Президент Республики Татарстан Рустам Минниханов на встрече с хокимом Бухарской области (Узбекистан) Уктамом Барноевым

Минниханов Қозон ва Бухоро ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновни йўлга қўйишни таклиф қилди

123
Бухоро вилояти ҳокими билан учрашувда Рустам Минниханов Қозон ва Бухоро шаҳарларини тўғридан тўғри боғловчи авиақатновни ташкил этиш таклифини билдирди.

ТОШКЕНТ, 26 фев — Sputnik. Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Қозон шаҳрида Татаристон президенти Рустам Минниханов билан учрашди. Бу ҳақда Татаристон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Татаристон ҳамда Бухоро вилоятидаги корхоналар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро етказиб берилаётган маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми ҳамда турларини кўпайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

Минниханов фаоллик билан олиб борилган ишлар натижасида 2018 йилда Татаристон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 50 фоиздан кўпроққа ўсиб, 146 млн  долларни ташкил этганини қайд этди. Ўтган йил якунларига кўра эса ўзаро савдо ҳажми 195 млн долларга етган.

Татаристон президентининг сўзларига кўра, бу борада етакчи татар компаниялари томонидан катта ишлар олиб борилмоқда. 2019 йилда Самарқандда “КАМАЗ” русумли автотранспорт воситаларини йиғиш линияси ишга туширилди. “Татнефть” ҳамда “ГМС” гуруҳи компаниялари ўзларининг лойиҳаларини амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, Рустам Минниханов Татаристон ҳамда Ўзбекистон ўртасида мунтазам авиақатнов йўлга қўйилганлигини таъкидлаб, Қозон ва Бухоро шаҳарларини тўғридан тўғри боғловчи авиақатновни ташкил этиш таклифини билдирди. Бу икки томонлама ишбилармон доираларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилиши эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Рустам Минниханов ўтган йилнинг ноябрь ойида икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Ташриф доирасида Ўзбекистон президенти билан учрашган эди.

123