Шерзод Ходжаев

"Ақлли ҳисоблагичлар" алдаяптими: энергетика вазири ўринбосари аниқ жавобни айтди

928
(Янгиланган 11:02 10.08.2019)
Ўзбекистон энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Ходжаев янги ўрнатилаётган электрон ҳисоблагичлар "тез айланаётгани" борасидаги саволларга аниқлик киритди. У шунингдек, бундай ҳолатларда қаерга мурожаат қилиш мумкинлигини айтди

ТОШКЕНТ, 10 авг - Sputnik. Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев янги ҳисобга олиш ускуналари аниқ ишламаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди. У шунингек, ўрнатилган ҳисоблагичлар тўғри ишлаётганига шубҳа билан қараган истеъмолчиларга бу каби ҳолатларда қандай иш тутиш мумкинлиги ҳақида маслаҳат берди.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида эски ҳисоблагичлардан фарқли ўлароқ, янги ўрнатилаётган ускуналар истеъмол қилинаётган энергияни ҳаддан зиёд кўп ҳисоблаб юбораётгани ҳақидаги хабарлар қизғин муҳокама қилинмоқда. Шу муносабат билан ташкил этилган брифингда энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев бундай ҳолатларнинг оммавийлигини инкор этиб, ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида шуғулланиш ваъдасини берди ҳамда ускуна тўғри ишлаётганига истеъмолчиларда шубҳа туғилган тақдирда қандай йўл тутмоқлик борасида маслаҳатлари билан ўртоқлашди.

"Мурожаатларнинг биринчи ва асосий категорияси ушбу ҳисоблагичларни ўрнатаётганлар билан боғлиқ. Гўёки улар ўз ишини хато бажарган. Биз ҳар бир мурожаат билан алоҳида шуғулланяпмиз. Шунингдек, истеъмолчилар ҳисоблагичлар нотўғри ишлаётганидан ҳам арз қилмоқда, яъни улар наздида ускуналар керагидан ортиқ ҳисоблаб юбормоқда. Лекин, тўғрисини айтсам, мен бунга ишонмайман. Ҳар бир ҳисобга олиш ускунаси корхонада сертификациядан ўтади ва бусиз у чиқарилмайди. Бундан ташқари, биз электр энергиясини ўғирлашнинг турли вариантларини ва санкцияланмаган истеъмолчиларнинг уланиб олишларини ҳам ҳисобга олишга ҳаракат қилдик. Ускуна очилган тақдирда, у шу заҳоти қайддан ўтади, биз ҳар бир уланиш ва бажарилган ҳаракат устидан назорат олиб бориб, қоидабузарлик рўй берган ҳолатларда буни аниқлай оламиз. Шуни ҳам унутмаслик керакки, 30 ва ундан ортиқ йиллар давомида хизмат кўрсатган эски счетчиклар, вақт ўтиши билан таъсирчанлигини йўқотади ва шу боис истеъмол қилинаётган барча энергия ҳам улар томонидан ҳисобга олинмаган", - дея тушунтирди Ходжаев.

У шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш ускуналари ҳар 10 йилда бир маротаба текширувдан ўтказилишини, бунда истеъмолчи ускунани шахсан олиб бориш ва тўлов каби масалалардан озод этилишини қўшимча қилди. Агар истеъмолчи ҳисоблагич ишини нотўғри, деб баҳолаётган бўлса, у текширув ўтказиш ва асосли эътирозлар билдиришга ҳақли.

"Ускунани ўрнатган компанияга мурожаат қилади, компания ҳисоблагични ечади ва истеъмолчига топширади. Истеъмолчи шахсан ускунани "Ўзстандарт"нинг исталган бўлинмасига метрологик экспертизага олиб боради. Текширув унинг гувоҳлигида амалга оширади, натижалари бўйича квитанция берилади. Агар ҳисоблагич ростдан оширилган кўрсатмаларни бераётган бўлса, фуқаро тармоқ компаниясидан қарздорликни қайта ҳисоблаш ва экспертизага кетган ҳаражатларни қоплаш учун компенсация талаб қилишга ҳақли. Агар ускуна соз бўлса, истеъмолчи ўз пулларини йўқотади, ҳисоблагич эса жойига ўрнатилади", - дея тушунтирди Ходжаев.

Энергетика вазири ўринбосари сўзларига кўра, ақлли деб ном олган ҳисоблагичларда "брак" ҳолатлари истисно этилмаган, фақат у бошқа турда бўлади. Мисол учун, ускунага механик жиҳатдан лат етказилган бўлиши мумкин, лекин бундай ҳолатларда счётчик энергия истеъмоли ҳақида нотўғри кўрсатма бермайди ёки ошириб ёзмайди, у шунчаки ишлашдан тўхтайди.

928