Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев пахта толасини Ўзбекистонда тўлиқ қайта ишлашни йўлга қўйиш зарурлигини айтди

704
Президент 2018 йилда мамлакатда етиштирилаётган 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини Ўзбекистонда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйиш зарурлигини билдирди

ТОШКЕНТ, 9 дек – Sputnik. Бугун "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтмоқда. Тантанали маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, соҳа ходимларини табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент қишлоқ хўжалиги ходимларини бугунги байрам билан қутлар экан, жумладан шундай деди: "Мамлакатимизда ҳамма соҳа вакилларининг байрами бор. Лекин барчамизни, бутун халқимизни боқадиган, кийинтирадиган қишлоқ хўжалиги ходимларининг байрами шу пайтгача йўқ эди. Махсус қонун қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари кунини белгилаганимиз, ўйлайманки, ҳаётимиздаги яна бир адолатли қарор, халқимизнинг дилидаги гап бўлди."

Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, халқни картошка билан тўла таъминлаш учун йилига ўртача 50 минг тонна сифатли картошка уруғини етиштириш талаб этилади.

"Бунинг учун Голландия, Польша, Россия каби давлатлар билан ҳамкорликда замонавий лаборатория ускуналарига эга бўлган маҳаллий уруғчилик маркази ва махсус корхоналар ташкил этишимиз керак", деб таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев 2018 йилда мамлакатда етиштирилаётган 1 миллион 200 минг тонна пахта толасини Ўзбекистонда тўлиқ қайта ишлаб, хорижга фақат тайёр маҳсулотлар экспорт қилишни йўлга қўйиш зарурлигини билдирди.

Маълумотларга кўра, пахтачилик бўйича ўз тажриба мактабини яратаётган фермерлар сонининг кўпайиб бориши натижасида жорий йилда гектаридан ўртача 50 центнердан зиёд ҳосил олган фермерлар 1 минг 121 тани, 45 центнерлик маррани эгаллаган фермерлар 2 минг 130 тани, 40 центнерчилар 7 минг 208 тани ташкил этди.

Охирги 20 йилда эътибордан четда қолган балиқчилик соҳасини тиклаш учун "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ташкил этилиб, унинг тизимига 3 минг 600 та балиқчилик хўжалиги киритилди. Жорий йилда 580 минг гектар табиий ва 28 минг гектар сунъий кўлларда 100 минг тоннадан ортиқ балиқ етиштирилди.

Мамлакатда бу йил биринчи марта пилладан йилига икки марта ҳосил олиш тажрибаси синовдан ўтказилди ва ижобий натижа берди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 132 минг тоннаси қайта ишланиб, 100 миллион долларлик тайёр маҳсулот экспорт қилинди. 724 минг тонна ҳўл мева четга сотилди ва 856 миллион доллар валюта тушди.

Президент фармони билан байрам арафасида аграр соҳада улкан ютуқларни қўлга киритган, мамлакат қишлоқ хўжалигининг ривожланишига салмоқли ҳисса қўшган 167 киши Ватаннинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

704