Ўхшамаган томоша ёхуд самарқандлик “пранкчилар”

690
(Янгиланган 16:03 07.07.2019)
Самарқандда шов-шувли видео олиш учун яна бир томоша уюштирилди. Ўсмирлар трамвай ичига гўёки заҳарли газ сепишди.

ТОШКЕНТ, 7 июл – Sputnik. Бир неча кун олдин Самарқандда ўсмирлар томонидан трамвайда ғалати томоша қўйилгани ҳақидаги видеолар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган эди. 

Унда юзига ниқоб кийган ўсмир трамвай ичига югуриб кириб газли баллончадан нимадир сепади. Трамвай ичида бир неча киши гўёки ҳушидан кетиб йиқилади. Бошқа йўловчилар ваҳимада трамвайдан югуриб чиқиб кета бошлайди.

Хориж ижтимоий тармоқларида гоҳида пайдо бўладиган пранк видеоларга тақлид қилиб қўйилган ушбу "спектакль" томошабинлада катта таасурот қолдирмади, аксинча “видео” ижодкорларини кескин танқид қилинишига ва ички ишлар ходимлари томонидан текширувга олиб келди.

Ҳа дарвоқе, спектакльнинг ҳам баъзи жойлари ўхшамай қолган. Бош “қаҳрамон” - яъни газ сепган бола трамвай ичига югуриб киришни ҳам тузуклай эплай олмасдан зинада қоқилиб тушди, бу “дублни" қайта суратга олиш керак эди. 

Трамвай ичидаги пакетда олма олиб кетаётган ёш йигитга қойил қолиш керак, лекин. Атрофдагилар ўзича "ҳушини йўқотиб" думалаб қолса ҳам, бошқалар жон ҳола трамвайдан қочиб чиқиб кетса ҳам - у пинагини бузмади. 

ИИБ аниқлашига кўра, ушбу ғалати томошани 4 июль куни соат тахминан 19:40 атрофида Самарқанд шаҳрида Сартепо-Вокзал йўналишида қатнаб келувчи 1-трамвай Буюк ипак йўлининг «Чой фабрикаси» бекатида 33 ва 42 мактабларнинг 7-11 синф ўқувчилари томонидан ўзаро олдиндан келишган ҳолда уюштирилгани аниқланган.

Суриштирув ишлари жараёнида маълум бўлишича, мазкур видеони С.М. ўзининг мобил телефони орқали интернет тармоқларига тарқатиб, ижтимоий тармоқларда «пранк» (тармоқ ҳазили) қилмоқчи бўлганлиги аниқланган.

Айни дамда вояга етмаган ёшларнинг ушбу қилмиши юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

690