"Саводхонлик байрами": Тошкентда ўтказилган "Оммавий диктант" акциясидан репортаж

269
Буюк, қудратли ва жуда мураккаб! Рус тилидан қай даражада билимга эга эканликларини бугун дунё бўйлаб икки юз мингдан зиёд одамлар синаб кўрдилар. Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрининг ўзида ушбу акцияда иштирок этишни истаганлар сони мингдан ошди ва хоҳловчилар учун 7та майдон ҳозирланди

ТОШКЕНТ, 13 апр - Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бу йилги "оммавий диктант" тадбири - Россия тарихидаги энг кенг кўламли тадбирга айланди, десак муболаға бўлмайди. Чунки акция бепоён ўлка - Россия сарҳадларидан ташқарида ҳам катта қизиқиш қозона олди. Олтита континент, 79та давлатдан 200 мингдан ортиқ иштирокчилар бугун рус тилидан билимларини синаб кўрдилар.

Дунё бўйлаб жами 2,6 минг майдон тайёр ҳолатга келтирилган бўлса, Ўзбекистонда эса Тошкент, Наманган ва Нукус шаҳарларида ҳозирланган махсус майдонларда ушбу акцияда бевосита иштирок этиш мумкин эди.

Sputnik Ўзбекистон мухбирлари Тошкент шаҳридаги тайёр ҳолатга келтирилган 7та майдоннинг бири - Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университетида бўлиб, ушбу акцияда бевосита иштирок этдилар ҳамда бевосита тадбир иштирокчилари билан суҳбатда бўлдилар.

Рамиз Бахтияров
Акция "Тотальный диктант" прошла в Ташкенте

Диктант ёзиш учун университетга ташриф буюрганлар орасида мактаб ўқувчиларидан тортиб, пенсионерларгача бор эди.

Рамиз Бахтияров
Акция "Тотальный диктант" прошла в Ташкенте

Мендан олдинда рўйхатдан ўтиш учун навбатда турган кексароқ ёшдаги аёлдан қизиқиб сўрайман: "Сиз ҳам диктант ёзишга келдингизми?". "Албатта, ўтган йиллари ҳам иштирок этишни хоҳлаган эдим, бироқ насиб қилмаган эди. Бу йилдан нафақадаман, энди вақт топа оламан, шу учун бугун университетга келдим. Саводимни синаб кўрмоқчиман", деди табассум билан суҳбатдошим.

Рамиз Бахтияров
В "Тотальном диктанте" прошедшем в Ташкенте участвовали и молодежь и пенсионеры

Оператор Рамиз Бахтияров билан Университетда ҳозирланган икки аудиториянинг каттароғига, 150 иштирокчи тўпланган залга йўл оламиз. Тошкент вақти билан 13.00да муаллиф Павел Басинскийнинг бу йилги оммавий диктант учун махсус ёзилган матнини рус тили бўйича мутахассис, филолог Эльвина Алиева ўқиб эшиттиради.

Басинский томонидан ёзилган матн, бир қарашда осон туюлгани билан, аслида пунктуация жиҳатидан айёрона тузилган, қолаверса, рус тилини иккинчи тил сифатида ўрганаётган чет элликлар учун матнда нотаниш сўзлар ҳам учрайди.

Тошкентлик Антон Ракитский "Оммавий диктант" акциясида 4 йилдан бери қатнашиб келар экан.

"Албатта, бу вақт ичида диктант технологияси менга таниш бўлиб қолган. Шу боис, анъанага кўра, апрель ойи келиши билан, навбатдаги бор ўз саводхонлигимизни синаб кўриш учун, "Оммавий диктант" ўтказиладиган сана эълон қилинишини интиқлик билан кутамиз", - дейди у.

Рамиз Бахтияров
Житель Ташкента Антон Ракитский уже червертый год подряд участвует в акции "Тотальный диктант".

Антон бу йилги диктант матни борасида фикр билдирар экан, ҳар сафар матн эшитилганда, осон туюлишини, аммо ёзаётганда турли шубҳалар юзага келишини яширмайди.

"Аслида диктант матнини тузадиган муаллифнинг вазифаси ҳам шунда, яъни шундай мураккабликларни юзага келтириш ва матнга киритишда, токи ёзадиган одам фикрлаб, албатта у қўйган масалага жавоб топа олсин", - дейди у.

Яна бир иштирокчи - Юлдузнинг айтишича, ушбу саводхонлик акциясида икки йилдан буён иштирок этиб келади.

Рамиз Бахтияров
Юлдуз уже второй год подряд участвует в акции "Тотальный диктант"

"Менга бу лойиҳанинг ўзи жуда ёқади. Атрофга қаранг - турфа ёшдаги одамлар битта аудиторияга жамланган. Бу ниҳоятда таъсирли ва ажойиб! Қолаверса, ҳар сафар бу гал неччи олар эканман, деган қизиқиш устун келади. Ҳаётим давомида ҳеч бўлмаганда битта "2"ни олишга улгуришим керак-ку", - дея кулади суҳбат якунида суҳбатдош. Юлдузнинг айтишича, бу йилги матн ўтган йилгидан осонроқ бўлган, суҳбатдошим ўтган йилги диктант учун олган баҳосини айтишни хоҳламади.

Дарвоқе, бу йилги "Оммавий диктант" тадбири Ўзбекистонда мингдан зиёд иштирокчиларни жалб эта олди. Ташкилотчиларнинг айтишича, аҳоли томонидан рус тилига бўлган қизиқишнинг тобора ортаётгани уларни жуда хурсанд қилди.

Рамиз Бахтияров
Тошкентда диктант матнини ўқиб эшиттирган Эльвина Алиеванинг айтишича, ушбу акцияга Ўзбекистонда қизиқиш тобора ортмоқда

Ушбу акция якуни тахминан бир ойдан сўнг эълон қилинади, ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирланадилар.

269