Руслан Аушев

Генерал-лейтенант Аушев Ўзбекистон ветеранларидан ватан ҳимоясида огоҳ туришни сўради

619
"Агар қаердадир кичик бўлса-да, "қўнғироқ жирингласа" сизлар биринчилардан бўлиб мамлакат раҳбари билан биргаликда ўз давлатингиз суверенитетини ҳимоя қилиш учун оёққа туришингиз шарт", дея маслаҳат берди Руслан Аушев

ТОШКЕНТ, 5 фев - Sputnik. "Жанговар қардошлик - беҳудуд" халқаро иттифоқи олий кенгаши аъзоси, генерал-лейтенант Руслан Аушев Тошкентга ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукуматидан афғон уруши қатнашчиларига эътиборли бўлишни ва ўз навбатида ветеранларнинг ўзидан ватан ҳимоясида огоҳ туришни сўради.

Аушев бугунги кунда СССР армияси таркибида Афғонистонга кириб борган офицерларнинг ўртача ёши 58 ни ташкил этишини таъкидлаб, Ўзбекистон расмийларидан уларга ниҳоятда эътиборли бўлишни сўради.

"Бугун уларга машина ёки мебель керак эмас. Бугун уларнинг ҳаёти сифатини яхшилаш керак. Бу - яшаш шароити, тиббий муолажалар ва турли ижтимоий масалалардир. Чунки улар бунга лойиқ. Эътибор беринг, Ўзбекистон - собиқ иттифоқ давлатлари орасида афғон ветеранларидан бошқа ветеранлар мавжуд бўлмаган камсонли мамлакатлар қаторига киради", - деди Аушев.

Ингушетиянинг собиқ президенти МДҲ мамлакатларида Донбасс ветеранлари, Карабах ветеранлари, Грузиядаги уруш ветеранлари борлигини қўшимча қилди ва Ўзбекистон жангчи-ветеранларига қараб, "сизлар эса агар ҳаммасини тўғри бажарсангиз, ўз ватанида миллатлараро можарога йўл қўймаган охирги ветеранлар бўласизлар, мен шундай деб ўйлайман", деди.

"Агар қаердадир кичик бўлса-да, "қўнғироқ жирингласа" сизлар биринчилардан бўлиб мамлакат раҳбари билан биргаликда ўз давлатингиз суверенитетини ҳимоя қилиш учун оёққа туришингиз шарт", дея маслаҳат берди Аушев.

Генерал-лейтенантнинг ушбу насиҳатли сўзлари тадбир иштирокчилари томонидан гулдурос қарсаклар билан қарши олинди.

619