Плодоовощная продукция

Ўзбекистонда ўсимликлар карантини бўйича давлат органлари тизими қайта кўриб чиқилди

106
(Янгиланган 10:30 11.07.2018)
Республикада “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири кучга кирди.

ТОШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўсимликлар карантини тўғрисида"ги қонуни (янги таҳрири) имзолади, деб хабар қилди Адлия Вазирлигининг "Ҳуқуқий ахборот" канали.

Қонуннинг мақсади ўсимликлар карантини соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунда ўсимликлар карантини соҳасини тартибга солиш, ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати тизими ва унга раҳбарлик қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ўсимликлар карантини соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўсимликлар карантинига доир тадбирлар ва уларни амалга ошириш, ўсимликлар карантини соҳасидаги ахборотнинг очиқлиги, карантин остидаги маҳсулотни олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек якунловчи қоидалар назарда тутилган.

Хусусан, қонунга мувофиқ карантин остидаги маҳсулотга, уни олиб киришга, олиб чиқишга, ишлаб чиқаришга, қайта ишлашга, сақлашга, ташишга, реализация қилишга ва йўқ қилишга доир талабларни белгилайдиган, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт бўлган ҳужжатлар фитосанитария талабларидир.

Шу билан бирга, ўзгартишларга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўсимликлар карантини соҳасидаги давлат дастурларини, ҳудудий ва бошқа дастурларни амалга оширишда иштирок этади, тегишли ҳудудда ўсимликлар карантини соҳасида жамоатчилик назоратини амалга оширади, тегишли ҳудуд аҳолисини ўсимликлар карантини объектлари тарқалганлиги тўғрисида хабардор қилишда ўсимликлар карантини давлат инспекторларига кўмаклашади.

Бундан ташқари, қонун билан ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органлари тизими қайта кўриб чиқилган. Жумладан, Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати тизимини:

• Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси;

• Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекциялари;

• Ўсимликлар карантини илмий маркази;

• автомобиль йўлларидаги, темир йўл станцияларидаги, аэропортлардаги, дарё портларидаги ва почтамтларнинг пунктидаги ўсимликлар карантини чегара пунктлари ташкил этади.

Таъкидлаш лозимки, Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматининг илмий таъминотини Ўсимликлар карантини илмий маркази амалга оширади.

Ўсимликлар карантини илмий маркази ўсимликлар карантини объектларининг биоэкологик хусусиятларини ва уларга қарши курашиш усулларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб боради, ўсимликлар карантини объектларига қарши курашиш соҳаси ходимларининг касбий билимлари ва малакаси оширилишини, ўсимликлар карантини объектлари тўғрисидаги билимларнинг аҳоли ўртасида тарқатилишини таъминлайди.

Қонун 2018 йил 10 июлдан кучга кирди.

106