Узбек в национальной одежде

Халқаро майдонда Ўзбекистон имиджини қандай шакллантириш керак

542
(Янгиланган 20:40 28.07.2019)
Sputnik колумнисти Дилшода Раҳматова Ўзбекистон халқаро майдондаги ўз имиджини мустаҳкамлаш учун нима ишлар қилиши кераклиги ҳақида.

Яқинда, 26 июль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг халқаро имиджини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда Sputnik Ўзбекистон мухбири Дилшода Раҳматова хорижий ОАВ вакили сифатида иштирок этди. Спутник мухбири фикрига кўра, Ўзбекистон халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлашда аввало мамлакат ичидаги айрим қусурларни ўзгартириши лозим.

Эски стереотиплар

Сир эмас, кўп йиллар Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятидан ўзини тортиб келди. Натижада мамлакат ҳақидаги эски стериотиплар ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Мамлакатда олиб борилаётган очиқлик сиёсати, туризмга эътибор, виза масаласидаги енгилликлар, инвеститициявий жозибардорликни ошириш, экологияга эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани жаҳон ҳамжамиятида маълум ижобий натижаларни бермоқда. Лекин ҳали бу борада қилинганидан кўра амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўпроқ.

Ўзбек образи қандай бўлмоғи лозим?

Биламизки, жаҳонга танилган ҳар бир миллатнинг бўрттирилган образи бўлади. Инглиз консерватизми, немис пунктуализми, француз романтизми, японларнинг донолиги, хитойларнинг усталиги, ҳиндларнинг толерантлилиги (жонзотларга нисбатан). Хуллас, жаҳонга ҳар қандай давлат ва миллат ўз имиджи ва образи билан кириб келади.

Ўзбек миллати шу пайтгача ўзини болажон ва меҳмондўст сифатида кўрсатишга уриниб келди. Бироқ бугун бу иккала имидж ҳам ўрнашиб қолмади.

Менга қолса, ўзбек образини меҳнаткаш ва донишманд образида яратган, шуни тарғиб этган бўлардим.

Туристик йўналиш: “бир келиб қолибсиз” услуби

Мамлакат ва халқнинг чет эллардаги образи биринчи навбатда унга келиб-кетувчилар, қайсидир маънода, туристларнинг муносабати билан шаклланади.

Туристларга эътибор анча яхшиланиб, уларнинг ҳурмат-иззатини жойига қўйишга ҳаракатлар бўлаётганига қарамай, ҳалигача бу соҳани ёғлиқ жой сифатида кўрувчилар талайгина.

Бу, биринчи навбатда, нолегал “таксичилар”, музейлар, қадимий обидалар атрофида ўралашиб, “бизнес” қилувчилар, бозорлардаги “эпчил” сотувчилар.

Бундайлар туристларнинг вазият ва нарх-наводан бехабарлиги орқасидан фойдаланиб қолиш илинжида бўлади. Ва натижада Ўзбекистон ҳақида нотўғри муносабат шаклланишига сабаб бўлади.

Бир пайтлар “Тошкент-Самарқанд” йўлининг чеккасида “бир келиб қолибсиз”, деган кафелар бўлган. Шу йўлдан қатновчилар адашиб кириб қолса, оширилган нархларда таом сотиб, эътироз билдирганларга “бир келиб қолибсиз”, деб туравераркан, чунки қайтиб келмаслигини аниқ билишар экан. Шундан бу кафеларнинг номи шунақа бўлиб кетган.

Йўл битта ва серқатнов, кимдир албатта киради, шу билан тирикчилик қилиб ўтираверади. Туризм соҳаси да эса “Бир келиб қолибсиз” услуби кетмайди. Чунки у бир кунлик соҳа эмас.

Мамлакат имиджини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлардан мақсад ҳам аслида шу.

Олқишларга тўла ОАВ – имиджни яхшиламайди

Ҳозиргача ўйлаймизки, ҳар қандай маълумотларни беравериш, жаҳон ҳамжамияти ўртасида мамлакат обрўсини тўкади. Аслида тескариси, олдин 70 йил, кейин 27 йил матбуот фақат олқишлар билан тўлган эди. Бироқ мамлакатнинг обрўйи ошгани йўқ. Олқишларга тўла матбуот тузумнинг риёкорлигини кўрсатади. Буни жаҳонда жуда яхши билишади.

Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантириши, унга таъсир кўрсатиш ва бошқариш кучига эга. ОАВ сиёсатчилар имиджи ва давлат имиджига ҳам таъсир кўрсата олади.

Бугун Ўзбекистонда электрон нашрлар ўз имкониятларини кенгайтирмоқда – булар янги-янги веб-сайтлар, блоглар, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар – мамлакат бундан ўз ижобий имиджини шакллантиришда янги механизмлар сифатида фойдаланиши зарур.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг имидж салоҳияти чет эл матбуотида тўлақонли очиб берилгани йўқ ва бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар стратегиясини белгилаб олиш керак бўлади.

Кино санъати ва ўзбеклар образи...

Мамлакат кино саноати ўзбекистонликлар ҳақидаги яратаётган образ эса мақтанадиган ҳолда эмас. Маиший турмуш даражасида ўралашиб қолган, оилавий икир-чикирлардан бўшамайдиган, бутун дарди тўй қилиш, уйланиш ва дабдаба билан мақтаниш бўлганлар образлари. Бу ҳақиқатдан йироқ қаҳрамонлар.

Бир пайтлар замон қаҳрамонини яратиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган эди, бироқ уддалаб бўлмади, чамаси, бу ишга чек қўйилди. Биламизки, замона қаҳрамони ҳам аслида, миллатнинг типик образи, имиджи саналади.

Асосий эътибор санъатга қаратилса самарали натижалар бериши мумкин. Соҳага давлат маблағ ажратяпти, лекин ҳалигача шунча пул сарфлаб, бунчалар зерикарли асарлар яратишдан мақсад нималигини тушуниб бўлмайди. Назаримда, соҳа устидан давлат назоратини бироз енгиллаштириш лозим. Ижодкорларга эркинлик бериш ва уларга ишониш керак. Санъат келажак учун ишласин.

Меҳнат мигрантлари...

Албатта, бугун мамлакатдан четга ишлашга чиқиб кетаётган меҳнат мигрантлари ҳақида ҳар доим ҳам илиқ гаплар айтолмаймиз. Соҳанинг ташкиллаштирилмагани, фуқароларнинг тартибсиз равишда четга чиқиб, ишлаётгани, улар бораётган мамлакатларда ҳар доим ҳам яхши гаплар олиб келмайди. Меҳнат мигрантларининг асосий қисмини мамлакатнинг ишсизлик юқори бўлган чекка қишлоқлари кетаётганлар ташкил қилади.

Бу соҳада давлат назорат ва ташаббусни қўлга олиши, четга ишлашга чиқишларни уюшқоқлик билан амалга ошириш керак ва бу борада илк қадамлар қўйилмоқда.

Шу билан бирга чет элда меҳнат мигрантларининг манфаатлари ҳимоя қилинаётганини аҳоли сезаётгани йўқ, мигрантларнинг асосий қисми ижтимоий тармоқларда фаоллигини инобатга олиб, меҳнат миграцияси соҳасида иш юритаётган ташкилотлар ўз фаолиятини ушбу тармоқларда кенг тарғиб этиши керак.

Шуни ҳам қайд этиш лозим, биринчи навбатда, миллатнинг қаддини тиклаб олиш керак.

Биламизки, Ўзбекистон узоқ йиллар давомида мустамлака таркибида бўлди. Миллатнинг ўзига ишончи бир қадар пасайиб кетган.

Бу борада русларнинг тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас.

Улар авваламбор, миллатнинг ўзига ишончини  оширишга эътибор қаратган эди.

Бунда шавкатли ўтмиш, улуғ аждодлар, бугунги ютуқлар ва порлоқ келажак борасидаги ҳолатлардан усталик билан фойдаланиш лозим бўлади.

Хавфсизлик

Мамлакат имиджининг яна бир узвий бўлаги сифатида хавфсизлик олиниши лозим. Ўз вақтида соҳибқирон Амир Темур, “шундай давлат қурдимки, киши бир сават олтин билан унинг сарҳадларини кесиб ўтса ҳам ҳеч ким тегинмайди”, деган фикр билдирган эди. Бугунги Ўзбекистон имиджида айнан шу ҳолат ўз ифодасини топиши лозим. Бу айнан туристлар ва инвестицияларни жалб этиш учун ҳам жозибали ҳолат, асосий шарти ҳам шу.

Доно дарвешлар, ниндзялар ва рицарлар

Мамлакатларнинг имидж яратиш тажрибасини ўрганар эканмиз, бунда спортдан ҳам усталик билан фойдаланилганини кўрамиз. Хитой кунг-фу, у-шу ва бошқа жанг санъатлари орқали ўта қисқа даврда жаҳонга ўзлигини намоён қилди.

Яна бир ҳолат, имидж яратиш учун тайёр стериотиплар ҳам мавжуд. Улардан усталик билан фойдаланиш лозим, холос.

Дейлик, японлар ниндзялар, европа давлатлари рицарлар ҳақидаги қарашларни қўллаган.

Биз, ўзбекларда ҳам муқим ўрнашиб қолган, лекин фойдаланилмаётган шундай образлар мавжуд.

Дейлик, доно дарвешлар образи. Ғарб давлатларида шарқ донолигини мужассамлаштирувчи  дарвешлар ҳақидаги қарашлар шаклланган. Миллатнинг имиджида ушбу ҳолатдан фойдаланиш мумкин. Фақат бунда, насиҳатлар эмас, аксинча, дунё, нарса ва ҳодисага чуқур фалсафий, ўзига хос, янгича қарашлар ифодаланган фикрлар бўлмоғи лозим.

Ўз тарихимиз билан мақтанишни билмаймиз

Яна бир ҳолат, миллат имиджини яратишда шахслар муҳим аҳамиятга эга бўлади. Булар буюк давлат арбоблари, олимлар, ёзувчилар ва санъат вакиллари.

Ҳиндларда Ганди ва Тагор, испанларда Сервантес, инглизларда Ньютон, америкаликларда бир қатор санъат вакиллари, французларда Наполеон, итальянларнинг рассомлари миллат юзини ифодалаб туради. Шуларнинг номини тилга олиш билан, миллат кўз олдимизда намоён бўлади.

Бизда ҳам шундай шахслар бор. Ўрта аср алломалари (Беруний, Хоразмий), диний уламолар (Бухорий, Термизий, Марғиноний, Замахшарий), давлат арбоблари (Темур, Бобур), ижодкорлар (Навоий).

Бироқ улар ҳақида ўта эҳтиёткорлик ва расмиятчилик билан гапирилади. Шундай тасаввур уйғонадики, ўзимиз ҳам улар ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасмиз. Ёки ҳеч ким уларни содда, бутун жаҳон тушунадиган қилиб, айтмайди. Дейлик, ғарб телеканалларидан бири Ал Хоразмий ҳақида фильм ишлаб, “ҳар бир қўл телефонида унинг тафаккури бор”, дегандан кейингина бу ҳақда айта бошладик. Албатта, олимларга бу ўта содда гап бўлиб туюлиши мумкин, лекин омма учун керак.

Эътиборга лойиқ кичик лавҳалар

Фукусимадаги фожиадан жабр кўрган япон йигити адёлга ўраниб, китоб ўқиб ўтирганини барча телеканаллар кўрсатди. Ҳамма японларнинг билимга чанқоқлигини шу лавҳалардан кўрди. Миллатнинг образи мана шундай, оддий лавҳалардан ҳам шаклланиши мумкин. Лекин бунда бу лавҳага ишониш учун одамларда шунга замин, яъни дастлабки билим ва тушунчалар бўлиши лозим.

542
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг! - Мирзиёев

21
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлат раҳбари, жумладан, шундай деди:

“Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир “сеҳрли рецептлар” ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 минг 982 нафарга, соғайганлар сони 6 минг 890 нафарга етди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.

Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.

Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.

Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

Жойларда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти.

Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика комиссияси вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўриши шарт.

Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда, назорат ўрнатсин.

Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз.

Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.

Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизнини тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”.

21
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси

Ўзбекистонда коронавирус: 8 июль асосий хабарлари

78
(Янгиланган 19:28 08.07.2020)
Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 395 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 982 нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика  бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

Айни пайтда 4 052 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 24 нафар бемор оғир аҳволда, 13 нафар бемор ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолати

Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли Б.К. (эркак киши) 1 июлдан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1-2-даражаси, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

2 июль куни ундан "COVID-19" инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. Охирги 8 йил давомида у паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлган. Бемор 2019 йил 1 июль куни бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ишемик турини ҳам ўтказган.

Реанимацион муолажаларга карамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Республикада карантин яна кучайтирилади

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли карантин чоралари кескин кучайтирилади. Автотранспорт ҳаракати ва йирик жамоат объектлари фаолияти чекланади. Бу ҳақда тўлиқ.

Шифохоналарда ётоқ ўринлари қолмади

Ўзбекистонда шифохоналарда COVID-19 билан касалланган беморлар учун мўлжалланган ётоқ-жойлар қолмади. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби вакили Ҳабибулла Оқилов АОКАдаги брифингда маълум қилди.

“Соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар бугунги кунга келиб поёнига етди, десак муболаға бўлмайди. Бугун шифохоналарда койка ўринлари тўлган. Барча шифокорлар жалб этилган. Шу боис махсус комиссия билан келишган ҳолда симптомсиз беморларни уйда даволанишларига рухсат бердик”, - деди у.

Оқилов бошқа сурункали касаллиги бор беморларнинг қанчаси даволана олмагани, қанчаси вафот этаётгани ҳақидаги статистика йўқлигини айтди.

“Агар ҳар куни 1000 та коронавирус касаллиги аниқланса, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ўлади”, - деб қўшимча қилди Оқилов.

Чартер жадвали ўзгарди

Чартер рейслари жадвали Республика махсус комиссияси томонидан қайта кўриб чиқилди.

6 – 19 июль кунларига режалаштирилган 19 та парвоздан 13 таси амалга ошириш белгиланди, жумладан Россиядан 9 та парвоздан 5 таси амалга ошириш режалаштирилган. Москвага 6 тадан 3 та, Санкт-Петербургга 2 тадан 1 та парвоз амалга ошириш кўзда тутилди. Владивостокка махсус рейс сақлаб қолинди. Дубайдан эса парвоз бекор қилинган. Янги парвозлар жавдали.

Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш мақсадида талаб юқори бўлган йўналишларда рейслар сонини сезиларли даражада кўпайтириш чоралари кўрилади.

Чегарадаги фуқаролар

Ташқи ишлар вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида ватандошлар тўпланиши юзасидан баёнот берди.

Россия ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна сўралган.

Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам “сариқ” ва “яшил” рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар.

Шунингдек, ТИВ Қозоғистон билан чегарадаги “Жибек жоли” – “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пункти яқинида тўпланган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди. Қайд этилишича, техник сабабларга кўра сўнгги кунларда ватандошларнинг давлатлараро чегарадан ўтишлари чекланган миқдорда амалга оширилган.

“Жибек жоли” ўтказиш пункти орқали республика фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади.

Тест онлайн бўлмайди

Турли манбаларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Ҳозирги кунда Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ҳар йилги шаклда, катта сиғимли биноларда, санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 11,8 миллиондан ошди, 544 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,9 млн), Бразилияда (1,6 млн), Ҳиндистонда (742 минг).

78