Узбекские авиалинии приняли в эксплуатацию еще один самолет Boeing 787-8 Dreamliner

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиапаркига яна бир Boeing-787 Dreamliner самолёти келтирилди

159
(Янгиланган 16:47 18.05.2018)
Миллий авиакомпания парки 2020 йилга қадар ушбу русумдаги олтита самолётга эга бўлади.

ТОШКЕНТ, 18 май — Sputnik. "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпаниясининг авиапарки навбатдаги янги авлод самолёти — Boeing-787 Dreamliner билан тўлдирилди, деб хабар бермоқда МАК матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, авиакомпаниянинг ушбу русумдаги учинчи авиалайнери МАК авиапаркида мавжуд бўлган аввалги иккита Boeing-787 Dreamlinerдан йўловчи ўриндиқларининг сони ортиқлиги ва экипаж дам олиши учун алоҳида бўлинма ташкил этилганлиги билан фарқланади.

Ушбу самолётда ҳам авиакомпаниянинг бошқа Boeing-787 Dreamliner ҳаво кемаларидаги каби ёнилғи тежаш самарадорлигини ошириш, шовқин даражасини пасайтириш ва атмосферага карбонат ангидрид ажраб чиқишини камайтириш имконини берувчи GE Aviation компаниясининг GEnx-1B двигателлари ўрнатилган.

"Икки классли компоновкада ишланган самолётнинг кенг саҳни 270 ўриндиққа (бизнес класси — 24, иқтисодиёт класси — 246) эга. Лайнернинг қулай ва кенг ўриндиқлар, янгича ёритиш ва шовқин ўтказмайдиган тизимлар, пол қопламалари ҳамда алоҳида ҳар бир йўловчи учун мўлжалланган индивидуал кўнгилочар дастурли мониторлар билан жиҳозланганлиги "Ўзбекистон ҳаво йўллари" йўловчиларига парвозларини юқори даражадаги қулайликда, мароқли ўтказишларига имкон яратади", — дейилади хабарда.

Хабарга кўра, бугунги кунда авиакомпаниянинг учув ва техник таркиби учинчи самолётни ишга туширишга ҳам тўлиқ тайёр.

Янги Dreamliner авиакомпаниянинг парвозлар жадвалига киритилган бўлиб, узоқ масофалардаги қатновларда эксплуатация қилиниши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" Миллий авиакомпанияси Марказий Осиёда Boeing-787 Dreamliner самолётларига буюртма берган биринчи буюртмачидир. Авиакомпания Dreamlinerларнинг тижорат эксплуатациясини 2016 йилда бошлаган.

2017 йилнинг 27 июлида эса Ўзбекистон Миллий авиаташувчиси тарихда биринчи марта ушбу русумдаги самолётда Тошкентдан Нью-Йоркка илк узлуксиз парвозини амалга оширди.

Бугунги кунда "Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиапарки замонавий Boeing 757, 767, 787 Dreamliner ва Airbus 320 ҳаво кемаларидан иборат.

Миллий авиакомпания парки 2020 йилга қадар Boeing-787 Dreamliner русумидаги олтита самолётга эга бўлади.

159