Машина такси

Тошкент аэропорти ҳудудида лицензиясиз ишлаган таксичиларга чора кўрилди

252
Лицензиясиз таксичиларнинг 42 та автоулови жарима майдонига жойлаштирилди.

ТОШКЕНТ, 10 июн – Sputnik. ИИББ Тошкент халқаро аэропортидан чиқишда ўз хизматларини таклиф қилаётган ва бунинг учун амалдагидан уч баравар ошиқ нарх белгилаган ноқонуний таксичилар билан боғлиқ вазиятни ўз назоратига олди.

ИИББ хабарида айтилишича, солиқ идоралари ҳамда Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вакиллари билан ҳамкорликда аэропорт ҳудудида лицензиясиз фаолият олиб бораётган такси ҳайдовчилари аниқланмоқда. 17 майдан 1 июнгача бўлган муддат ичида 50 нафар ана шундай такси ҳайдовчиси аниқланди.

Уларнинг 24 нафари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси асосида жавобгарликка тортилди. Қолган 26 нафар таксичи ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. 42 та автоулов жарима майдонига жойлаштирилди.

Бироқ, айрим маълумотларга қараганда, ноқонуний таксичилар ҳуқуқ-тартибот идораларини алдашнинг турли усулларини ўйлаб топмоқда. Масалан, дўсти ё қариндошини кутаётганини айтиши ёки аэропортдан чиқишга ўзига қарашли одамни юбориб, машинасида чеккада пойлаб туриши мумкин.

ИИББ йўловчилардан Тошкент аэропортига учиб келганда ўз хизматларини тиқиштираётган таксичилар ҳақида хабар бериш, имкон бўлса, уларни суратга туширишни сўраган.

252