Марказий Осиё президентлари Янги йил табригида нималар ҳақида гапиришди?

412
(Янгиланган 14:43 01.01.2020)
Давлат етакчилари янги йил мурожаати анъанаси пайдо бўлганига 70 йилдан ошди ва у халқ меҳрини қозониб, шу қадар оммалашдики, бугунги кунда бу анъана у ёки бу кўринишда мавжуд бўлмаган давлатни тасаввур қилиш қийин.

Ўзбекистон

Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ўз Янги йил мурожаатини миллат учун муҳим хабардан бошлади: халқ миллий юксалишнинг муҳим босқичига қадам қўяётганини айтди.

© Sputnik / Руслан Кривобок

Ижтимоий масалалар, мамлакат ички ва ташқи сиёсати ҳам давлат раҳбари эътиборидан четда қолмади. Хусусан, иш ҳақи ва аҳоли реал даромадини ошириш, одамлар яшаш шароитини яхшилаш, арзон уй-жойлар, таълим ва тарбия масаласида бошланган ишлар давом эттирилиши, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, нуронийлар, аёлларга эътибор ва ғамхўрлик янада кучайиши санаб ўтилди.

"Тинчлик ва барқарорликни, жамиятимизда ўзаро ҳурмат ва аҳилликни мустаҳкамлаш асосий вазифамиз бўлиб қолади. Бу борада дунё ҳамжамияти, аввало, ён қўшниларимиз билан самарали ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтирамиз", - деди Ўзбекистон раҳбари.

Президент ўз табриги якунида 2020 йил ҳар бир оила, ҳар қайси хонадонга  қут-барака, бахт ва омад олиб келишини, барча эзгу мақсадлар рўёбга чиқишини, Ўзбекистон гуллаб-яшнашини тилади.

Қозоғистон

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев биринчи марта қозоғистонликларни Янги йил билан табриклади.

Қозоғистон етакчиси ўз мурожаати аввалида 2019 йил мамлакат учун тарихий йил бўлганини таъкидлади. Замонавий Қозоғистон асосчиси - Елбаси Нурсултон Назарбаев бошлаб берган стратегик йўналиш давом эттирилишини қўшимча қилди. Токаев, шунингдек, олти ой давомида ижтимоий соҳада ўз ечимини топган масалалар ҳақида гапирди ва "эшитувчи давлат" концепцияси амала оширилиши бошланганини маълум қилди.

"Турли фикрларга қарамай, биз ягона миллатмиз. Биз, бизга буюк аждодларимиздан мерос қолган миллат бирдамлигини кўз қорачиғидек авайлашимиз даркор", - дея эслатиб ўтди президент.

2020 йил учун режалар санаб ўтилди. Қонунчилик, суд ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилишидан ташқари, давлатчилик мустаҳкамланиши учун муҳим саналарни ҳашамат ва дабдабасиз нишонлаш режалаштирилмоқда. Булар: Конституциянинг 25 йиллиги, шоир ва файласуф Абай, буюк мутафаккир ва файласуф ал-Форобийнинг юбилей саналари. Қозоғистон, шунингдек, Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлайди.

Токаев олдинга қўйилган мақсадга эришиш учун уринишларни бирлаштириш кераклигини айтиб, Қозоғистон халқини фаровонликка эришиш йўлида бирлашишга чақирди.

Тожикистон

Эмомали Раҳмон 2019 йил мамлакат учун муҳим ютуқлар даври бўлганини эътироф этди.

Тожикистон фуқароларини Янги йил билан табриклар экан, Эмомали Раҳмон юртдошларга соғлик, фаровон ҳаёт, бахт ва гуллаб-яшнашни тилади. 2019 йил Тожикистон учун муҳим ютуқлар даври бўлди, деди давлат раҳбари.

Раҳмон, шунингдек, чет элдаги ватандошларга ҳам табрик йўллади.

"Бу йил мамлакат аҳолисининг сайи-ҳаракатлари, яратувчанлик ишлари ва ташаббуслари мисли кўрилмаган кўламга эга бўлди. Ватанпарварлик кайфиятидаги халқимиз эса Ватанимиз янада фаровон бўлиши ва чирой очиши учун елкама-елка, ғайрат билан меҳнат қилди", - деди Тожикистон президенти.

Тожикистон президентининг сўзларига кўра, республика эришган энг катта ютуқлардан бири бу Роғун ГЭСининг иккинчи агрегати ишга туширилиши бўлди.

"Бу энергетика соҳасидаги улкан ютуқ, Тожикистоннинг энергетика мустақиллиги йўлида қўйилган яна бир қадамдир", - дея ўз мурожаатини якунлади Раҳмон.

Қирғизистон

Давлат раҳбари ўз Янги йил мурожаатида ўтган йилда эришилган ютуқлар ҳақида гапирди.

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков 2019 йилда мамлакатда муҳим воқеалар юз берганини эслатиб ўтди: регионлар ривожлана бошлади, мамлакатда кенг кўламли рақамлаштириш ишлари амалга оширилмоқда, Қирғизистоннинг халқаро имиджи мустаҳкамланди. Жээнбеков бу ютуқлар ортида қирғизистонликларнинг кундалик меҳнати ва уринишлари ётганини эътироф этди.

Давлат раҳбари шунингдек, 2020 йилда ёш авлодга катта эътибор қаратилишини айтди. "Ишончим комилки, кучларимизни бирлаштириб, ҳар бир болага муносиб ҳаёт шароитларини ярата оламиз", - деди президент.

Шу боис, 2020-йил Қирғизистонда регионларни ривожлантириш, мамлакатни рақамлаштириш ва болаларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди.

"Болалар ҳақида ғамхўрлик - биз бу ҳаётда амалга оширишимиз мумкин бўлган энг олижаноб иш", дея эслатди Жээнбеков.

Туркманистон

Туркманистон 2020 йилда суверен давлат сифатида мамлакатнинг доимий бетарафлиги 25-йиллигини катта тантана билан нишонлашни режалаштирган.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов, фаровон келган 2019 йил давомида амалга оширилган ижтимоий ислоҳотларни бирма-бир санаб ўтиб, "давлат - инсон учун" шиори остида пойтахт ва регионларда тиббиёт масканлари бунёд этилаётганини, халқ саломатлиги - давлатнинг энг асосий бойлиги эканлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари шунингдек, бетараф давлат сифатида ўз ташқи сиёсатининг асосий масалаларини аниқ белгилаб олганлигини айтиб ўтди. Туркманистон жаҳонда мустақил мамлакат сифатидаги ролини кучайтириб, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини янги босқичга чиқаришни мақсад қилган.

Бердимуҳаммедов Янги йил мурожаатида 2020 йил Туркманистонда "Туркманистон – бетарафлик ватани" шиори остида ўтишини эълон қилди.

412