Халқаро валюта фонди раҳбари Мирзиёевга мактуб йўллади

© Sputnik / Наталья Селиверстова / Медиабанкка ўтишМеждународный валютный фонд
Международный валютный фонд - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади.

ТОШКЕНТ, 20 май — Sputnik. Халқаро валюта фонди бошқарувчи директори Кристалина Георгиева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади.

Международный валютный фонд - Sputnik Ўзбекистон
ХВФ Ўзбекистонга COVID-19 билан курашиш учун 375 миллион доллар ажратди

“COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатлари бутун дунё ҳамжамиятига таъсир қилаётган бугунги фавқулодда шароитда мен мамлакатингиздаги қийинчилик ва хатарларни енгиб ўтишда Ўзбекистон халқи билан бирдам эканимни билдирмоқчиман. Вирус тарқалишига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш соҳасига харажатларни ошириш, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш борасида Сиз томондан кўрилган тезкор чора-тадбирлар инқироз таъсирини юмшатишга хизмат қилади.

Халқаро валюта фондининг Ижроия кенгаши жорий ҳафтада ушбу ғоят мушкул вазиятда Ўзбекистонга молиявий кўмак тақдим этишни маъқуллаганидан мамнунман. Ушбу ёрдам Жаҳон банки гуруҳи ва Осиё тараққиёт банкининг кўмаги билан биргаликда бугунги шароитда юзага келган молиявий эҳтиёжларни қондириш имконини беради.

Бугунги кунда Сизнинг бутун саъй-ҳаракатингиз, табиийки, коронавирус оқибатларини енгиб ўтишга қаратилган. Айни пайтда, шунга қарамай, Ўзбекистонда фаол ва очиқ бозор иқтисодиётини шакллантириш бўйича ўрта муддатли мақсадларга эришиш йўлидаги ислоҳотларингизни давом эттираётганингиз мени руҳлантиради.

Кейинги уч йил давомида Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон миқёси кенг, шу жумладан савдони, нарх шаклланиши ва валюта айирбошлаш курсини либераллаштириш, давлат молияси ва уни бошқаришдаги салоҳиятни мустаҳкамлаш, молия сектори ва ишбилармонлик муҳитини ислоҳ қилиш бўйича мисли кўрилмаган янгиланишларни бошлади.

Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал иқтисодиётга янада интеграциялашувига, янада юксак, барқарор ва инклюзив тараққиётга эришишига хизмат қилади.

Бугунги шароитда ислоҳотларни амалга ошириш йўлида мавжуд барча хатарларга қарамай, Сиз иқтисодиётни трансформация қилиш бўйича сиёсатингизни қатъий давом эттиришингизга ишонаман.

Шу муносабат билан ишонтириб айтаманки, кейинги йилларда Ўзбекистон ва ХВФ ўртасида эришилган юқори даражадаги ҳамкорликка таянган ҳолда, зарур маслаҳат ва техник кўмакни тақдим этиш, мутахассисларни тайёрлаш бўйича таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда молиявий ёрдам орқали Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёрмиз”, - дейилган мактубда.

Эслатиб ўтамиз, Халқаро валюта жамғармаси директорлар кенгаши коронавирус билан курашиш учун республикага 375 миллион доллар ажратишга қарор қилди.

Янгиликлар лентаси
0