Центральная часть города Дели

Ўзбекистон Ҳиндистон пойтахтида савдо уйини очди

104
Янги савдо уйи экспорт ҳажмини ошириш ва Ҳиндистон бозоридаги мавқени мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди

TOШКЕНТ, 22 август — Sputnik. Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги "Ўзтрейд" компанияси Деҳлида савдо уйини очди, деб хабар берди Sputnik мухбири вазирлик матбуот хизматига таяниб.

Янги савдо уйи экспорт ҳажмини ошириш ва Ҳиндистон бозоридаги мавқени мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.

"Мазкур тузилма доирасида доимий равишда фаолият кўрсатадиган шоурум кўринишидаги савдо кўргазмаси ташкил этилади. Унда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар томонидан тайёрланган истеъмол ва озиқ-овақт маҳсулотлари намойиш этилади", – деди вазирлик матбуот хизматидаги манба.

Бундан ташқари, бугун Деҳлида Ўзбекистон ва Ҳиндистон делегациялари ўртасида бизнес-форум ўтказилди. Унда савдо-иқтисодий ҳамкорлик, ўзаро маҳсулот етказиб бериш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, тадбир доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев Ҳиндистон бизнес делегацияси вакиллари билан Ўзбекистондан экспорт маҳсулотлари ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришдилар.

Ташриф натижаларига кўра, "Ўзтрейд" компанияси Ўзбекистондан Ҳиндистонга 30 миллион долларлик маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномалар имзолади.

104