Сотрудник ГИБДД демонстрирует готовый к работе алкотестер

Энди ҳайдовчилар мастлигини алкотестер аниқлайди

182
Алкотестер текшируви камида икки нафар холис гувоҳлар иштирокида амалга оширилади, ДЙҲХХ ходимида кузатув камераси (body camera) бўлган ҳолда гувоҳлар бўлиши шарт эмас.

ТОШКЕНТ, 30 дек - Sputnik. Ўзбекистонда ҳайдовчиларнинг маст ҳолатда эканликларини осон аниқловчи махсус қурилма — алкотестер ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилди.

Алкотестер мосламаси йўл ҳаракати билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида жорий этилган.

Алкотестер бу ҳайдовчи томонидан ҳавога чиқарилган этанол буғларини аниқловчи ва текширув натижаларини қоғозда акс эттирувчи махсус техник воситадир.

Ҳайдовчи техник восита ёрдамида текширувдан ўтишдан бош тортиб,  текширув натижаларига эътироз билдирган ҳолларда ДЙҲХХ ходими унинг мастлигини туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасаларида аниқлаши мумкин.

Алкотестер текшируви қоидабузарлик юз берган жойнинг ўзида амалга оширилади. Белгиланган тартибга кўра, ДЙҲХХ ходими текширув олдидан ҳайдовчига алкотестернинг ишлаш тартиби ёки зарур ҳолларда ҳайдовчининг талабига асосан техник воситасининг ҳужжатларини ҳам кўрсатади.

Текширув камида икки нафар холис иштирокида амалга оширилади.  ДЙҲХХ ходимида кузатув камераси (body camera) бўлган ҳолда гувоҳлар бўлиши шарт эмас.

Маълумотга кўра, айни дамда ички ишлар вазирлиги томонидан 109 дона  “Алкотестер” қурилмалари ИИВ ЙҲХББга етказиб берилиб,  тақсимот асосида вилоятларга ҳам тарқатилган.

182