-2016 йилларда олий таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари дастурини амалга ошириш доирасида 25 та олий таълим муассасасининг 202 та объектида янги қурилиш, капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари бажарилган.

Муҳандислик, ишлаб чиқариш ва қурилиш йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича ўқишга қабул қилиш, унинг умумий сонига нисбатан 23 фоиздан 33,2 фоизга ошди. Олий таълим соҳасида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янгиланган давлат олий таълим стандартлари ва ўқув дастурлари жорий қилинди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Мирзиёев олий таълимнинг маънавий-аҳлоқий мазмунини кучайтиришни буюрди

Бироқ Ўзбекистон президентининг фармойиши билан ташкил қилинган Ишчи гуруҳ томонидан олий таълим тизимидаги ҳолатни ўрганиш натижаларига кўра, бир қатор олий таълим муассасаларида ҳали ҳам илмий-педагогик салоҳиятнинг пастлиги, таълим жараёнларини ахборот-услубий ва ўқув адабиётлари билан таъминлаш замонавий талабларга жавоб бермаслиги, уларнинг моддий-техника базасини тизимли янгилашга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.

"Олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада олиб борилмаяпти", — дейилади ҳужжатда.

2017-2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш дастури олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, кадрлар тайёрлаш мазмунини тубдан қайта кўриш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратилишини таъминлашга қаратилган.

Дастурга мувофиқ, 2017-2021 йилларда 48 та олий таълим муассасасида жами 180 та ўқув, илмий-лаборатория биноси, спорт иншоотлари ва ижтимоий-муҳандислик инфратузилмалари объектларида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. 53 та олий таълим муассасасида 400 та ўқув лабораторияси босқичма-босқич энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан жиҳозланади, 7 та олий таълим муассасасида барча олий таълим муассасалари ўзаро ҳамкорликда фойдаланадиган илмий лабораториялар ташкил этилади.

Студент в аудитории. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон
Томск ўқув юртлари ўзбек абитуриентлари учун кириш имтиҳонлари ўтказади

Президент ҳар бир олий ўқув юртини ривожлантириш бўйча манзилли дастурларни тасдиқлади. Дастурларда аниқ параметр ва кўрсаткичлар кўзда тутилган. Масалан, бакалавриат ва магистратурага талабалар қабул қилишнинг умумий кўрсаткичлари 2021 йилгача босқичма-босқич равишда 18 фоизгача оширилади.
Мамлакатнинг ҳар бир олий таълим муассасаси АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Нидерландия, Россия, Япония, Жанубий Корея, Хитой ва шу каби бошқа давлатларнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани ўта муҳим аҳамият касб этади. Шу асосда ҳар йили 350 нафардан ортиқ хорижлик юқори малакали педагог ва олимларни мамлакат олий ўқув юртларига ўқув жараёнига жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигига уч ой муддатда олий ўқув юртлари педагог ходимларига уларнинг касб маҳорати, фаолиятидаги юқори натижадорлик ва тарбиявий соҳадаги самарали иштирокини инобатга олиб, устама ҳақ тўлашни белгилаш тизими бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилди.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда иқтидорли ёш педагог ва илмий ходимларнинг малакасини ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси президентининг "Истеъдод" жамғармаси фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган таклифлар киритиш топширилди.

Домла зачёткага баҳо қўймоқда - Sputnik Ўзбекистон
Олий ўқув юрти ўқитувчиларига устама ҳақ тўланади

Бундан ташқари, таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари хўжалик юритувчи субъектлар билан тузилган шартномалар бўйича бажариладиган амалий, инновацион илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бўйича юридик шахсларнинг даромад солиғи, ягона солиқ тўлови, қўшимча қиймат солиғи ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловлардан озод этилди.

Таълим-тарбия жараёнларининг сифати устидан самарали давлат назоратини ўрнатиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш бўйича давлат инспекцияси ташкил этилади.

Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун йўналтириладиган молиявий маблағлар 1,7 триллион сўмдан зиёд бўлиб, улардан 1,2 триллион сўми ўқув-лаборатория бинолари, спорт заллари ва талабалар турар-жойларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга, 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эса ўқув-лаборатория ускуналари, мебель ва инвентарь билан таъминлаш, умумий тартибда фойдаланишга мўлжалланган, барча таълим муассасаларига хизмат кўрсатадиган лаборатория комплексларини ташкил этиш ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришга сарфланади.

Янгиликлар лентаси
0