ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўзбекистондаги биринчи океанариум Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилади. Президент Шавкат Мирзиёев боғда амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, бу ерда замонавий маданият ва истироҳат боғи барпо этилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарори асосида бунёдкорлик ишлари икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда 9 гектар майдонда океанариум, амфитеатр, кинотеатр, кўнгилочар ўйингоҳ, эртакнамо қаср, мусиқали фаввора, автомобиллар тураргоҳи қурилади. Иккинчи босқичда 12 гектар ҳудудда мавзули парк, болалар учун автодром ва аттракционлар, аквапарк бунёд этилади.
Шунингдек, кафе ва ресторанлар, савдо дўконлари ташкил қилинади. Ҳаво мусаффолигини таъминлаш мақсадида каштан, қарағай, япон софораси, магнолия, эман, қайин каби дарахтлар экилади.
Истироҳат боғи тўлиқ модернизация қилингач, бир кунда 10 минг кишигача хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Бу аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш билан бирга Тошкент шаҳрининг туристик жозибадорлигини ҳам оширади.
Давлат раҳбари истироҳат боғининг йил давомида ишлашини таъминлаш, одамлар оилавий дам олиши учун кенг имконият яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Боғда Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларимиздаги қадимий обидалар макетини ўрнатиб, ёшлар ва сайёҳларнинг тарихимизга қизиқишини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Покистонда ўтказилган “4-Покистон армиясининг жамоавий руҳи халқаро мусобақаси”да (4-th International PATS Competition) Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилишди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Мусобақа 2021 йилнинг 24 февраль кунидан 3 март кунига қадар 5 та давлат ўртасида ўтказилган. Уни Қозоғистон, Ҳиндистон, Марокко, Индонезия, Тожикистон давлатлари вакиллари кузатиб боришди.
Ушбу мусобақага Шри-Ланка, Туркия, Иордания ва халқаро майдонда кучли саналган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкачилари ҳам таклиф этилган.
Ўзбек ҳарбий разведкачилари Покистоннинг иссиқ ва қийин шароитларида ўз куч-қудратини намоён этиш мақсадида ўтган йиллар мобайнида ўтказилган армия ўйинлари натижалари, улардаги ютуқ ва камчиликлардан олинган юқори тажрибаларига таянишган. Алоқа тайёргарлиги, ҳарбий топография, отиш ва тиббий тайёргарлик, махсус сигналлар бериш ва оптик воситаларни қўллаш, нотаниш ҳудудларни рекогносцировка қилиш бўйича назорат машғулотларини аъло бажаришган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳарбий разведкачилари Буюк Британияда ўтказилган “Кембриж патрули” мусобақасида 120 та давлат ичида 2018 йилда иккинчи ва 2019 йилда биринчи, Қозоғистонда ҳарбий разведкачилар ўртасида ўтказилган “Алтын уки” халқаро мусобақасида мезбон жамоадан кейинги фахрли иккинчи, 2020 йилда эса Россияда ўтказилган Халқаро армия ўйинларида мезбон жамоадан кейинги иккинчи ўринни эгаллаб, ўзининг ҳар томонлама устунлигини кўрсатиб келишган.
ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Россиянинг Внуково аэропорти жорий йилнинг апрель-май ойлариданоқ қатор йўналишлар бўйича парвозлар қайта тикланишига умид қилмоқда. Бу ҳақда директорлар кенгаши раҳбари, аэропортнинг шерикликдаги эгаси Виталий Ванцев маълум қилди.
Ванцев биринчи навбатда Ўзбекистон ва Тожикистон билан авиақатнов тикланишига умид билдирди.
“Биз апрель-май ойларидан ҳар ҳолда ҳамкорларимиз – МДҲ мамлакатлари билан очилишини (авиақатнов – таҳр.) кутяпмиз, аввало, Ўзбекистон ва Тожикистон билан. У ерда эпидемиологик вазият бизга қараганда анча яхшироқ. Билганингиздек, бизда ҳам у барқарорлашмоқда, шунинг учун бу икки бозор биз учун очилишига умид бор”, - деди Виталий Ванцев. Унинг сўзларидан РИА Новоси иқтибос келтирган.
Внуково аэропорти август-сентябрь ойига келиб барча халқаро йўналишлар бўйича парвозларнинг тўлиқ тикланишига умид қилмоқда.
“Халқаро рейслар очилиши билан йўловчилар оқими тикланишига умид қиляпмиз. Ўйлайманки, ҳар ҳолда барча халқаро йўналишлар очилади, эҳтимол, август-сентябрь ойига келиб”, - деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Москвага ташрифи давомида россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашиб, икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновларни тиклаш масаласини муҳокама қилгани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳукумат Россия махсус комиссиясига мунтазам парвозларни қайта тиклашни таклиф қилиб, мурожаат йўллаганини маълум қилган эди. У жорий йил март-апрель ойида бирор бир ижобий жавоб бўлишига умид билдирилаётганини таъкидлаган эди.
ТОШКЕНТ, 4 мар — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин волонтёрлар билан видеоалоқа орқали мулоқот давомида Геленжикда қурилиши олиб борилаётган "сарой" мавзусида ҳазил қилди.
Сал аввал блогер Алексей Навальный ўзининг Youtube-каналида суриштирув эълон қилган ва унда қаср давлат раҳбарининг шахсий мулки сифатида тақдим этилган эди.
Ўз навбатида, президент матбуот-котиби Дмитрий Песков "сарой" бир ёки бир неча тадбиркорларга тегишлилигини қайд этиб, Кремль уларнинг исмини ошкор қила олмаслигини айтганди.
Хусусан, волонтерлик фаолияти билан шуғулланувчи ва айни вақтда Ленинград вилоятида, Стрельнада икки километр масофада бўлиб турган қиз билан мулоқот давомида Путин ўз номи билан боғланаётган қаср ҳақида ҳазил қилди.
Давлат раҳбари волонтёр қиз кичикроқ икки қаватли уй фонида турганини кўриб, иншоотнинг "сарой" билан ўхшашлигини қайд этди.
"Худди яна бир қасрдек кўриняпти, шундай экан, келаман. Фақат уни менинг номим билан боғламанг, келишдикми?", - дея ҳазиллашди Путин.
Сал аввал Россия президенти Геленжикда қурилаётган сарой ҳақидаги фильмни вақти зиқлиги туфайли кўрмаганини айтган эди. Аммо ёрдамчилари кадрларни унга кўрсатишганини қўшимча қилди.
Ўз навбатида, "сарой"ни қураётган фирма у меҳмонхона сифатида қурилаётганини маълум қилган.
Унинг айтишича, шу жойда "жуда бадавлат одамлар учун отель" барпо этилади, иншоот Сочидаги "Родина" бутик-отели кўринишида бўлади.
Қурилиш ишлари олиб борилаётганига ўн йил бўлган, объект бир неча марта қайта сотилган.