Участок изготовления топливных таблеток диоксида урана

Ўзбекистонда  Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади

483
"Ўзатом" атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати ҳамда стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар давлат идораси бўлади.

ТОШКЕНТ, 20 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган фармонга мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги (“Ўзатом”) ташкил этилади.

"Ҳозирги вақтда республика иқтисодиёти ва аҳолисининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи энергиянинг қайта тикланмайдиган манбаларидан, жумладан, ресурслари чекланган углеводород хом ашёларидан устун даражада фойдаланиш ҳисобига қопланмоқда. Ваҳоланки, мамлакатда уран хом ашёсининг улкан захираси бўла туриб, амалда атом энергетикаси салоҳияти ишга солинмаган", - дейилади ҳужжатда.

Фармонга мувофиқ, "Ўзатом" атом энергетикасини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати ҳамда стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун жавобгар давлат идораси бўлади.

Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, атом энергетикаси соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун инвестицияларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни жалб этиш, саноат ва экология хавфсизлигининг халқаро талабларига жавоб берадиган замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этган ҳолда, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича битимлар ва шартномалар тузиш, атом фани ва ядро технологияларини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни, фундаментал тадқиқотлар, илмий-қидирув, тажриба-конструкторлик ва инновацион ишлар лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, республикадаги объектларнинг радиациявий ва ядровий хавфсизлиги тизимини бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ядро авариялари ва радиациявий авария вазиятларининг олдини олиш бўйича тадбирлар режасини ишлаб чиққан ҳолда такомиллаштириш кабилар агентликнинг асосий фаолият йўналишлари ҳисобланади.

“Ўзатом” агентлиги ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, атом энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги халқаро экспертлар таркибига киритилган Илмий-техник ва эксперт кенгаши ташкил этилади.

Президент Вазирлар Маҳкамасига 2018 йил 1 октябрга қадар муддатда “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш вазифасини топширди.

“Ўзатом” агентлиги Ўзбекистон Фанлар академияси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2018 йил 20 декабрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси, 2019 йил 1 июнга қадар – ишлаб чиқилган Концепцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфели ва 2019 йил 1 ноябрга қадар – 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш давлат дастури лойиҳасини шунингдек, Концепция ва Дастурнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминлаши лозим.

483
Мавзу:
Ўзбекистонда атом электростанцияси қурилиши (12)