Вырубка многолетних деревьев

Ўзбекистонда дарахтларни кесиш бўйича меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилмоқда

197
Экология қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган таклифда бутун Республика ҳудудидаги дарахтларни инвентаризация қилиш кераклиги ҳақида айтилган. Шунингдек, Сенатга дарахтларни рақамлаш бўйича таклиф киритилиши режалаштирилмоқда

ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. Ўзбекистонда ҳозирги кунгача дарахтлар экилиши ёки кесилишини назоратга оладиган ташкилот йўқ, деб таъкидланди журналистларнинг саволига жавобан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллиги фаолияти якунларига ва яқин истиқболдаги устуворликларга бағишланган матбуот-анжуманида.

Тадбир давомида Экология қўмитаси вакили бу масалада бутун Республика ҳудудида инвентаризация ўтказиш лозимлигини қайт этди.

"Айниқса, шаҳар ва аҳоли кўп яшайдиган пунктларда бу ишни амалга ошириш лозим. Қанча дарахтимиз бор, қайси тур дарахт, аҳволи қанақа, қанчаси зарарланган, қанчаси қуриган? Ўшанга қараб, кейин чора кўриш керак", - деди у.

Шунингдек, дарахтларни қонуний кесиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Экология қўмитаси вакилининг сўзларига кўра, қонун бўйича дарахт икки ҳолда кесилиши мумкин: санитария кесиш ёки қурилиш остига тушганида. Санитария кесишга зарарланган, қуриган ёки авария ҳолатига келган дарахтлар киради. Қурилиш остига тушганлар - объект қурилиши, уй қурилиши лозим бўлган ҳудудлардаги дарахтлар назарда тутилади.

"Ҳозир республикада жуда ҳам кўп қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, агар қурилиш остига тушган бўлса, ўша дарахтларни кесишга тўғри келяпти", - деди Экология қўмитаси вакили.

Қўмита вакилининг сўзларига кўра, дарахтларни кесиш тартиби тўғрисида ҳам бугунги кунда меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Матбуот-анжумани иштирокчилари Сенатга Ўзбекистондаги, айниқса шаҳар жойлардаги мавжуд дарахтларни рақамлаб бориш тўғрисида таклиф билан чиқишга келишиб олдилар.

Германияда бир ёшдан ошган маданий ва мевали дарахтлар рақамланиши бунга мисол тарзида келтирилди ва кичик пластмасса тасма дарахтга зарар етказмаслиги қўшимча қилинди.

197