"Кемалар қабристонида" халқаро мусиқа фестивали бўлиб ўтади

330
Мўйноқдаги “Кемалар қабристонида” Германия, Япония, Швеция, Дания, Россия, Қозоғистон ва украиналик мусиқачилар иштирокида фестивал бўлиб ўтади.

ТОШКЕНТ, 7 апр – Sputnik. Ушбу йилнинг 23-24 август кунлари Мўйноқда 7та хорижий ва маҳаллий мусиқачилар, ДиЖейлар иштирокида замонавий мусиқа фестивали бўлиб ўтади, деб хабар қилмоқда Туризмни ривожлантириш қўмитаси.

“Табиий куч” деб номланган ушбу фестиваль Орол денгизи муаммосига бағишланган. Фестивал анъанага кўра, Мўйноқдаги “Кемалар қабристонида” бўлиб ўтади. Унда Германия, Япония, Швеция, Дания, Россия, Қозоғистон ва украиналик  мусиқачилар, ДиЖей ва продюсерлар иштирок этиш истагини билдиришди.

Замонавий мусиқа фестивалида абстракт электро ва эмбиент мусиқа ҳамда техно мусиқа жанрларида композициялар жаранглайди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу фестивал илк бор ўтган йилнинг сентябрь ойида ўтказилган эди. Ўшанда унга иштирок этиш учун 200га яқин хорижий сайёҳлар ва 5 мингга яқин маҳаллий аҳоли вакиллари келишди. Фестивалда “Goethe Institute”, “British Council”, “USAID”, “UNDP”  каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этишди.

Ушбу тадбир Орол денгизи муаммосига бағишланган бўлиб, фестивал муносабати билан дунёнинг қатор ОАВларида, жумладан “The Times”, “The Guardian”, “Al-Jazeera”, “Lonely Planet”, “The Jakarta Post”, “The Arab News”, “Electronic Beats” каби нашрлар, ушбу ҳудудда содир бўлган табиий офат муаммосини яна бир кўтариб чиқишлари кутилмоқда.

330