Обучение русскому языку

Юқори синф ўқувчиларига ўзларини ўқитувчи сифатида синаб кўриш имкони берилади

168
Қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 февраль кунига қадар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги барча умумий ўрта таълим мактабларида “Ёш ўқитувчилар клуби” фаолияти йўлга қўйилади.

ТОШКЕНТ, 3 янв - Sputnik. Ўзбекистонда “Ёш ўқитувчилар клуби” ташкил этилиб, ушбу клуб аъзолари ўзларини ўқитувчи сифатида синаб кўришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 1 февраль кунига қадар Халқ таълими вазирлиги тизимидаги барча умумий ўрта таълим мактабларида “Ёш ўқитувчилар клуби” фаолияти йўлга қўйилади. 

Мазкур клуб ўқувчиларнинг дарс машғулотидан кейинги бўш вақтини унумли ташкил этиш, педагогика соҳасига қизиққан ўқувчи-ёшларни мақсадли тарбиялаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Клубга 8-11-синфда таҳсил олаётган, келажакда ўқитувчилик касбини эгалламоқчи бўлган ўзини ёш ўқитувчи сифатида синаб кўриш истагида бўлган ўқувчилар аъзо бўлиши мумкин.

Бунда ўзини ёш ўқитувчи сифатида синаб кўраётган клуб аъзоси ўзи қизиққан бирон бир  фанни танлайди. Сўнг у умумий ўрта таълим мактабининг айнан ўша фан ўқитувчисига “Устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ бириктирилади.

Шогирд ўзи танлаган фани бўйича бириктирилган ўқитувчи билан шуғулланади ва  ҳафтада икки кун махсус жадвал асосида, ўзи танлаган фан бўйича тенгдошларига дарс ўтади.

Ёш ўқитувчи дарс машғулотларини  умумий ўрта таълим мактабининг ажратилган синфхонасида, умумий дарс машғулотларидан сўнг олиб боради. 

“Келажакда ўқитувчилик касбини эгалламоқчи бўлган ўқувчилар “Ёш ўқитувчилар клуби” - бу Сизнинг мақсадингиз сари етакловчи янги имкондир”, - дейилади вазирлик ахборотида.

168