Ўзбекистонда одамларни уларнинг розилигисиз тасвирга туширишни тақиқлаш таклиф қилинди

© Sputnik / Сергей Пятаков / Медиабанкка ўтишЦифровой фотоаппарат "Зенит-М"
Цифровой фотоаппарат Зенит-М  - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Адлия вазирлиги Фуқаролик кодексига қўшимча киритишни таклиф қилди. У билан фуқароларни уларнинг розилигисиз тасвирга тушириш тақиқлаб қўйилиши мумкин.

ТОШКЕНТ, 25 фев — Sputnik. Ўзбекистонда фуқаронинг тасвирига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид қонун қабул қилиш таклиф қилинмоқда. Адлия вазирлигининг тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

“Фуқарони тасвирга (шу жумладан, фото тасвирини ҳамда унинг тасвири акс этган видео тасвир ёки тасвирий санъат асарини яратиш) тушириш, шунингдек унинг тасвиридан фойдаланиш учун ушбу фуқаронинг розилиги, агар фуқаро вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, унинг қонуний вакиллари розилиги талаб этилади”, - деган модда билан Фуқаролик кодексига қўшимча киритиш таклиф қилинган.

Бундан қуйидаги ҳоллар мустасно: тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда, фуқаро оммавий тадбирларда (концерт, байрам сайиллари ва бошқа) ва жамоат жойларида (умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим муассасалари, ҳайвонот боғи, истироҳат боғлари, кўчалар ва бошқа) тасвирланган ҳамда тасвирдан фойдаланишдан мақсад фақат ушбу жойлардаги умумий жараёнларни намойиш этиш бўлса.

Шунингдек, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар таниқли вакилларининг тасвиридан жамият учун катта қизиқиш уйғотадиган ахборотни тарқатиш мақсадларида фойдаланилганда.

Фуқаронинг ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга риоя қилинмасдан туширилган ва (ёки) фойдаланилган тасвири сақланаётган манбадан (фотоаппарат, камера, мобил телефон ва бошқа ускуналар хотирасидан) ўчириб ташланиши, фуқаронинг тасвири акс эттирилган моддий неъматларнинг йўқ қилиниши ва муомаладан чиқарилиши, шунингдек ҳар қандай босма ва электрон оммавий ахборот воситаларидан, Интернет тармоғидан ҳамда ташқи реклама ва реклама хусусиятига эга бўлган тарқатма материаллардан олиб ташланиши лозим.

Ушбу модда талабларига риоя этилмаслиги оқибатида фуқарога ва ушбу фуқарони тасвирга туширган ва (ёки) унинг тасвиридан фойдаланувчи шахсга етказилган зарарлар ва маънавий зиённи ундириш суд тартибида ҳал қилинади.

Қонун лойиҳасида 8 мартга қадар муҳокама қилинади. Хоҳловчилар бу борасида ўз фикрларини билдиришлари мумкин.

Янгиликлар лентаси
0