Дилшод Кенжаев, заместитель министра народного образования Республики Узбекистан

Дилшод Кенжаев Ўзбекистон мактабларида 2019 йилда рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида

1055
Халқ таълими вазирлиги мактаб дарсликларини замон талабига мос янгилаш, хусусий мактаблар сонини кескин ошириш ва мактабларни ўз фанидан "нўноқ" бўлган ўқитувчилардан "тозалаш" сингари масалалар устида иш олиб бормоқда

ТОШКЕНТ, 15 янв – Sputnik, Дилшода Раҳматова. Халқ таълими вазири алмашган вақтдан бошлаб, вазирлик таълим тизимини яхшилаш ва модернизация қилиш устида иш олиб бормоқда. Ишлар дарсликларни янгилаш, таълим структурасини ва таълим масканларини такомиллаштириш, ўқув жараёнини ўзгартириш, шунингдек, ўқитувчилар малакаси устидан назорат ўрнатиш йўналишларида олиб борилмоқда.

Вазирлик бугунги кунда таълим тизимида кўзга яққол ташланиб турган камчиликларни яширмайди, уларни тан олган ҳолда, барча ҳаракатлар фақат ва фақат пировард натижа – таълим сифатини яхшилаш ва ўқувчиларда илм-фанга бўлган интилишларни қўллаб-қувватлашга қаратилганини айтади.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев Халқаро Пресс Клубнинг "Ижтимоий ривожланиш: ислоҳотлар босқичида муҳим вазифалар ва муаммолар таҳлили" мавзусидаги сессиясидан сўнг Sputnik Ўзбекистон мухбирига берган интервьюсида 2019 йилда Ўзбекистон мактабларида рўй берадиган асосий ўзгаришлар хусусида сўзлади.

Ўзбекистон янги дарсликларга ўтади

Дилшод Кенжаевнинг сўзларига кўра, 2019 йилда халқ таълими вазирлиги томонидан бир қатор ишлар режалаштирилган бўлиб, улардан бири бугунги кунда республикада таълим-тарбия берилаётган фанлар ва ўқув дастурларини ҳозирги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришдан иборат. 2019 йил янги ўқув йили - сентябрдан бошлаб, 39 миллион дона дарсликлар чоп этилиб, мактабларга етказилади.

"Дарсликни чоп этиш - узоқ жараён ҳисобланади. Бунда биринчи навбатда, дарсликни ёзадиган муаллиф, ва албатта, мактаб тизимини биладиган методист талаб этилади. Ҳозир яратилаётган замонавий дарсликларнинг шу жиҳатларига алоҳида эътибор берилмоқда. Шунингдек бугунги замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, бугун ўқувчи нима қилаяпти, у мана шу дарсликда ёзилган билимдан эртанги ҳаётида фойдалана оладими?" деган масалаларга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда", - дейди вазир ўринбосари ва дарсликларни чоп этиш учун чет элдан мутахассисларни таклиф этиш режалаштирилганини қўшимча қилди.

Кенжаевнинг айтишича, чет эллик экспертлар информатика ва чет тили дарсликларини тайёрлаш учун жалб этилади, она тили (ўзбек тили) ва адабиёт дарсликлари эса Ўзбекистон менталитет ва ўзбекона тафаккурдан келиб чиққан ҳолда ўзбек олимлари, яъни маҳаллий мутахассислар томонидан яратилади.

Яхши ўқитувчи ва ёмон ўқитувчи масаласи

Кунчиқар мамлакат Японияда бўлғуси педагогдан ўз фанининг мукаммал билимдони бўлишдан ташқари, фалсафа, педагогига назарияси ва амалиёти бўйича билимларга, мустаҳкам ҳаётий позиция ва қадриятларга эга бўлиши талаб этилади. Ўзбекистон халқ таълими вазирлигининг ҳам янги йилдаги вазифаси янги такомиллаштирилган дастур ва янги дарслик асосида сифатли таълим бера оладиган яхши ўқитувчилар сонини кўпайтириш. Шу мақсадда ўқитувчилар малака ошириш тизими тубдан такомиллаштирилиши, ислоҳ этилиши кутилмоқда.

2018 йилда ҳудудий малака ошириш институтлари халқ таълими тасарруфига ўтказилди. Эндиликда уларда ўқитувчиларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва чекка-чекка ҳудудларда етишмаётган ўқитувчиларни етказиб бериш ишлари амалга оширилади.

Кенжаев Ўзбекистон мактабларида ўз соҳасини билмайдиган ўқитувчилар борлигини инкор этмайди ва бундай педагоглар ўзлари мактабни ташлаб кетишга мажбур бўлишларини қўшимча қилади.

"...секин-асталик билан улардан халос бўламиз, ёки ўқитувчилар билим-савиясидаги камчиликларни уларни қайта тайёрлаш жараёнида аниқлаймиз. Икки йил бўлди Вазирлар маҳкамаси ҳузурида таълим инспекцияси ташкил этилди. Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган аттестация мана шу таълим инспекциясига ўтказилган. Ҳеч қайси вазирликка бўйсунмайдиган ушбу ташкилот эндиликда аттестациядан ва аккредитациядан ўтказади. Мана шу жараёнда "нўноқ" ўқитувчилардан қутулиш имкони бўлади. Бугунги кунда ўқитувчилар ойлиги қарийб 50%га ошди. Бу ўз-ўзидан мактабни ташлаб кетган тажрибали ўқитувчилар қайтишига олиб келди ва эндиликда педагоглар ўртасида рақобат вужудга кела бошлади. Биз назарда тутаётган билими паст ўқитувчиларнинг ўзлари секин-асталик билан мактабдан чиқиб кетишга мажбур бўлади", - дея тушунтиради суҳбатдош.

Кенжаев Ўзбекистон таълим сифатини яхшилашга кетадиган вақт ҳақида тўхталар экан, таълим сифатини яхшилаш бу бир кун ёки бир ойда амалга оширча бўладиган иш эмаслигини таъкидлайди. "Бу йиллар давомида таъсир этадиган жараён... Бунда биринчи навбатда меҳнат ҳуқуқини, болаларнинг билим олишга бўлган ҳуқуқини поймол этмаган ҳолда, ушбу жараённи бир йил ёки бир ярим йил ичида изга туширишни режалаштирганмиз", - дейди у.

Хусусий мактаблардан фойда не?

Вазир ўринбосарининг айтишича, айни вақтда хусусий мактаблар сонини кўпайтиришга қаратилган дастурни амалга ошириш бўйича ишлар бажарилмоқда. "Таълим сифатини ошириш учун албатта рақобатни келтириб чиқариш керак бўлади. Бунинг учун давлат мактаблари билан биргаликда хусусий секторга мурожаат қилган ҳолда, хусусий мактаблар ёки давлат-хусусий шерикчилик ҳамкорлигидаги мактабларни очиш керак бўлади. Ва 2019 йилда халқ таълими вазирлиги ўз олдига хусусий мактабларни сонини 2 бараварга ошириш вазифасини қўйган", - дейди Кенжаев.

2018 йил охирига келиб Ўзбекистонда 84 та хусусий мактаблар қайд этилган бўлса, 2019 йилда улар сонини 150тага етказиш устида ишлар олиб борилмоқда. "Бу соҳага инвесторларни жалб этишни режалаштирганмиз, хусусий мактаблар кўпайгани сари, уларнинг нархи ҳам тушади, иккинчи томондан давлат мактабларидаги таълим сифати ошишига ҳам хизмат қилади. Яъни ўзаро соғлом рақобат пайдо бўлади" - дейди у.

Эркак раҳбарлар мактабларга қачон қайтади?

Таълим соҳасида аёллар сони кўплиги - аллақачон анъанага айланиб улгурган. Боғчадан тортиб, биринчи муаллимгача бўлган даврларда аёл мураббий қўлида тарбия топганмиз. Таълим чиндан ҳам фақатгина "аёлларга хосми?" Бу ерда эркаклар роли қандай, деган савол оз бўлса-да, кишини ўйга толдиради. 

Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги вакили Дилшод Кенжаев тарбия ёки чуқур билим бериш жинсга боғлиқ эмаслиги, балки педагог кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ эканига урғу бериб ўтди ва эркак педагоглар яна мактабларга қайта бошлаганликларини маълум қилди.

"Охирги 6 ойда мактаб тизимида бўлиб ўтган ислоҳотлар натижасида бугун Ўзбекистон мактабларига қарийб 13 минг нафар эркак ўқитувчилар қайтиб келган. Статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳрида мактаб директорларининг 93%ини айнан аёллар, қолган 7%ини эса эркаклар ташкил этади. Республика миқёсида аёл мактаб директорлари кўрсаткичи 70%ни ташкил қилади", - дейди вазир ўринбосари.

Рус тили ўқитувчилари Москвада малака оширади

Дилшод Кенжаевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги Россия таълим вазирлиги, умуман россиялик олимлар билан алоқаларни йўлга қўйган. Яқиндаги вазирлик Россиянинг "Росзарубежцентр" ва Россия гуманитар ҳамкорлиги ташкилотлари билан ҳамкорликда республикада рус тили ўқитувчилари орасида танлов эълон қилди.

Танлов 1 январдан бошлаб то мартгача давом этади.

"Танлов шартига кўра, ўқитувчиларимиз ўзларининг рус тили дарсларини видеога олиб, танловга юборишлари керак бўлади. Танлов қатнашчилари орасида 30 нафар ўқитувчи танлаб олинади ва уларга баҳорда (ўқувчилар таътили вақтида) Тошкент шаҳрида россиялик мутахассилар томонидан тренинг ўтказилади. Мана шу 30 нафар ўқитувчидан 10 нафари эса кейинги ёзги таътилида Москва шаҳрига бориб, у ерда ўз малакаларини ошириб қайтадилар", - деди Кенжаев.

1055