Ура ҳайқириқлари остида йўқолган Искандария бутун дунёга тақдим этилди

1195
(Янгиланган 11:00 26.08.2019)
Кампиртепа остидан 2 минг йил яшириниб ётган Окс Икандарияси шаҳри топилгани бутун дунёга эълон қилинди.

ТОШКЕНТ, 25 авг – Sputnik. Бугун Термизда оламшумул янгилик эълон қилинди – бир неча минг йиллар давомида фақат тарихий китобларда номи тилга олинган – Окс Искандария шаҳри топилгани дунёга маълум қилинди, Sputnik мухбири хабарига асосан.

Ушбу кашфиётнинг расмий эълон қилиниш маросимида тарихчи олимлар, хорижий меҳмонлар, ҳукумат вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этишди.   

“Бугун биз бутун дунёга Окс Искандарияси топилгани ҳақида баралла  эълон қиламиз”, - деди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов.

Абдуҳакимов ушбу кашфиёт Ўзбекистон археологлари томонидан бажарилган ишлигини таъкидлаб, барчага миннатдорлик билдирди ва Окс Искандарияси сайёҳлар зиёратгоҳига айланишига ишонч билдирди.

Окс Искандарияси – яъни Амударё бўйидаги Искандария шаҳри, Искандар Зулқарнайн томонидан асос солинган Юнон-Бақтрия давлатининг шарқий ҳимоя қалъаси ҳисобланган. Окс Искандариясининг гуллаб-яшнаган даври, эрамиздан олдинги  III – II асрларга тўғри келади.

2 минг йилдан ортиқ ушбу шаҳар қаерда жойлашганини ҳеч ким аниқ билмаган. Ўзбекистонлик археолог олим Эдвард Васильевич Ртвеладзе Окс Искандариясининг дастлабки нишонларини 2007 йилда Термиз яқинидаги Кампиртепа қўрғонидан топган эди.

Шундан сўнг Ртвладзе ўз жамоаси билан бир неча йиллар давомида Кампиртепада археологик қазиш ишлари олиб боради ва ушбу жой айнан Окс Искандарияси эканлигининг бир неча далилларини топади.

Маълум бўлишича маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам олим Ртвеладзега кашфиётни очишда ва археологик қазилмалар олиб боришда ёрдам беришган. Ана шундай мўйсафидлардан бири ҳам тадбирда иштирок этиш учун таклиф қилинди.

Археолог олим Ртвеладзе очилиш маросимида иштирок этмаган бўлсада у тадбир иштирокчиларига кеча ўз видеомурожаатини  йўллаган эди.

© Sputnik / Дильшода Рахматова.
Состоялось открытие Александрии Оксианской
1195