Символы закона и правосудия

Ўзбекистонда судлар томонидан ўтган уч ой ичида юздан ортиқ одам оқланди

138
2012-2016 йилларда бор-йўғи 7 нафар шахс оқланган

ТОШКЕНТ, 10 апр – Sputnik. Жорий йилнинг биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 68 та жиноят иши бўйича 114 нафар шахсга нисбатан оқлаш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, биринчи инстанция судлари томонидан 55 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган ва Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) асносида 9 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлар тугатилган, юқори турувчи инстанция судлари томонидан 50 нафар шахс оқланган ва уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан 2 нафар шахс ва жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан эса 9 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

Таҳлил натижаларига кўра, биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан Қашқадарё вилоятида — 29, Тошкент шаҳрида — 16, Тошкент вилоятида — 13, Сурхондарё вилоятида —7, Андижон вилоятида – 7, Хоразм вилоятида – 6, Қорақалпоғистон Республикасида — 5, Самарқанд вилоятида — 5, Фарғона вилоятида — 4, Жиззах вилоятида — 4, Сирдарё вилоятида — 4, Навоий вилоятида – 4 ва Бухоро вилоятида 1 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

“Олий суд томонидан ушбу суд қарорлари ўрганиб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича эълон қилинган айбловлар далиллар билан тасдиқланмагани, тахминлар ёки миш-мишлардан иборат маълумотлар ҳамда номақбул далилларга асослангани боис судлар томонидан барча қарорлар асосли равишда чиқарилган деб топилди”, — дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, 2012-2016 йилларда бор-йўғи 7 нафар шахс оқланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни суд корпуси билан бўлган учрашувда халқнинг суд тизимига бўлган ишончига фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш орқалигина эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлаганди.

138