Филиал школы в Чиракчинском районе

Халқ таълими вазирлиги хусусий мактаблар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда

176
Халқ таълими вазири нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришда, жумладан, давлат-хусусий ҳамкорлиги кўринишида  ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

ТОШКЕНТ, 12 июл – Sputnik. Халқ таълими вазирлигида хусусий мактабларнинг мутасаддилари билан бўлиб ўтган учрашувда хусусий мактабларни ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда дивидендлар олиш имконияти йўқлиги, солиқ имтиёзлари мавжуд эмаслиги, ўқув корпуслари ва биноларни ижарага олиш, қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқлар сабаб хусусий мактаблар мактаб битирувчиларига аттеcтат бера олмаслиги  каби муаммоли ҳолатларга тўхталиб ўтилди.

Халқ таълими вазири нодавлат таълим муассасаларини ривожлантиришда, жумладан, давлат-хусусий ҳамкорлиги кўринишида  ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Хабарда айтилишича,  мавжуд қувватидан ўқувчи сони кам бўлган мактабларда давлат-хусусий ҳамкорлигини йўлга қўйиб, хусусий инвесторлар томонидан мактабда мавжуд ўқувчиларга бепул таълим бериш жавобгарлигини олиши каби хорижий давлатларда мавжуд тажриба қайд этилди.

Вазир бундай ёндашув бюджет маблағларининг бир қисмини озод қилиб, уларни бошқа давлат таълим муассасаларини, шу жумладан, чекка туманлардаги мактаблар ва мактаб филиалларини такомиллаштиришга йўналтириш имконини беришини таъкидлаб ўтди.

Йиғилишда шунингдек, малака ошириш марказларини давлат-хусусий ҳамкорлиги кўринишида ташкил қилиш истиқболлари муҳокама қилинди. Тарафлар бугунги кунда ўқув-методик жараёнини ривожлантириш, давлат таълим стандартлари, дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни яратишдаги бўшлиқларни алоҳида қайд этди.       

Учрашув якунлари бўйича Халқ таълими вазирлиги билан хусусий мактаблар вакиллари ўртасида юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳал этишда ва халқ таълими тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича тайёрланаётган қарор лойиҳаларига таклифлар киритишда яқин ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.

176