Руки в наручниках

Қийноқ остида олинган далиллар судда ўтмайди - президент фармони

1132
(Янгиланган 17:21 01.12.2017)
Янги фармон – суд-ҳуқуқ тизимини процессуал қонунга бўй сунган ҳолда олиб борилишини, далил-исботлар жамлашда ноқонуний йўллардан фойдаланмасликни, судлар максимал даражада очиқ-ойдин ўтишини таъминлайди.

ТОШКЕНТ, 30 ноя – Sputnik. Шавкат Мирзиёев 30 ноябрда имзолаган ПФ-5268-сонли фармонига биноан, бундан буён Ўзбекистон суд-тергов жараёнида фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати кучайтирилади ва суд-тергов жараёнининг ҳар бир босқичида қонунга амал қилиш назорати кучайтирилади.

“Суд-ҳукуқ ислоҳотларининг асосига қонун устуворлиги, фуқароларнинг тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принциплар пойдевор қилиб қўйилган”, — дейилган фармонда. 

Ҳар қандай шароитда – қонун устуворлигини таъминлаш 

Ўзбекистон Конституциясининг 83 — моддасига мувофиқ, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларни сўзсиз ва оғишмай таъминлаш, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг биринчи даражали эътибори қаратилади.

Қонун нормаларидан ҳар қандай чекиниш, келиб чиқиш сабабларидан қатъий назар —  қонунийликни бузиш ҳисобланади ва белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Қийноқ ва туҳматларга барҳам берилади

Процессуал қонунчиликни бузган ёки ноқонуний услублар билан олинган маълумотлар жиноий ишларда бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Хусусан, жиноят иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ўтказиш ва бошқа ғайриинсоний ёхуд камситувчи муомала турларини қўллаган ҳолда, шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалгитган ҳолда, номаълум ёхуд иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан олинган маълумот асосида, дастлабки тергов жараёнида ўз тасдиғини топмаган кўрсатувларидан, тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатмаларидан олинган,  тегишли юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Судлар ошкора бўлиб ўтади

Жиноий ишларни ошкора кўриб чиқилишига халал бериш, қонунда яққол белгиланган ҳоллардан ташқари – таъқиқланади.

Қонунбузарлик йўли билан олинган кўрсатма, хулоса ва ашёвий далиллар, аудио, видеоёзувлардан далил сифатида фойдаланиш – таъқиқланади.  

Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш, ёлғон кўрсатмалар беришга мажбрлаш каби ҳаракатлар учун – жиноий жавобгарлик киритилади.

Тергов-тафтиш ва суд жараёни – назорат остида

Сиртдан қамоққа олинган шахслар, ўзларига нисбатан қўлланилган чора устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлади.  

Далилларни йиғишда ноқонуний услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар — прокуратура органлари ёки суд томонидан тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шарт.

Оғир жиноятлар содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув ва бошқа процессуал ҳаракатлар — мажбурий видеоқайд этилади.

Ҳимоячи томонидан тўпланган далиллар ҳам жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши ва жиноят ишини судда кўриб чиқиш вақтида мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шарт.

Суд муҳокамаси жараёнида стенография юритилади, унинг материаллари жиноят иши материалларига қўшиб қўйилади.

Илғор хорижий тажриба ва инновацион услублар 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойларини видеокузатув воситалари билан жиҳозлашни таъминланади.

Ундан ташқари Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суди, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда:

суд-тергов ҳаракатларини юритишнинг инновацион шакл ва услубларидан фойдаланишнинг, шунингдек, далиллар алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги тўғрисидаги жиноят-процессуал қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлашнинг илғор хорижий тажрибасини ўрганиш ҳамда таҳлил қилишни;

суд-тергов фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш, шу жумладан, “Электрон жиноят иши” тизимини жорий этиш орқали оптималлаштириш ва соддалаштириш бўйича таклифлар киритишни ташкил этсин.

Аллақачон юз берган ўзгаришлар

Эслатиб ўтамиз, охирги бир йил давомида Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида бир қанча ўзгаришлар юзберди.

Хусусан, 2021 йилга қадар қабул қилинган “Ҳаракатлар стратегияси”га кўра, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, “Хабеас корпус” институтини қўллашни кенгайтириш мақсадида қатор норматив- ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Хусусан, судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча тергов юритишга қайтариш тартибининг бекор қилиниши – сезилари даражада яхши самара берди. Натижада фақатгина 2017 йилнинг 10 ой давомида судлар томонидан 191 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди, ваҳоланки олдинги тартибга кўра, охирги беш йил давомида атиги 7 нафар шахс оқланган эди.

Ундан ташқари, йил давомида дастлабки тергов органлари томонидан реабилитация ва бошқа асослар бўйича 3 511 та жиноят иши тугатилган.

Фармоннинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон президентининг расмий саҳифасида танишинг.

1132