Сетевое оборудование

Ўзбекистонда йил охирига қадар интернет тезлиги 10 баравар ошади

450
(Янгиланган 15:06 17.04.2018)
Ахборот технологиялари вазири йил охирига қадар ташқи интернет канал тезлигини 1,2 Терабит сонияга етказишни ваъда берди.

ТОШКЕНТ, 17 апр — Sputnik. Ўзбекистонда йил охирига қадар ташқи интернет канали тезлиги 1,2 Терабит сонияга  етказилади, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.

Бу ҳақида “Кабинет” махсус лойиҳаси доирасида,  Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири  Азим Ахмедхўжаев хабар қилди.

“Биз Ўзбекистон интернет-канали тезлигини бугунги 160 Гбит /сониялдан камида 1,2 Тбит/сонияга етказмоқчимиз. Бу тезлик қарийиб 10 баравар ошади дегани. Биз ушбу вазифани йил охирига қадар бажаришни режалаштирганмиз, лекин бу ундан олдин ҳам амалга ошиши мумкин, чунки ушбу ишни амалга ошириш учун барча кучлар сафарбар қилинган”, — деди вазир.    

Ахмедхўжаев айтишига қараганда, вазирлик томонидан қисқа вақт ичида телекоммуникациялар соҳасидаги замонавий тренд ва технологияларни яхши тушунадиган малакали хорижий мутахассислар жамоаси жалб қилинган.

“Айни дамда Ўзбекистонда 20дан ортиқ хорижий мутахассислар республиканинг интернет имкониятларини кенгайтириш билан шуғулланмоқда. Шу билан бир вақтда 15га яқин мутахассилар ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантиришнинг бошқа имкониятларини, жумладан почта хизматини ривожлантириш билан шуғулланмоқда. Ушбу жамоалар бизга, дунё тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, бизнинг устида ишлашимиз керак бўлган “тор нуқталаримиз” ва “оғриқли жойларимиз”ни кўрсатмоқда”, — деди Ахмедхўжаев.

Вазир айтишига қараганда, қилинаётган ҳаракатлар нафақат канални кенгайтиришга, балким ушбу соҳадаги барча масалаларни, жумладан норматив-ҳуқуқий соҳадаги масалаларни ҳам мажмуавий ҳал қилишга қаратилган.

“Бу яқин келажакда ўз натижасини кўрсатиши керак бўлган улкан ишдир. Биз республиканинг барча нуқталарига қадар мсифатли интернет алоқасини етказиш мақсадида, фақат шу йил давомида 2 минг километрдан ортқи оптик толали кабель ўрнатишни режалаштириганмиз. 2018 йилнинг биринчи чорагида 300 километр кабель ўрнатишга улгурдик”, — деди Ахмедхўжаев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев АКТ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мажлисда интернет нархини пасайтириш, тезлигини камида тўрт бараварига ошириб 2020 йилга қадар МДҲнинг бошқа мамлакатлари даражасига етказишни топширган эди.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда Ўзбекистон интернетга шимолий канал орқали, яъни Қозоғистон ва Россия ҳудудлари орқали уланган. 2018 йилнинг январт ойида Ахборот техниологиялари вазирлиги интернет ташқи каналини янги йўналишлар орқали, хусусан Туркманистон-Эрон ва  Қирғизстон-Китай орқали ҳамда “шимолий канал” имкониятини ошириш эвазига кенгайтиришга қарор қилганини хабар қилган эди.

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистода интернет тезлиги МДҲнинг бошқа мамлакатларига нисбатан 10 баравар кам. Шунингдек маҳаллий алоқа операторлари тақдим этаётган  алоқа хизматлари сифатига ҳам, айниқса автомобил ва темир йўллари ўтган ҳудудларда,  етарлича  эътибор берилмаяпти.

450