Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Ер ажратишга “рухсат берувчи” идоралар сонини қисқартириш керак - Мирзиёев

552
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилинди

ТОШКЕНТ, 2 авг – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 август куни кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Ушбу тадбир жорий йил 23 июль куни ўтган йиғилишнинг мантиқий давоми бўлди. Ўшанда соҳадаги тизимли муаммолар чуқур муҳокама қилиниб, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Бу галги йиғилишда шу борадаги ишлар қандай ташкил этилаётгани юзасидан мутасадди вазирлик ва ташкилот, ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Улар тадбиркорлар ташаббусларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни республика идоралари аралашувисиз, жойида ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Масалан, ер ажратиш ҳамда инфратузилмага уланиш билан боғлиқ масалалар ҳал этилса, тадбиркорларнинг аксарият муаммоси ечилади. Лекин ер ажратиш учун хулоса берадиган саккизта идора томонидан ҳужжатларни кўриб чиқиш муддатлари асоссиз равишда, ойлаб чўзиб юборилмоқда.

Президент мазкур ташкилотларнинг рухсат беришга оид функциясини мувофиқлаштириш, улардаги маълумотлар базасини интеграциялаш орқали бундай “рухсат берувчи” идоралар сонини қисқартириш, бу борадаги тартибни такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. 

Вазирлар Маҳкамаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигига йирик корхоналарнинг бўш турган объектлари негизида қўшимча кичик саноат зоналари ташкил этиш, уларни электр, сув, газ, йўл ва алоқа коммуникациялари билан таъминлашга кетадиган харажатларнинг 65 фоизини республика бюджетидан қоплаш тартибини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

23 июлда бўлиб ўтган йиғилишда тадбиркорлар мулкларини компенсация тўламасдан бузиш ва ер майдонларини олиб қўйишга мутлақо йўл қўйилмаслиги белгиланган эди. Давлат раҳбари шу масалада Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида республика ишчи гуруҳи тузиш, улар жойларга чиққан ҳолда тадбиркорларга етказилган зарарни хатловдан ўтказиб, бу маблағларни бозор қиймати асосида тўлаб бериш зарурлигини таъкидлади.

Жорий йил 5 августдан бу борадаги ишларни қатъий тартиб билан, уч босқичда ташкил этиш белгиланди. Биринчи босқичда ҳудудий ҳокимликлар бузилишига зарурат туғилган жой бўйича материаллар тўпламини Вазирлар Маҳкамасига киритади. Иккинчи босқичда шаҳарсозлик талаблари бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ҳамда молиявий ҳисоб-китоблар бўйича Бош вазир ўринбосари томонидан хулоса тайёрланади. Учинчи босқичда мазкур хулоса кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун Бош вазирга киритилади. 

Видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, шу билан бирга, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.  

Давлат раҳбари банклар иш услубини тубдан ўзгартириб, тадбиркорларни уларнинг бутун фаолияти давомида қўллаб-қувватлаши, ўз мижозлари билан ҳақиқий маънода бизнес-ҳамкор сифатида ишлаши кераклигини таъкидлади.

Халқаро кредит линиялари маблағларини тадбиркорлик соҳасига кенгроқ жалб қилиш, уларни ўзлаштириш борасида мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди кесимида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берилди. Тижорат банкларида ташкил этилган “Инвестиция марказлари” орқали бу кредитларнинг йўналишлари ва шартлари тўғрисида ҳар бир мижозга тўлиқ маълумот бериш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда фаолиятини тўхтатган кичик бизнес субъектларини қайта тиклаш масалалари ҳам таҳлил қилинди. Мутасаддиларга солиқ ва статистика маълумотларини таҳлил қилиб, ҳар бир корхонанинг фаолият кўрсатмаслик сабабларини аниқлаш вазифаси қўйилди. Ҳокимларнинг тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари ва жойлардаги иқтисодий комплекс идоралари раҳбарлари фаолиятини тиклаш имкони бўлган корхоналар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал этишга ёрдам бериши кераклиги таъкидланди. 

Фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш, иш ўринларини легализация қилиш, янги лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш ҳисобига солиқ базасини кенгайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

552
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг! - Мирзиёев

259
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 8 июль куни видеоселектор йиғилиши аввалида коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Давлат раҳбари, жумладан, шундай деди:

“Барчамиз гувоҳи бўлиб турибмиз, афсуски, бутун дунёда коронавирус пандемияси давом этмоқда. Дунёнинг қатор мамлакатларида касалликнинг иккинчи тўлқини бошланаётгани барчамизда жиддий хавотир уйғотмоқда.

Бугунги ҳолат шуни кўрсатмоқдаки, ушбу инфекцияга қарши курашда қандайдир “сеҳрли рецептлар” ҳали йўқ.

Жаҳон ҳамжамияти, дунёдаги энг йирик илмий марказлар, энг кучли олимлар бу офатга даво топиш учун қаттиқ изланмоқда. Ва бундай тадқиқотлар тез орада ўзининг ижобий натижасини беради, деб умид қиламиз.

Ҳозирги кунда республикамизда касалликка чалинганлар сони 10 минг 982 нафарга, соғайганлар сони 6 минг 890 нафарга етди.

Тиббиёт ва санитария-эпидемиология ходимларининг касб малакаси ва жасорати, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фидойилиги, шунингдек, карантин давридаги қатъий интизом мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни нисбатан барқарор сақлаш имконини бермоқда.

Лекин бу хотиржамликка берилиш, бу масалага енгил-елпи қараш учун асос бўлмаслиги керак.

Чунки июль ойининг биринчи ҳафтасида беморлар сони 2 минг 167 нафарга кўпайган. Шундан 1 минг 267 та (58%) ҳолат аҳоли орасида аниқланган.

Бу карантин давридаги энг юқори кўрсаткичдир. Афсуски, беморлар орасида ўлим сони ҳам ортиб бормоқда. Бу барчамизни жиддий ташвишга солиши шарт.

Биз мамлакатимизда коронавирус аниқланган кундан бошлаб қайта-қайта таъкидлаб келмоқдамиз: бу жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлади.

Бу курашда кўп нарса ўзимизга, ақл билан ҳаракатимизга, сабр-тоқатимизга темир интизом билан, қатъият ва жипсликда иш кўришимизга боғлиқ.

Лекин, минг афсуски, аҳоли ўртасида кўпчилик мана шу талабларга тўла амал қилмаяпти.

Айниқса, тиббий ниқоб тақмаслик ёки уни номига тақиш, санитария-гигиена қоидаларини бузиш, ўзаро қўл бериб кўришиш, ижтимоий масофани сақламаслик, заруратсиз оилавий тадбирларни ўтказиш ҳолатлари кун сайин кўпаймоқда.

Жойларда “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудуд тамойили тўлиқ ишламаяпти.

Биз бу борада аҳволни ўзгартириш учун аввало жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз керак.

Юзага келган вазиятни ҳисобга олиб, Республика комиссияси вилоят, шаҳар, туманлар ҳокимлари ҳамда сектор раҳбарлари билан бирга пандемияни жиловлаш бўйича барча чораларни кўриши шарт.

Тегишли раҳбарлар ўзига бириктирилган ҳар бир вилоят кесимида аҳолининг белгиланган чекловларга қатъий амал қилиши ва карантин талаблари бажарилиши устидан, жойига чиққан ҳолда, назорат ўрнатсин.

Албатта, биз қўшни давлатларда маълум сабабларга кўра қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатимизга қайтариш бўйича ҳам тегишли чора-тадбирларни кўрамиз.

Бироқ юртдошларимизга мурожаат қилиб яна бир бор таъкидламоқчиман: бутун дунёда минг-минглаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлаётган бундай хатарли офатга асло бепарво ва енгил қараб бўлмайди.

Касалликнинг бирор-бир кичик белгисини ўзингизда сездингизми, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Ўзингизча уйда даволанманг. Бу оғир оқибатларга олиб келиши, ва ниҳоят ўлим билан тугаши мумкин.

Ўзингизга ва оила аъзоларингизга нисбатан бепарво ва бефарқ бўлманг!

Халқимиз, оиламиз ва фарзандларимиз саломатлиги ва ҳаёти биз учун энг улуғ бойлик экан, бу ўта муҳим масалада бефарқ бўлиб, карантин талабларини бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Буни ҳеч ким, аввало, барча раҳбар ва мутасаддилар ҳеч қачон унутмаслиги шарт.

Бугунги мураккаб вазиятда барчамиз “Ўз соғлиғингни, ўз болангни, ўз оилангни ўзинг асра!” деган шиорга амал қилиб яшашимиз шарт.

Айни вақтда ҳаётимизни нормал изга солиш, иқтисодиётимизнини тиклаш учун пандемия шароитида яшаш ва меҳнат қилишга ўрганишимиз, барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, бу борада бошлаган ишларимизни темир интизом билан давом эттиришимиз керак”.

259
Мавзу:
COVID-19 умумжаҳон пандемияси

Ўзбекистонда коронавирус: 8 июль асосий хабарлари

619
(Янгиланган 19:28 08.07.2020)
Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

Бир сутка давомида 395 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10 982 нафарни ташкил қилмоқда.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 198 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Республика  бўйлаб жами соғайганлар сони 6 888 нафарга етди.

Айни пайтда 4 052 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 24 нафар бемор оғир аҳволда, 13 нафар бемор ўта оғир аҳволда.

Ўлим ҳолати

Учтепа туманида яшовчи 64 ёшли Б.К. (эркак киши) 1 июлдан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси реанимация бўлимида юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабетнинг 2-тури, нафас етишмовчилигининг 1-2-даражаси, сурункали буйрак етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.

2 июль куни ундан "COVID-19" инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. Охирги 8 йил давомида у паркинсон касаллиги билан диспансер назоратида бўлган. Бемор 2019 йил 1 июль куни бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши ишемик турини ҳам ўтказган.

Реанимацион муолажаларга карамай, бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди.

Республикада карантин яна кучайтирилади

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашуви туфайли карантин чоралари кескин кучайтирилади. Автотранспорт ҳаракати ва йирик жамоат объектлари фаолияти чекланади. Бу ҳақда тўлиқ.

Шифохоналарда ётоқ ўринлари қолмади

Ўзбекистонда шифохоналарда COVID-19 билан касалланган беморлар учун мўлжалланган ётоқ-жойлар қолмади. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш штаби вакили Ҳабибулла Оқилов АОКАдаги брифингда маълум қилди.

“Соғлиқни сақлаш тизимидаги ресурслар бугунги кунга келиб поёнига етди, десак муболаға бўлмайди. Бугун шифохоналарда койка ўринлари тўлган. Барча шифокорлар жалб этилган. Шу боис махсус комиссия билан келишган ҳолда симптомсиз беморларни уйда даволанишларига рухсат бердик”, - деди у.

Оқилов бошқа сурункали касаллиги бор беморларнинг қанчаси даволана олмагани, қанчаси вафот этаётгани ҳақидаги статистика йўқлигини айтди.

“Агар ҳар куни 1000 та коронавирус касаллиги аниқланса, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ўлади”, - деб қўшимча қилди Оқилов.

Чартер жадвали ўзгарди

Чартер рейслари жадвали Республика махсус комиссияси томонидан қайта кўриб чиқилди.

6 – 19 июль кунларига режалаштирилган 19 та парвоздан 13 таси амалга ошириш белгиланди, жумладан Россиядан 9 та парвоздан 5 таси амалга ошириш режалаштирилган. Москвага 6 тадан 3 та, Санкт-Петербургга 2 тадан 1 та парвоз амалга ошириш кўзда тутилди. Владивостокка махсус рейс сақлаб қолинди. Дубайдан эса парвоз бекор қилинган. Янги парвозлар жавдали.

Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан хорижий давлатлардаги Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш мақсадида талаб юқори бўлган йўналишларда рейслар сонини сезиларли даражада кўпайтириш чоралари кўрилади.

Чегарадаги фуқаролар

Ташқи ишлар вазирлиги Россия-Қозоғистон чегарасидаги “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида ва Оренбург вилояти Бузулук шаҳрида ватандошлар тўпланиши юзасидан баёнот берди.

Россия ҳудудида бўлиб турган фуқаролардан чеклов чораларига тўғри баҳо беришларини, Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва ўзларининг ва атрофдагиларнинг соғлиғини хавф остига қўймасликларини яна сўралган.

Ўзбекистон фуқаролари чартер рейсларини ташкил этиш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорига биноан ҳамда мунтазам “сариқ” ва “яшил” рейслар қайта ташкил этилишига кўра ватанга қайтадилар.

Шунингдек, ТИВ Қозоғистон билан чегарадаги “Жибек жоли” – “Ғишт-Кўприк” назорат-ўтказиш пункти яқинида тўпланган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилди. Қайд этилишича, техник сабабларга кўра сўнгги кунларда ватандошларнинг давлатлараро чегарадан ўтишлари чекланган миқдорда амалга оширилган.

“Жибек жоли” ўтказиш пункти орқали республика фуқароларининг Ўзбекистон ҳудудига чекланган ҳолда кириши билан боғлиқ барча муаммолар тез муддатда ҳал қилинади.

Тест онлайн бўлмайди

Турли манбаларда давлат олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонлари онлайн бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони ҳамда тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Ҳозирги кунда Давлат тест маркази томонидан тест синовларини ҳар йилги шаклда, катта сиғимли биноларда, санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 11,8 миллиондан ошди, 544 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (2,9 млн), Бразилияда (1,6 млн), Ҳиндистонда (742 минг).

619
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев

Мирзиёев аҳолини ишга жойлашда фаол бўлмаган 6 раҳбарни ишдан олди

292
(Янгиланган 22:53 08.07.2020)
Фарғона тумани ҳокими, Яккабоғ тумани прокурори, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

ТОШКЕНТ, 8 июл - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш давомида эҳтиёжманд аҳолини ишга жойламаган 6 раҳбарни ишдан олди. Бу ҳақда АОКА тегерам-каналида хабар берилди.

Президент камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди.

Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторларнинг 6 нафар раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди. Булар – Фарғона тумани ҳокими Носиров, Яккабоғ тумани прокурори Мустафаев, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Рахмонов ва Абдурайимов, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Темиров ва Турдиқулов.

Етти нафар раҳбарга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида "ҳайфсан" эълон қилинди. Булар – Шўрчи тумани ҳокими Худайберганов, Каттақўрғон, Косон ва Пайариқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Отамуродов, Отакулов ва Шермухамедов, Нарпай, Ғаллаорол туманлари ва Гулистон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Деҳқонов, Мамаев ва Раджабов.

292