Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев журналистларни касб байрами билан табриклади

155
Ўзбекистонда 27 июнь куни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни нишонланади.

ТОШКЕНТ, 27 июн - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев журналистларни касб байрами – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муборакбод этди.

“Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман”, - дейилади президент матбуоти хизмати хабарида.

Президент матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлгани, мамлакат янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаёт мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучайиб бораётганини қайд этган.

Мирзиёев мамлакатда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётагини алоҳида қайд этган. Соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа маконда турли мулк шакли ҳамда сиёсий-ижтимоий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, кейинги пайтда мамлакат оммавий ахборот воситалари ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар таҳлили, соғлом танқидий руҳ кучайиб бораётгани алоҳида эътиборга лойиқ. Чунки бундай тенденция ислоҳотлар самарасини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади. Энг муҳими, барча даражадаги раҳбар ва мутасаддиларни эл-юрт фикри билан, замон талаблари билан ҳисоблашган ҳолда ишлашга ўргатади. 

Мирзиёев ўзининг билим ва салоҳиятига, ишчанлик фазилатларига ишонган раҳбар танқиддан қўрқмайди, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни халқ билан мулоқотнинг самарали воситаси, деб билиши, аслида ҳам бундай мулоқот тараққиётни таъминлайдиган энг асосий омиллардан бири эканини таъкидлаган.

“Айни вақтда барчамиз бир ҳақиқатни унутмаслигимиз зарур: ахборот майдонидаги турли баҳс ва тортишувлар, аввало, ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига асосланиши, қонун ва одоб қоидалари доирасида бўлиши, шахсий ғараз ва хусуматга, сохта обрў орттириш усулига айланиб кетмаслиги, инсон шахси ва шаънини таҳқирлашдан йироқ бўлиши, бундай салбий ҳолатларга бизнинг медиа майдонимизда мутлақо ўрин бўлмаслиги керак”, - дейилади президент табригида.

Президент ўз навбатида, оммавий ахборот воситаларининг фаолият эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлаш, журналистларнинг машаққатли меҳнатини муносиб баҳолаш ва рағбатлантириш, жамиятда демократик принциплар, фикрлар ва қарашлар ранг-баранглигини таъминлаш борасида олиб бораётган ишларини албатта изчил давом эттирилишини маълум қилган.

155
Медицинский работник подключает пациента к аппарату ИВЛ

Ўзбекистонда коронавирус: 28 май асосий хабарлари

240
Бугуннинг ўзида 35 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 2 694 нафарга етди.

ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикада коронавирус билан боғлиқ бўлган асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 82 кишида коронавирус аниқланди, охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3 437  нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 32 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Жами соғайганлар сони  2 668 нафар.

Айни пайтда 729 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.

Кореядан ёрдам

“Uzbekistan Airways” АЖнинг юк ташиш чартер рейс билан Жанубий Кореядан навбатдаги инсонпарварлик ёрдами олиб келинди. Ўзбекистонга 20 та ярим автоматик механизмли ва кўп функцияли тиббий кроват Жанубий Кореянинг “Myung Sung Placon Co., Ltd” компанияси кўмагида олиб келинди.

Мактабга қабул

Бу йил Ўзбекистонда биринчи синфга қабул жараёни июль ойидан бошланади. Бу ҳақда қуйидаги ҳаволада батафсил ўқишингиз мумкин.

Самарқандда катта қурилиш

Самарқандда ҳарбий шаҳарча ҳудудида 100 кишилик шифохона қуриляпти. Янги мажмуада турли касалликлар, шу жумладан юқумли касалликлар - коронавирус даволанади. Шифохонада даволаш ва жонлантириш бўлимларини ташкил қилиш кўзда тутилган.

Ҳарбий шаҳарчанинг ёндош ҳудудида 1000 кишилик карантин мажмуа қурилиши бошланди.

Юз киши карантинга олинди

Коронавирусга чалинган икки ҳайдовчи сабабли 100 га яқин киши карантинга олинди.

22 май куни Андижон вилояти Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан  биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ. да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.

Лекин ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.

Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаро 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.

Дунё саломатлиги

COVID-19 дунёнинг деярли барча давлатга етиб борди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда янги коронавирус инфекциясини юқтириб олган кишиларнинг сони 5,69 миллиондан ошди, 356 минг киши вафот этди. 2,35 миллион киши соғайди.

240
Педиатр, иммунолог-аллерголог, соведущий программы Жить Здорово  Андрей Продеус

Машҳур педиатр болаларга ниқоб тақиш нима учун хавфли эканини тушунтириб берди

186
Япония педиатрлари уюшмаси ота-оналарни коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарамай, икки ёшгача бўлган болалар учун ниқоб кийиш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Педиатр, иммунолог-аллерголог, "Жить здорово" дастурининг бошловчиларидан бири, профессор, медицина фанлари доктори Андрей Продеус ёш болаларга ҳимоя ниқобларини тақиш қанчалик мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақида гапирди.

Япония педиатрлари уюшмаси ота-оналарни коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарамай, икки ёшгача бўлган болалар учун ниқоб кийиш хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирди.

Машҳур педиатр Андрей Продеус сўзларига кўра, бу фикр нафақат япон мутахассислари, балки бутун дунё педиатрлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Гап шундаки, ниқоб тақиш нафас олиш муаммоларига олиб келиши мумкин. Ҳатто катталар ҳам бу каби муаммоларни бошидан кечиришади, болаларни эса гапирмаса ҳам бўлади, дейди мутахассис.

"Шунга кўра, бу тавсия жуда оқилона. Болаларда вирусга сезувчанлик камроқ, чунки коронавирус илашадиган ва кўприк орқали ўтиб ҳужайраларга кириб борадиган рецепторлар болада катталарга қараганда камроқ бўлади, айниқса бу рецепторлар гипертония, ошиқча вазн билан оғриган кекса одамларда кўп бўлади", - деди педиатр Sputnik радиосига.

Шу билан бирга Продеус, ниқоб одамни вирусдан ҳимоя қилишига шубҳа қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳаммаси аксинча - шахсий ҳимоя воситаларини айнан касаллик ташувчиси тақиши керак.

Бундай ҳолда, ниқоб тақиш атрофдаги одамларни ҳимоя қилишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди мутаҳассис.

Агар 5 ёшдан 7 ёшгача бўлган ёши каттароқ бола ҳақида гапирадиган бўлсак, у инфекция манбаи бўлса, гавжум жойларда ниқоб тақиш тавсия этилади.

Мутахассиснинг тўлиқ шарҳини радиоподкастда тингланг.

Известный педиатр объяснил, почему малышам опасно носить защитные маски от COVID-19
186

Мирзиёев Ўзбекистонда монополияга барҳам бериш пайти келганини айтди

75
(Янгиланган 23:29 28.05.2020)
Давлат раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Ўзбекистонда монопол корхоналарга қатъий чоралар кўриш вақти келди, деб таъкидлади мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев бугун иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш мавзусига бағишлаб ўтказилган йиғилишда.

Йиғилишда таъкидландики , Ўзбекистоннинг жаҳон иқтисодиёти билан алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Бу эса ички бозорда рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини оширишни талаб этади.

Давлат раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

"Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими? Маҳаллий маҳсулотларнинг таннархини пасайтирсак, хориждан ўзлари олиб кетишади", – деди президент.

Бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Лекин бир қатор йўналишларда рақобат муҳити шаклланиб бўлган 19 хил маҳсулот ва хизматлар бўйича 70 та корхонани монополистлар реестрдан чиқариш мумкин.

"Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз. Агар раҳбарлар шунга муносиб бўлса, ишлайди, бўлмаса – кетади", – деди Мирзиёев.

Йиғилишда корхоналарнинг бозордаги монопол мавқеини аниқлаш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, монопол товарлар рўйхатини кескин қисқартиришга қаратилган “йўл харитаси” тасдиқлаш вазифаси белгиланди.

– Дунё тажрибасини ўрганиб, ўз йўлимизни топишимиз зарур. Монополиядан чиқариш, рақобатни таъминлаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича якдил йўналишимиз бўлиши керак, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Рақобатни ривожлантириш ва монополияга қарши курашиш борасида мутлақо янги тизим яратиш лозимлиги таъкидланди. Олий таълим тизимида рақобатни ривожлантириш йўналиши бўйича алоҳида факультет, кундузги ва сиртқи ўқиш шаклини очиш, янги фан жорий қилиш ва ушбу мақсадлар учун академик соатлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.

Қўмитани истеъмолчиларнинг манфаатларини тўғридан-тўғри ҳимоя қиладиган халқ вакиллик органи – Олий Мажлисга ҳисобдор этиб белгилаш масаласини кўриб чиқиш топшириғи берилди.

75