Украшения

Тошкентда замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарилади

127
Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 тоннагача етказилади ва 100 тадан ортиқ иш ўринлари яратилади.

ТОШКЕНТ, 11 янв – Sputnik.  “Тошкент шаҳрида замонавий заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Мазур инвестиция лойиҳаси “Imperial Jewelry Inc” (АҚШ) томонидан уч йиллик даврда киритиладиган 20 миллион доллар миқдоридаги инвестиция маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳани амалга ошириш муддати якунигача маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 10 тоннагача етказилади ҳамда 100 тадан ортиқ иш ўринлари яратилади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 апрелгача “Ўзбекзаргарсаноат” қуйидаги масалалар бўйича таклифларни Ҳукуматга киритади:

- ишлаб чиқариш базасига эга бўлган корхоналарда қимматбаҳо металлар ёмбиси ишлаб чиқариш;

- заргарлик буюми ишлаб чиқарувчи корхоналарга лизинг асосида қимматбаҳо металлар берилиши механизмини жорий этиш;

- заргарлик буюми ишлаб чиқарувчиларга қимматбаҳо металлар парчаси ва қайта ишланган қимматбаҳо тошларни юридик ва жисмоний шахслардан шартнома асосида сотиб олиш ҳуқуқини бериш.

127