50 кишини қутқарган ўзбекистонлик болалиги, оиласи ва Петербургга бўлган муҳаббати ҳақида

© SputnikАбдуманнон Каршиев
Абдуманнон Каршиев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Биринчи декабрь куни Петербургнинг Приморское шоссесида йўналишдаги автобус ёниб кетди. Автобусдаги 50 киши 43 ёшли ўзбекистонлик ҳайдовчи Абдуманнон Қаршиев туфайли омон қолди.

Sputnik Ўзбекистон мухбири Абдуманнон Қаршиев билан суҳбатлашди ва ўша куни нима рўй бергани ҳамда унинг она шаҳри ва ҳаётий қадриятлари ҳақида сўраб билди.

- Абдуманнон, қаерда туғилиб ўсганингиз ҳақида ҳикоя қилиб берсангиз.

- Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи менинг она шаҳрим. У кичкина шаҳар. Диққатга сазовор жойлардан фақат қалъа ва маҳаллий жамоа ўйнайдиган футбол стадиони бор. Болалик ва ёшликдаги илиқ хотираларим бор: серқуёш макон, қўшни болалар билан қувноқ ўйинлар, тоза мева-савзавотлар, хушмуомила қўшнилар. Биз тез-тез тоққа чиқиб, дарёчаларда чўмилардик. Мен улғайганимда қишлоқ хўжалигида ишлашни бошладим. Чироқчида қишлоқ хўжалиги жуда ривожланган. Ҳосил яхши бўлади.

- Қачон ва нима сабабдан ҳайдовчи бўлгансиз?

- Уйда автомобилим бор эди. Ёшлигимдан ҳайдашни ўрганганман ва менга маъқул бўлган. Тезликни яхши кўраман деб айта олмайман, лекин машина ишимизда жуда асқотарди. Биз ахир жуда кўп мева ва сабзавот етиштирардик, кейин мен уларни катта қопларда маҳаллий бозорларга олиб борардим. Шахсий транспот буни тез бажаришга имкон берарди.  Машина ёрдамчим эди.

Огонь - Sputnik Ўзбекистон
Санкт-Петербургда ўзбекистонлик ҳайдовчи 50 нафар йўловчини қутқариб қолди

- Нима учун Санкт-Петербургга кўчиб келгансиз?

- Илк бор бу ерга 10 йил илгари келганман. Ўшанда дўстларимникига меҳмонга келгандим. Бу улкан чиройли шаҳарни кўришни азалдан орзу қилардим, у ҳақида дўстларимнинг кўплаб ҳикояларини эшитганман ва ўқиганман. Бу ерда одамларнинг қандай яшаши ва умуман муҳит қандайлиги қизиқ эди. Мен Петербургда яхши дам олдим ва қайтишга қарор қилдим. Ўз олдимга суҳбатлашиш учун бўлса ҳам рус тилини ўрганишни мақсад қилиб қўйдим. Бир қанча вақт ўтиб Петербургга кўчиб келди. Мана бир неча йилдирки шу ерда яшаб келяпман.

- “Третий парк” компаниясидаги ишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

- Уч йил илгари бу корхонага ишга кирганман. Бунгача енгил машина ҳайдаб, киракашлик қилганман. Автобус ҳайдовчиси сифатида ишга кириш учун бошқа тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олдим. 211-сонли йўналишдаги автобусда меҳнат қиламан. Ҳар куни йўловчиларни “Чёрная речка” метро бекатидан оламан ва Курорт туманидаги Зеленогорск шаҳрига элтиб қўяман. Сўнгра бироз дам олиб, ортимга қайтаман. Мен ҳатто йўналишим шаҳардан ташқарида эканлигидан хурсандман. Боиси ҳар куни дарахтлар ва Фин кўрфазини кўраман.

- Келинг, ЙТҲ ҳақида бироз суҳбатлашсак. Бу қандай рўй берганини ҳикоя қилиб берсангиз.

- Қўрқинчли манзара эди, албатта. Ён ойнадан автобус салонининг охиридаги тутунга кўзим тушиб қолди. Дарҳол тўхтадим, барча эшикларни очиб, одамлар зудлик билан автобусдан тушишлари учун бақира бошладим. Худога шукур, техника бу тутундан ўчиб қолмади ва эшиклар муаммосиз очилди. Чиқиш эшиклар ёпилиб қолганда жуда катта фожиа бўларди ахир.

Йўловчилар сакраб тушишди, кейин ўт ўчириш воситаси билан оловни ўчиришга уриндим. Бу орада кимдир ФВВ ходимларини чақирди. Улар келишди ва оловни ўчиришди. Одамлар эса кейинги автобус билан манзилларига етиб олишди.

- Абдуманнон, ҳаммасини сониялар ҳал қиладиган ва хавфли ҳолатларда қандай қилиб одам ўзини йўқотиб қўймаслиги мумкин?

- Асосийси – тинчликни сақлаш ва одамларни ваҳимага тушиб қолишларига йўл қўймаслик. Мени ишга қабул қилишаётган вақтда биринчи ўринда йўловчилар деб ўргатишган. Нима бўлган тақдирда ҳам энг асосийси уларнинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиш. Ана ундан кейин агар улгурсанг, транспортни сақлаб қол. Тан оламан, автобус мен учун шунчалик транспорт воситаси эмас. Ҳар кун унда кўп вақтимни ўтказаман. Кези келганда танаффус вақтида ухлаб оламан. Автобус Петербургдаги иккинчи уйим дейиш мумкин, фақат ҳаракатланувчи уйим.

- Атрофдагилар ҳаракатларингизга қандай баҳо беришди? Раҳбарият, ҳамкасблар?

Горящий автобус - Sputnik Ўзбекистон
ТИВ Россияда 50 киши ҳаётини қутқариб қолган ўзбекистонлик ҳақида баёнот берди

- Компания раҳбарлари ЙТҲда ҳеч ким жабрланмаганидан жуда хурсанд бўлишди. Улар менга миннатдорчилик билдириб, эсдалик совғалар ҳадя этишди.

- Ҳозир ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Ҳеч нарса безовта қилмаяптими?

- Жисмонан жароҳатланмадим, раҳмат. Стресс ҳолатида эдим, чунки бу ҳаётимдаги энг йирик ЙТҲ. Кўзим ўнгида ҳали ҳеч қачон автобус ёниб кетмаган эди. Лекин қайтараман: асосийси, ҳамма омон қолди. Мен ўзимга келиб қолдим.

- Оилангиз борми?

- Ҳа, хотиним ва тўнғич қизим мен билан туришади. Аёлим ошпаз бўлиб ишлайди. Ота-онам ва кичик фарзандларим эса ватанимда.  

- Бўш вақтингизни қандай ўтказишни яхши кўрасиз?

- Бўш вақтимни шунчаки уйда тўйиб ухлаш, яқинларим билан суҳбатлашиш ва кино кўриш билан ўтказишни яхши кўраман. Биласизми, илгари мен шаҳар бўйлаб сайр қилиш ва диққатга сазовор жойларни томоша қилишни ёқтирардим. Бироқ ҳар доим машинада бўлиш сўнгги йилларда ўз таъсирини кўрсатмоқда. Ўз ишимни яхши кўраман, лекин шу билан бирга кўп кучимни сарфлайман. Шунинг учун тинч дам олиш менга муҳим. Меҳнат таътилимизни эса ҳаммамиз жонажон Чироқчида ўтказамиз.

- Нимани орзу қиласиз?

- Яшашни, меҳнат қилишни, ота-она, фарзандларим ва хотинимга ғамхўрлик қилишни истайман. Мен катта режалар тузмайман, бор нарсамни эса қадрлайман.

Яқин йилларни Петербургда ўтказаман деб ўйлайман. Бу шаҳар менга деярли она шаҳримдек қолди. Барча фарзандларимни оёққа турғазгандан кейин Ўзбекистонга қайтаман.

Янгиликлар лентаси
0